عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: أَخَذَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِمَنْكِبَيَّ فَقَالَ: «كُنْ فِي الدُّنْيَا كَأَنَّكَ غَرِيبٌ، أَوْ عَابِرُ سَبِيلٍ».
وَكَانَ ابْنُ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا يَقُولُ: إِذَا أَمْسَيْتَ فَلا تَنْتَظِرِ الصَّبَاحَ، وَإِذَا أَصْبَحْتَ فَلا تَنْتَظِرِ الْمَسَاءَ، وَخُذْ مِنْ صِحَّتِكَ لِمَرَضِكَ، وَمِنْ حَيَاتِكَ لِمَوْتِكَ. (رواه البخاري).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки елкамдан тутиб дедилар: “Дунёда бир ғариб ёки йўловчидек бўлгин”.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтардилар: “Кун ботса, тонгни кутма. Тонг кирса, кеч бўлишини кутма. Касалликдан олдин соғлигингни, ўлимингдан олдин ҳаётингни ғанимат бил”.
(Имом Бухорий ривояти).
Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида
Ушбу ҳадиси шариф ўзида улкан хайр ва етук мавъизаларни жамлаган қадри улуғ, фойдаси мўл ҳадисдир. Дунёга берилмаслик бобида уни асос қилиб олмоқ лозим. Мўмин киши ҳеч қачон бу фоний дунёни ўзига боқий ватан деб билиб, Охират ҳаракатидан тўхтаб қолмайди. У дунёда бир ғариб мусофирдек яшайди. Ҳамма нарсасини бот-бот кўздан кечириб, ваъда қилинган Кун сафарига ҳозирланади. Зеро, Қиёматда кишига на моли ва на фарзандлари фойда бера олади. У кун фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом қалб билан келганларгина нажот топади.
Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1. Мураббий пайғамбар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари учун беназир муаллим ва мураббий эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим-тарбияларида мураббий ва муаллимлар учун қўлланма вазифасини ўтайдиган мисоллар талайгина. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим‑тарбия бериш фурсатини қўлдан чиқармас эдилар. Асҳобларига айтмоқчи бўлган сўзларини чиройли ва содда баён қилардилар. Маъноларни мисоллар орқали улар кўз ўнгида яққол гавдалантирардилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вақти-вақти билан асҳобларига мавъизалар қилиб турардилар. Уларга ўзлари энг муҳтож бўлган нарсалари ҳақида ва ақл-идрокларига муносиб тарзда гапирардилар. Уларнинг тўғри амалларини кўрсалар тасдиқлаб, хатоларини сезсалар тўғрилар эдилар. Ушбу дарсларнинг барчаси сабр, такрор ва гўзал намуна орқали уқтириларди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмоқчи бўлган сўзларининг муҳимлигини таъкидлаб ва айни ҳикматнинг суҳбатдошлари қалбига кириб ўрнашишини истаётганликларини унга ҳис қилдириб, қуйидагича иш кўрдилар: Абдуллоҳ ибн Умарнинг елкаларидан тутиб сўз бошладилар.
2. Дунё фоний, Охират эса боқийдир.
Инсон бу дунёда Аллоҳ таоло белгилаган муҳлат миқдорича яшаб, сўнг бир кун ўлим таъмини тотади. “Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир”. (Оли Имрон, 185-оят). “Шак-шубҳасиз сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар ҳам ўлгувчидирлар”. (Зумар сураси, 30-оят).
Банда қачон ва қаерда жон беришини ҳам билмайди. “Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас”. (Луқмон сураси, 34-оят).
Биз қанчалик узоқ яшамайлик, барибир бир кун бу дунёни ташлаб кетамиз. Айни ҳақиқатни ҳар куни кўриб, ҳар соат ҳис қилиб турамиз. Сўнг боқий, ниҳоясиз, мангу ҳаётга – Охират ҳаётига кўчиб ўтамиз. Аввал Аллоҳ таоло бутун инсониятни тирилтириб, Уларни амалларига қараб ҳисоб-китоб қилади. Инсонларни тақводорлар учун ҳозирлаб қўйилган, кенглиги осмонлару ер қадар бўлган боқий жаннат ёки кофирларга тайёрлаб қўйилган, ўтини одамлару тошлар бўлган жаҳаннам кутади. Кофирлар дўзах ўтидан қочиб қутила олмаслар.
Мана шу ҳаёти дунё билан алданган, бор-йўғини ўткинчи кунларга бағишлаб, Охиратни унутганлардан фарқли равишда оқил мўмин Охиратда ҳосилини йиғиб олиш учун ҳаёти давомида яхши амаллар уруғини сочади. У жаҳаннам чоҳи устига тортилган нажот йўлидан эсон-омон ўтиб олиш учун дунёни тўғри восита қилади.
Барча Пайғамбарлар ва уларнинг издошлари юқоридаги ҳақиқатни такрор-такрор васият қилганлар. Фиръавн қавми орасида иймонини яшириб юрган мўмин сўзига қулоқ беринг-а: “Эй қавмим, бу ҳаёти дунё фақат бир матодир. Албатта Охиратгина қароргоҳ бўлган диёрдир”. (Ғофир сураси, 39-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мен билан дунё ўртасида нима бўлиши мумкин?! Мен билан дунёнинг мисоли дарахт соясида ухлаб олиб, сўнг уни тарк қилиб жўнаган отлиққа ўхшайди”. (Термизий ривояти).
Давоми бор…
Асадулло Холмуродов
«Кўкалдош» ўрта-махсус ислом билим юрти мударриси