“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида 11 декабр куни билим юрти мудир ўринбосарлари, гуруҳ раҳбарлари ва талабалар иштирокида “Марказий Осиёдаги барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солаётган экстремистик ва террорчи ташкилотлар, уларнинг фаолият услублари” мавзусида тадбир ташкил этилди. Тадбирга Ўзбекистон Халқаро ислом академияси илмий ходими, Тошкент ислом институти мутахассиси Жахонгир Мелиқўзиев таклиф этилди.
Тадбирни кириш сўзи билан билим юрти мудир ўринбосари А.Ғаниев очиб берди, мавзу юзасидан ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдирди ва сўз навбатини маърузачи Ж.Мелиқўзиевга берди.
Маърузачи ўз маърузасида кейинги йилларда дунёнинг турли нуқталарида, хусусан, мусулмон мамлакатларида экстремистик ва террористик ташкилотлар фаолиятининг кучайиши кузатилаётганлиги, мутаассиб кучлар томонидан муқаддас ислом дини таълимотини сохталаштириш ва ғаразли манфаатлари йўлида оғир жиноятлар содир этилаётганлиги айтиб ўтилди. Мусулмон дунёсида сиёсий ҳокимиятни эгаллаш мақсадида ислом динидан ниқоб сифатида фойдаланган ақидапараст оқимларнинг вужудга келиши шарт-шароитлари, сохта диний даъволари, молиявий манбаалари ҳамда жиноий фаолияти ҳақида таҳлилий маълумотлар, мусулмон мамлакатларида экстремизм ва терроризмга қарши кураш тажрибаси, муқаддас матнлар, фатволар ҳамда турли даврларда ижод қилган етук исломшунос олим ва уламоларнинг асарларида мутаассиб ғояларнинг фош этилиши ҳақида маълумотлар берилди.
Ҳозирги кунда фаолият юритаётган экстремистик ташкилотларнинг Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон учун туғдираётган таҳдидлари, ғайриисломий даъволари ва бузғунчилик фаолияти, Ўзбекистоннинг экстремизм ва терроризмга қарши кураш борасида олиб бораётган қатъий сиёсатининг моҳияти ва ҳуқуқий асослари, ақидапараст оқимларнинг бузғунчи фаолиятига қарши маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш масалалари алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, мударрислар ва талабаларни интернет тармоғидан фойдаланишда огоҳликка чақириб, ҳар хил турдаги ишончсиз, нохолис маълумотлардан фойдаланмаслик, тавсия этилмаган веб-сайтлардан умуман фойдаланмасликлари қатъий айтиб ўтилди. Талабаларнинг олдида турган энг муҳим вазифа – бу илм, таълим олишга эътибор қаратиш лозимлигини яна бир бор эслатиб ўтилди.
Ушбу давра суҳбати билим юртида таҳсил олаётган талабаларни турли ақидапараст оқимларнинг сохта диний ғоялари ва жамият манфаатларига зид фаолияти ҳақида чуқур билимларга, экстремистик ва террористик гуруҳларнинг жиноий моҳият-мазмунини соф исломий далиллар асосида фош этиш кўникмасига эга бўлишлигида манфаатли тадбирлардан бўлди.
Тадбир сўнггида берилган саволларга мутахассис Ж.Мелиқўзиев жавоб берди.



“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
матбуот хизмати





