Динни холис қилишга буюрган ва ихлосни суюкли бандалари қалбларига жойлаб қўйган ҳамда уни амалларнинг қабул бўлиши учун асос қилиб қўйган Аллоҳ азза ва жаллага комил ва беҳисоб ҳамд-у санолар бўлсин. Ихлосни таълим берган ва риёнинг офатларидан огоҳлантирган Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга, аҳли оилаларига ва асҳоби киромларига ҳамда қиёмат кунига қадар уларга яхшилик билан ергашувчиларга комил ва шомил саловат-у саломлар бўлсин.
Азиз биродарларим! Муқаддас динимизда ихлоснинг ўрни ғоят беқиёсдир. Ихлос авваламбор пок шариатимизнинг асоси, қолаверса набийларнинг умумий даъвати ва суннатидир. Қуръони каримда бу ҳақида шундай марҳамат қилинади: “Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилиша, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка, намозни тўлиқ ўқишга, закот беришга буюрилган едилар. Ана шу тўғри(миллат)нинг динидир.(Баййина сураси 5-оят). Ояти каримада лафз аҳли китобларга қаратилган бўлсада ундаги ибратдан биз ҳам четда қолмаймиз. Яъни, ояти каримада яҳудийлар ва насронийлардан иборат аҳли китоблар зикр қилинган кўрсатмаларга амр қилинган бўлсаларда бу илоҳий амр биз мусулмонларга ҳам тааллуқлидир. Ояти кариманинг сўнгги қисмидаги “Ана шу тўғри (миллат)нинг динидир.” лафзи шунга ишора қилади. Тўғри миллатдан мурод ислом миллатидир. Демак Аллоҳнинг динини холис қилиш, бидъат- хурофотлардан сақлаш, ундаги ибодатларни ширк, риё ва ҳар турлик иллатлардан покиза ҳолатда адо қилиш ислом миллатининг хусусияти экан. Шундай экан исломни дин деб рози бўлган ҳар бир киши Аллоҳнинг динига ихлос қилиши лозимдир. Aллоҳ таолонинг динига ихлос қилиш фақат Аллоҳ таолонинг Ўзини кўзлаб, розилигини ўйлаб иш қилишдан иборатдир. Ихлос ибодатнинг мағзидир. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло:
“Мен ширкдан беҳожатларнинг беҳожатиман. Бас, ким бир амал қилса-ю, унда Мендан бошқани ширк келтирса, Мен уни ҳам, ширкини ҳам тарк қилурман”, деган. (Имом Муслим ривоят қилган)
Ихлосни набийларнинг умумий даъвати ва суннати эканлигига келсак барча росуллар умматларини холис Аллоҳ таологагина ибодат қилишга даъват қилишган ва даъватларини холис Аллоҳ учун адо этишган. Бу ҳақида шуаъро сурасида баён қилинган. Унда Нуҳ алайҳиссалом,Ҳуд алайҳиссалом,Солиҳ алайҳиссалом,Лут алайҳиссалом, Шуайб алайҳиссалом умумий даъват остида бирлашадилар. Бу даъват қуйидагича: “Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар. Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина Роббул Оламийннинг зиммасидадир.” (Шуаро сураси 109-оят)
Дарҳақиқат ихлос мавзуси асрлар ўтса ҳам аҳамиятини ёқотмайдиган, то қиёмат кунига қадар ўта муҳим ва долзарб бўлган мавзудир. Сабаби бу имтиҳон диёрида Аллоҳ таолога холис ибодат қилиш ҳаётимизнинг бош мақсадидир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиши учун яратдим.” (Зарият сураси 56-оят)
Ибодат қилганда ҳам ихлос ила ибодат қилиш лозимдир. Аллоҳ таоло Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали биз бандаларига шундай амр қилди: “Албатта, Биз сенга китобни ҳақ ила нозил қилдик. Бас, сен Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингда ибодат ет.(2) Огоҳ бўлингким, холис дин Аллоҳникидир(3).” (Зумар сураси 2, 3-оятлар)
Ибн Касир роҳматуллоҳи алайҳи бу оят тафсирларида шундай зикр қиладилар: “Яъни, шериги бўлмаган Аллоҳнинг ёлғиз ўзига ибодат қил. Халқни ҳам шунга даъват эт ва уларга ибодат фақат Унинг ёлғиз ўзи учунгина дуруст бўлишини, унга шерик ҳам, ўхшаши ҳам, тенг келадиган ҳам йўқ еканини ҳам билдириб қўй. Амаллардан фақат амал килувчи шериги бўлмаган Аллоҳнинг ёлғиз ўзига ихлос қилганигина қабул қилинади.”
Бундан маълум бўладики барчамиз холис амаллар қилишга мукаллафмиз ва муҳтожмиз.
Аллоҳ таоло барчамизни охиратимиз учун холис амалларни тақдим қилишимизга ва ҳузурига саломат қалб билан етиб олишимизга муваффақ қилсин. Амин!
“Кўқалдош” ўрта махсус ислом билим
юрти талабаси Обидов Қосимжон таййорлади.