Интернет тармоғининг чегара билмаслиги, сунъий йўлдош орқали эфирга узатиладиган фазовий каналларга тўсиқ қўйишнинг иложи йўқлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳозирги кунда бузғунчи ғоялардан аҳолини, хусусан ёшларни асраш учун уларда бу каби ёт ғояларга қарши маънавий иммунитетни ҳосил қилиш, интернет ва ОАВ орқали мазкур гуруҳларга асосли раддиялар бериш, соф диний таълимотларни ёшларга етказиш, уларни халқпарварлик, ватанпарварлик, миллий ва диний қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга эканлиги яққол намоён бўлади.



“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида соҳа мутахассисларини жалб этиб “Ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш ҳамда адашган оқимларга раддия бериш кўникмалари ва услублари” номли махсус курс доирасида семинар-тренинг машғулотлари олиб бориш йўлга қўйилган. 24 апрель куни мазкур махсус курс дарсини раддия бериш тизими бўйича мутахассис ҳисобланган, билим юрти Матбуот котиби Р.Ахунджанов 1-курс талабалари билан “Ижтимоий тармоқлардаги ботил тоифага раддия бериш маданияти” мавзусида олиб борди.



Р.Ахунджанов марузаси давомида талабаларга қуйидаги маълумотларни улашди: Кейинги 10-15 йил давомида дунё матбуотида энг кўп муҳокама қилиниб келинаётган масалалардан бири бу – Интернетнинг ёшлар аудиториясига қандай таъсир кўрсатаётганлиги билан боғлиқ. Инсонийлик жамияти ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, доимий равишда ривожланиш ва ўзгаришда бўлади. Йигирманчи асрнинг энг катта кашфиётларидан бири бу – халқаро тармоқ, яъни интернет бўлди, десак хато бўлмайди. Бу тармоқ қисқа йилларда телевидение, радио, газета ва журналларни ортда қолдирди. Шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, интернет ҳам илм тарқатувчи восита, шу билан бирга инсонлар барча ғаразли мақсадларида фойдаланадиган қуролга айланиб улгурди. Ана шундай ғаразли мақсаддагиларнинг тузоға илиниб қолмаслик учун сиз ёшлар қуйидагиларни ёддан чиқарманг.
– экстремистик руҳдаги сайтларга кирмаслик. Бундай сайтларнинг аломатлари: жойлаштирилган материалларда “ҳижрат” ва “жиҳод”га даъват қилиш, дунёвий ҳукумат ва тузумларни кофирликда айблаш, давлат мустақиллиги, Янги йил, Наврўз, 8-март каби байрамларни, туғилган кунни нишонлашни ҳаром деб эълон қилиш, Афғонистон, Покистон, Ироқ, Сурия каби мамлакатлардаги жангариларни мадҳ этиш;
– ижтимоий тармоқлар, турли форумларда диний мавзуда илмоқли, нозик саволлар бериб суҳбатга чорлаётган шахслар билан мулоқотдан тийилиш, дунёвий жамиятни танқид қилиб, мутаасибона диний турмуш тарзини даъват қилаётган шахслар билан умуман алоқа қилмаслик;
– электрон мессенжерлар орқали номаълум шахслардан келган диний мазмундаги даъват ва танишув ҳақидаги таклифларга жавоб бермаслик, юборилган электрон материалларни юклаб олмаслик;
– мобил телефонларга билиб-билмай мутассиблик руҳидаги нашидалар (қўшиқлар), маърузалар, суратлар, видеороликлар юклаб олмаслик ва тарқатмасик.
– Бу ҳолат аксарият ҳолларда мактаб, коллеж ўқувчилари ва институт талабалари орасида кузатилади. Мутаассиблик ва ақидапарастлик руҳидаги маълумотларни билиб-билмай юклаб олиш, сақлаш ёки уни бошқа шахсларга тарқатиш эса Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 1842-моддасига мувофиқ, шунингдек Жиноят Кодексининг 2441-моддасига кўра “Диний-экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш, шунингдек, диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш” энг кам иш ҳақининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки олти ойгача қамоқ ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгилаб қўйилган.


Машғулот давомида Р.Ахунджанов юқоридаги каби ҳозирги кундаги энг долзарб масалалар ва уларнинг ечимларига тўхталиб ўтди.
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Ғаниев





