Сохта салафий (ваҳҳобий)ларнинг аксарияти яқинлари (онаси, боласи ёки ака-укаси каби қариндошлари) вафот этганда кўз ёш тўкиб йиғламаслиги ҳақида биласизми?! Улар бу ҳолатларини эркакликнинг чўққиси, диндорликнинг энг юқори намунаси ва сабрни намойиш қилиш деб изоҳлайдилар.
Улар бу ишлари билан гўё Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам афзалроқ ва яхшироқ ишни қилмоқчи бўладилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғиллари Иброҳимни вафоти сабабидан йиғлаган ва “Албатта, кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади, лекин биз Роббимизни рози қиладиган нарсанигина айтамиз. Эй Иброҳим, биз сени йўқотганимиз учун маҳзунмиз”, деган эдилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Сохта салафийларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг Ҳамза розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганлари сабабли кўз ёш тўкиб йиғлаганларидан хабарлари бормикан!?
Ёки уларнинг иймонлари Яъқуб алайҳиссаломнинг иймонидан ҳам кучлироқми? У зот алайҳиссаломнинг кўзлари ўғиллари Юсуф алайҳиссаломдан айрилиб қолгани ва ғам-аламдан кўз ёши қилганидан кўрмай қолди. Аллоҳ таоло Ўз каломида ушбу қиссани баён қилиб айтади: “Ғам-алам ютавериб унинг кўзлари оқарди (ожиз бўлиб қолди)” Юсуф сураси-84-оят.
Бу ботил фирқа вакиллардан бирининг онаси вафот этиб қолса, тилсиз-гунг, тош ҳайкалдек қотган ҳолатда кўришингиз мумкин. Унинг кўзидан бир томчи ёш оқмаганини кўрган атрофдаги фирқадошлари унинг бу ишига қойил қолиб ҳайратда турадилар. Улар қалбнинг қаттиқлиги Бани Исроилнинг сифати эканини билишармикин, зеро Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 74-оятида : “Бас, у диллар тош кабидир ёки ундан-да қаттиқроқдир. Зеро, шундай тошлар борки, улардан дарёлар отилиб чиқади, яна шундайлари борки, ёрилиб, ичидан сув чиқади, яна шундайлари ҳам борки, Аллоҳдан қўрққанидан пастга қулайди”.
Аллоҳ таолодан қалбларимизни бу каби қаттиқ қилиб қўйишидан паноҳ сўраймиз!
Рустам Охунжонов, Кўкалдош ЎМИБЮ матбуот котиби






