2022 йил 20 майкуни Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударрис ва талабалари учун Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, мисрлик мотуридийшунос олим, илоҳиёт фанлари доктори Аҳмад Саъд Даманҳурий иштирокида «Мотуридий таълимотини ёритишда “Табсиротул Адилла” китобининг ўрни» мавзусида махсус курс дарси бўлиб ўтди.



Маъруза тўлиқ араб тилида олиб борилгани алоҳида эътиборга молик. Аҳмад Саъд Даманҳурий талабаларга “Табсиратул адилла” асарининг муаллифи Абул Муин Насафий ҳақида қисқача маълумот бериб ўтиб, мазкур асарни Аҳли сунна валжамоа эътиқодини турли хил ботил эътиқодлардан ҳимоясида муҳим рол ўйнагани ва ҳозирги замонда ҳам турли экстремистик оқимларга раддия беришда энг фойдали манбалардан экани ҳақида айтиб ўтди. Маърузачи Абул Муин ан-Насафийнинг «Табсират ал-адилла» асари ҳақида кўплаб олимлар ўзларининг яхши фикрларини билдирган экани ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. У ҳатто алломанинг замондошлари ҳам бу асарга юксак баҳо берганлар. Шундай алломалардан бири Абул Муин ан-Насафийнинг замондоши ва шогирди Нуруддин асСобуний (в. 580/1184 й.) Фахруддин ар-Розий билан қилган муноқашасида : «Насафийнинг «Табсират ал-адилла» асарини ўқиб чиққанимда тадқиқ ва таҳқиқда унга тенг келадиган бирор асар йўқлигига ишончим комил бўлди» деб айтганини ҳамда «Тавҳид» асарининг ношири Фатҳуллоҳ Хулайф «Табсира»ни мотуридия калом мактабидаги «Тавҳид»дан кейинги асосий манба деб ҳисоблагани ҳақида манбалардан келтириб ўтди.



Маърузачи «Табсират ал-адилла» асари мотуридия таълимоти ва ушбу мазҳаб вакилларнинг илмий-маънавий мерослари ҳақида кўплаб хабарлар мужассам бўлган ғоятда муҳим манба ҳисобланишлиги, тадқиқотлар натижасида Абул Муин ан-Насафий “Табсират ал-адилла” асарини 500/1106 йили Рабиъ ас-соний ойининг олтинчи куни (4 декабрь), пайшанба, аср вақтида Бухорода ёзиб тугатгани аниқланганлиги ҳақида айтиб ўтди.
Йиғилиш охирида мударрис ва талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига Аҳмад Саъд Даманҳурий жавоб бердилар.

Мажлисга йиғилганлар маърузада кўплаб долзарб ва қизиқарли маълумотлар билан бирга, ўзларининг араб тилидан синхрон таржима қилиш ҳамда сўзлашиш кўникмаларини ҳам бойитиб чиқдилар
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати






