Илм талаб қилиш қандай фазилатли бўлса, уни доимий такрорлаш ва мустаҳкамлаш яна ҳам фазилатлироқ. Зеро, меҳнат ва машаққатлар ила таҳсил қилинган илмни эсдан чиқариш энг катта гуноҳлардан биридир. Илмни эсдан чиқиш илмнинг офати, унинг даъвоси такрорлаш ва яна такрорлаш билан бўлади.
Имом Фахрул Ислом Қозихон раҳматуллоҳ алайҳ: “Фаҳиҳ бўлувчи инсон фиқҳ илмда бир матнни ёд олиши ва уни доимий такрорлаши лозим. Шундай қилган вақтда эшитган фиқҳий масалани ёдда сақлаш осон бўлади”, дейдилар. Имом Қозихон раҳматуллоҳ алайҳнинг бу гаплари илмни такрорлашда ниҳоятда аҳамиятли. Илм ёд олиш ва уни такрорлаш илмнинг калити бўлади. Шунинг учун устозлар олим бўлиш учун ҳар бир фандан бир нусха матнни ёд олишни тавсия қиладилар.
Илмни такрорлаш биз олдин ўтган илм аҳлининг доимий одати бўлган, улар бу ишда бизга намуна бўлганлар. Улар ҳар бир янги дарсни юз мартадан такрорлаганлар. Бир ҳикматда “Дарс битта ва унинг такрори мингта”, дейилади. Агар илм ўрганувчи ўтган дарсни бир марта кўз ташлаб қўйиш билан кифояланса, умуман ўқимаган тенг бўлади.
Маълум бир китоб такрор ўқиган вақтда ҳар доим янги илм ҳосил бўлади. Имом Музаний раҳматуллоҳ алайҳ айтади: “Мен устозим Муҳаммад Идрис Шофиъий раҳматуллоҳ алайҳнинг “Ар-Рисола” китобини беш юз марта ўқидим. Ҳар сафар ўқиганимда ундан янги манфаат олдим”, дейдилар. Яна шу нарса тушиниб етишимиз керакки, бир китоб яхши тушинган ҳолда ёд олиш бир неча китобларни тушиниб-тушинмай ўқигандан кўра афзал бўлади.
Илмни такрорлаш инсон учун эслатма, панд-насиҳат бўлади. Чунки, такрорлаш лозим бўлган илм аввало Аллоҳ таолонинг каломи бўлади. Қуръони каримнинг ҳар бир ояти ўқувчилар доимий панд-насиҳатдир. Шунингдек, ҳадиси шариф ва бошқа фанларни такрорлашда ҳам эслатмалар бор. Инсон билган, зеҳнида сақланган илмига амал қилади.
Илмни такрорлаш билан яна қайта илмнинг ажри ва савобини қўлга киритиш бор. Аллоҳ таоло инсонларнинг нияти ва қилган амаллари ўз фазли билан қайта-қайта савоб беради. Аллоҳ таоло ажр-савобларимиз кўпайтирсин ва илмимизга амал қилиш тавфиқини берсин!
Жалолиддин Холмўминов, “Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти мударриси






