Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Бизларни йўқдан бор қилган, бизларни мусулмонлардан қилиб яратган ҳақ зот Роббимиз Аллоҳ таъалога беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсин. Бизга ҳақ динни, мукаммал шариатни, бенуқсон китобни олиб келган жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо солаллоҳу алайҳи вассаламга мукаммал саловату саломларимиз бўлсин .
Алҳамдулиллаҳ, биз ойларнинг султони бўлмиш Рамазони шариф ойидамиз. Саҳобалар рамазондан кейинги олти ойни рамазонимни қабул айлагин деб дуо билан ўтказишар эканлар, кейинги ойларни эса рамазонга етказ деб дуо қилишар экан. Бунинг сабаби не? Бу ойда Расулуллоҳ алайҳи салам пайғамбар бўлдилар, бу ойда Қуръони Карим нозил бўлди.
Рамазон сўзи арабча “рамз” сўзидан олинган бўлиб , “куйдириш” деган маънони билдиради. Хўш нега айнан бундaй ном? Уламолардан баъзилари бу ой исломдан олдин номланган ва бу жазирама пайтига тўғри келгани учун дейишса, бошқалари бу ойда гуноҳлар мағфират қилиниб, куйдириб юборилгани учун шундай ном олган дейишади.
Рамазон рўзаси ҳижратнинг еттинчи йилида, шаъбон ойида фарз қилинди.
Энди эса асосий мавзуга ўтсак:
Рамазонда қандай кун тартиби энг афзал?
Орамизда кўпчилик бу ойни қандай ўтказиш борасида режалар муаммоси бор. Келинглар, мен сизларга устозлардан ўрганганларимдан келиб чиқиб, айрим тавсияларимни айтиб ўтсам.
Тавсия
Эрталаб саҳарликка бир соат олдин туриб таҳажжуд намозини ўқиш;
Саҳарлик одобини сақлаш: меъёрдан ортиқ овқат еб, кун давомида қийналиб қолмаслик;
Сўнгра бомдод намозини ўқиш;
Жуда муҳим тавсиялардан бири, бу – бомдоддан кейин ухламаслик;
Сабаби, бундай уйқу ризқдан тўсади. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам баракани эрта тонгда берилишини сўраб дуо қилар эканлар. Эрта тонг баракаси фазлидан бутун куннинг ишини қилишга улгурса бўларкан (Субҳаналлоҳ);
Киши ўзига вазифа қўйиши керак. Масалан: бугун Аллоҳга беш юзта саловат айтаман деб;
Куннинг катта қисмини уйқуда ўтказишдан сақланиш;
Намозларни тўлиқ адо этиш. “Намоз, закот ва рўза бир бутундир. Рўза тутиш, бу намозни тарк қилиш керак дегани эмас”. (Мубашшир Аҳмад домланинг сўзлари);
Ифторлик одобларига риоя қилиш, яъни оғиз очилгач, намозда овқатга хаёл кетмайдиган даражада тоамланиш ва шомни ўқиш;
Таровеҳ намозини ўқиш. Манбаъларда келишича, таровеҳ намозида ҳар бир эшитилган ҳарфга юзта савоб, ўтириб эшитган кишига эса ўнта савоб берилар экан, иншаа Аллоҳ;
***
Шу ўринда бир манбадан ўқиганим ибратли ҳикоятни сизга илинмоқчиман.
Бир неча йигит рамазон кунлари бир отахонни одамлардан четда таом еб ўтирганини кўриб қолишибди-да:
– Ие, отахон, сиз рўзадор эмасмисиз! – дейишибди ажабланиб.
– Албатта рўзадорман. Фақат таом еб, сув ичмоқдаман, холос, – дебди қария.
Йигитлар қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборишибди:
– Ростанданми, отахон, қандай қилиб?
Отахон уларга кулимсираб қарабди-да, шундай дебди:
– Кимсага ёмон назар ташламайман;
Бировни молига кўз олайтирмайман;
Инсонларни ғийбат қилмаймайман;
Ҳеч кимни кўнглига озор бермайман;
Одамларга қўпол муомала қилмайман;
Бировни мазах қилмайман;
Лекин… минг афсуски, ёшим улуғ, ошқозоним касал. Шунга меъдамни рўзадор қилолмаяпман…
Отахон шундай дебди-да, кейин йигитларнинг ўзидан сўрабди:
– Сиз-чи, сизлар ҳам рўзадормисилар, болаларим?
Йигитлар бош эгиб қолишибди-да, биттаси хижолатли оҳангда оҳиста жавоб берибди:
– Йўқ! Биз фақат овқат емаяпмиз, холос…
Азиз қадрдоним! Сизчи… Сиз рўзадормисиз?!
(Манба: “Нишонга урилган сўзлар” т/канали)
Элдор Абдурасулов, 101-гуруҳ талабаси
(Кўкалдош мадрасаси мақолалар танлови учун.)






