22 февраль куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасида “Қуръони Карим ва тажвид” ўқув курслари тингловчилари учун давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбатини юқори савияда олиб бориш мақсадида “Сузук ота” жомеъ масжиди имом-ҳатиби, кўплаб қориларга таҳсил берган устоз Айюбхон домла Сўпиев таклиф этилди.

Давра суҳбати давомида устоз Айюбхон домла Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг каломи экани, унинг фазилати ва уни ўқиб, таҳсил олган киши кўплаб савобларга эришиши ҳақида сўзлаб қуйидаги гапларни келтирдилар: Аллоҳ таоло Қуръони каримни бизларга ҳидоят манбаи қилиб берган. У муборак китоб инсон умрининг таваллуд босқичидан тортиб, то поёнига қадар келиб чиқадиган барча эҳтиёжларига жавоб берувчи, мавжуд муаммоларнинг адолатли ва муфассал ҳал қилинишига йўл кўрсатувчи, ҳар замон ва ҳар маконда дастурул амал бўлгувчи ягона илоҳий китобдир. Қуръони карим Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассалламга Худои таборак ва таоло томонидан ато этилган мўъжизаларнинг энг буюги бўлиши билан бирга, уни ўқиб, сўнгра уқиб, унга амал қилганларни икки дунё саодатига етакловчи манбадир.



Давра суҳбати сўнгида иштирокчилар томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар берилди ва уларга Қуръон ёдлашдаги сир-синоатлар таъкидлаб ўтилди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
матбуот хизмати






