Нафс тарбияси энг ҳассос мавзулардан бири ҳисобланади. Бу мавзуда кўплаб олимлар, тариқат машойихлари сўз юритганлар, қатор китоблар ва рисолалар битганлар.
Дарҳақиқат, нафсга бўйсунмасликда инсон учун жуда кўп яхшиликлар, баракалар бор. Унга эргашиш эса ёмонликларнинг пойдевори ҳисобланади. Шу кунгача ўтган солиҳ бандалар барча яхшиликларнинг асоси нафсни тарбия қилиш, барча ёмонликларнинг асоси эса унга тобе бўлишда эканлигини таъкидлаганлар.
Нафсига эргашмай, уни тарбиялаган киши ютуққа, муваффақиятга етишади. Унга фақат гумроҳ кимсаларгина эргашадилар.
«Ҳақиқатда, ким у (нафс)ни покласа, ютуққа эришади». (Шамс сураси, 9 – оят).
«…Ўз ҳавои нафсига эргашган кишидан кўра адашганроқ кимса борми?!». (Қасос сураси 50 – оят).
Донишманд халқимиз «Менинг нафсим балодир. Ўтдан чўққа солодир» деб ҳам бежиз айтмаган.
Нафсни поклаш ва уни тарбиялаш учун эса унинг айбларини билиш лозим.
Аллоҳ таоло бир бандасини яхшилик билан сийламоқчи бўлса, унга нафсининг айбларини кўрсатиб қўяди. Кимнинг ботин кўзи очиқ бўлса, айблари унга хавф сололмайди. Аммо аксар халқ биродарининг кўзига заррача гард тушса, дарров кўради, ўзининг айбларидан, кўзларига қамалган улкан «ғам»дан эса бехабар. Кимки, нафсидаги айбларни билмоқчи бўлса, бунинг тўртта йўли бор.
Биринчиси, нафс айбларидан хабардор, ундан етадиган яширин офатлардан огоҳ устознинг ҳузурида бўлиш. Бунда шогирд устозни нафсига ҳакам қилади, нафс билан курашда у зотнинг кўрсатмасига тўла эргашади. Бу шогирд билан устоз ўртасидаги муомаладир. Зеро, устоз шогирдининг нафсидаги айбларини ва уларнинг муолажа йўлини яхши билади.
Иккинчиси, ҳақиқий содиқ, зийрак ва диёнатли дўст танламоқ. Гўё бу дўст унинг нафси устидан кузатувчи вазифасини ўтайди. Шунда у дўстининг танбеҳу маслаҳатларига қараб ўзининг аҳволу феълларидан, зоҳиру ботин хулқларидан огоҳ бўлади. Улуғларимиз шундай йўл тутардилар.
Умар розияллоҳу анҳу дердилар: “Айбларимни менга хадя қилган кишига Аллоҳ раҳматини ёғдирсин”.
Довуд Тоий нима учун одамлардан узлат қилган эди? Ундан сўралди:
— Нега одамларга аралашмайсиз?
— Айбларимни мендан яширадиган қавм билан нима ҳам қила олардим, деб жавоб берди Довуд Тоий.
Демак, ўтган улуғларимиз ўзгаларга танбеҳ бериш билан ўз айбларига эътиборини қаратиш йўлидан борган.
Афсус, биз ёмон хулқимиздан огоҳ этган кишидан хурсанд бўлмаймиз, тезда бу ёмон хулқдан қутулишга ҳаракат қилмаймиз. Балки, насиҳат қилувчига: “Ўзинг ҳам фалон-фалон ишларни қилардингку!» деб таъна ёғдирамиз. Бу қалбимиз қотганлигидан далолат, қотган қалбда эса фақат гуноҳлар «кўкаради», гуноҳлар «мева беради».
Учинчиси, нафсининг айбларидан душманининг тили орқали воқиф бўлмоқ. Негаки, ёмонлик ёмонликни намоён қилади, яъни душманинг оғзидан чиқаётган ёмон сўзлар сендаги ёмон хулқ, ёмон феълни сўзлаётган бўлса, не ажаб! Балки, айбларингни яшириб, мақтову олқишларга кўмган айёр дўстдан, ҳар бир сўзи нафратга тўла душманинг сен учун манфаатлироқдир. Гарчи табиатинг уни ёлғончиликда, ҳасадгўйликда айблашга мойил бўлсада. Аммо, ботин кўзи очиқ киши ҳатто душманнинг сўзида ҳам фойда борлигини кўради.
Тўртинчиси, одамларга аралашмоқ, яъни халқ ичида бўлмоқ. Киши одамлар орасида бўлиб, улардан бирон ёмон феъл содир бўлганини кўрса, ўз нафсидан ҳам шу феълни изласин, ўзида ҳам шу хулқ бор, деб эътибор этсин. Чунки, мўмин мўминнинг кўзгуси, бошқанинг айби орқали ўзининг айбларини танийди, дунё муҳаббатига тобеликда табиатлар бир-бирига яқин эканлигини билади. Айни баробар нарсалар ҳеч қачон асл жиҳатидан бир-биридан фарқланмайди.
Шундай экан, нафсимизни тергамоқни одат қилмоғимиз. Ёмон кўрилган нарсалардан уни поклаб, танбеҳлар билан уни ёмонликдан қайтармоғимиз лозим. Агар инсонлар бошқалар томонидан ёмон деб топилган нарсаларнинг барчасини тарк қилишганида эди, танбеҳ берувчига ҳожатлари қолмасди.
Солиев Шукрулло,
4-курс талабаси






