Бир танишим Россияда хизмат сафари билан юрганида бир воқеа бўлиб ўтгани хақида сўзлаб, шундай деди: “Мен уста шерикларим билан бирга Россиянинг чекка ҳудудларидаги бир қишлоқда христиан динидаги бир кишининг уйини қуриб берганмиз. Уй эгасининг ёши тахминан қирқларда бўлиб, фарзандлари ҳам кўп эди. Ҳар якшанба куни болалари билан черковга кетар, ибодатларини давомий қилиб борарди. Уйини қуришимиз жараёнида бош устамиз сигарет чекар, биз эса бир-биримиз билан тортишиб, жанжаллашиб турардик. Бу ҳолатимизни таажжуб билан кузатиб юрган уй эгаси бир куни шундай деб қолди: “Ахир мусулмонсизлар-ку! Намоз ҳам ўқир экансизлар. Аммо мен ҳайратдаман. Асл мусулмоннинг ичи ҳам, ташқариси ҳам соф, барча ҳолатда самимий бўлади, деб эшитганман. Сизлар эса, бир-бирларингизга қўпол гапларни гапирасизлар, бунинг устига сигарет ҳам чекар экансизлар. Қалбингиз пок бўлмаса, қилаётган ибодатингиз қандай мукаммал бўлсин?!”. Унинг бу гапини эшитиб, ҳеч нарса дея олмай қолдик”.
Ҳа, бунга ўхшаш воқеалар бугунги кунда кўп учраб туради. Имомларимиздан неча маротаба ҳалиги христианнинг танишим ва унинг шерикларига берган танбеҳига ўхшаш гапларни эшитамиз, китобларда ўқиймиз. “Шундай экан, бундай экан”, дея таъсирлангандай бўламиз-у, амалга келганда бепарво бўлаверамиз. Аммо, мусулмоннинг мусулмон бўлмаган кимсадан бу каби танбеҳни эшитиши кишига алам қилади. Ахир мусулмон ўзининг чиройли хулқи билан бошқаларга ўрнак бўлиши керак эмасми?
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Бирортангиз ўз мусулмонлигини гўзал этса, қиладиган ҳар бир яхшилиги унга ўн баробардан етти юз баробаригача ёзилади, қилган ҳар бир ёмонлиги эса ўз баробарича ёзилади”.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
3-“А” курс талабаси Зокиров Исроил






