Улуғвор ҳайбат
Ҳинд ибн Абу Ҳола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғворликлари ва ҳайбатлари ҳақида шундай деган: «У зот алайҳиссалом кўркам ва юксак ҳурмат-эҳтиром соҳиби эдилар».[1]
Али розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бехосдан йўлиққан кишини у зотнинг салобатлари босар эди».[2]
Яна бошқа бир саҳобий айтади: «Набий алайҳиссалом давраларда энг виқорли бўлиб кўринар эдилар.[3]
Бир куни у зотнинг ҳузурларига бир киши кириб келиб, ҳайбатларидан ўзини йўқотаёзди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолатни кўриб: «Хотиржам бўл», дедилар».[4]
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ҳазрати Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида шундай дейди: «Набий алайҳиссаломнинг салобатларидан ҳаяжон босиб, юзларига бемалол қарашга ботинолмаганман. Шунинг учун бирор киши мендан ул зотнинг таърифларини сўраса, тавсифлаб беришга ожизман».[5]
Ибн Абу Ҳола Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаб шундай деган: «У зот алайҳиссалом гапирганларида ҳузурларида ўтирганлар худди бошларига қуш қўнгандек жим ўтирардилар».[6]
Дарҳақиқат, саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юксак ҳайбат ва виқорлари туфайли у зотга қарашга журъат қила олмас эдилар. Шуни эътиборга олсак, Пайғамбаримиз алайҳиссаломни фақатгина ёш саҳобалар ёки пайғамбарлик келишидан олдин у зотнинг қарамоғларида тарбия топган Ҳинд ибн Абу Ҳола ва Али розияллоҳу анҳу каби саҳобалар сифатлаб берганларини кўрамиз.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган кишини улуғ ҳайбат ва виқорлари туфайли қаттиқ титроқ босар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг қўрқуви босилсин деб, юмшоқ ва мулойим муомалада бўлардилар.
Қайла бинт Мухримадан келтирилган ривоятда шундай дейилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чўккалаб ўтирганларини кўрганимда, мени ҳаяжон босди. Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, бечора аёл ҳаяжонланяпти», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқаларида турган ҳолимда, менга қарамасдан: «Эй мискина! Хотиржам бўл», дея таскин бердилар. У зот шундай деганларидан сўнг Аллоҳ таоло ичимдаги ҳаяжонни кетказди».
Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни хизматчимни ураётган эдим. Бир пайт ортимдан: «Огоҳ бўл, эй Абу Масъуд!» деган товушни эшитдим. Ғазабимдан ортимга ўгирилиб ҳам қўймай, уришда давом этавердим, кейин мени нимадир чулғаб олгандек бўлди. Шундай ортимга ўгирилиб, рўпарамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турганларини кўрдим. У зотнинг ҳайбатларидан қамчим қўлимдан тушиб кетди. У зот менга: «Аллоҳга қасамки, бу ишни қилишга сендан кўра Аллоҳ таоло ҳақлироқ», дедилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, бундан кейин ҳеч қачон бирон-бир хизматчимни урмайман», дедим».
[1] Имом Термизий ривояти.
[2] Имом Термизий ривояти («Шамоил»да).
[3] Абу Довуд ривояти (Насимур-риёз, яъни «Боғ шамоли» китоби, 2\117).
[4] Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан муъаллақ ҳолда ривоят қилган бўлса, Ибн Можа уни муттасил ҳолатда ривоят қилган (Насимур-риёз, яъни «Боғ шамоли» китоби 2\104).
[5] Имом Муслим ривояти («Саҳиҳи Муслим»даги рақами 3/127, Нававийнинг шарҳи).
[6] Имом Термизий («Шамоил»да) ҳамда Ибн Саъд ва имом Табароний ривоятлари.