“Аҳли сунна вал жамоъа Абул Ҳасан Ашъарий,
Абу Мансур Мотурудий эътиқодидан бошқа йўналишлар
фосид ва адашган тоифалардир”
Ибн Ҳажар Асқалоний р. ҳ[1]:
Абу Мансур Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик йўналишлардан бири бўлмиш Мотуридия асосчиларидан ҳисобланади. Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандий дунёга келган аниқ санаси тарихий манбаларда учрамайди. Аммо, баъзи тарихчилар 233-247 ҳ. йиллар оралиғида халифа Мутаваккил даврида дунёга келган дейди. Тахминий ҳисобга кўра устози 268 ҳ. Нусайр ибн Яҳё Балхийдан 20 ёшларида илм олган бўлса демак, 248 ҳ (870 м.) йилда дунёга келганлар. Мотуридий Самарқандда 333 ҳ. (945) йилда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза деган қабристонга кўмилган. Бобоси Абу Айюб Ансорий р.а. ҳисобланади[2]. Буюк олим асли Самарқанднинг Мотурид қишлоғидан (ҳозирги Жонбой раёнида жойлашган) бўлниб, унинг тахаллуси шу қишлоққа нисбатан олингандир. Дунёдаги мусулмонларнинг салкам 50% Мотуридийлик йўналишидадир[3].
Абу Мансур Мотуридий дастлабки таълимни шу қишлоқда олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган, баъзи манбаларда унинг Самарқанддаги ал-Аёзий мадрасасида таълимни давом эттиради. Мотуридий яшаган вақт Сомонийлар ҳукмронлик қилган даврга тўғри келади. Самарқанд дастлаб бу давлатнинг бошқарув жойи бўлиб, сўнгра IХ асрнинг охиридан бошлаб пойтахт Бухорога кўчирилди. Бироқ ўша вақтда ҳам Самарқанд Бухоро билан бир қаторда Мовароуннаҳрнинг иқтисодий-маданий маркази бўлиб қолаверади. Демак, Имом шарқнинг илмий марказида таълим ишларини олиб борган ва ҳар хил ақийдавий фирқалар ўзаро тортишиб турган бир пайтда яшаб, илм-маърифат тарқатган.
Профессор Муҳаммад “Моликий ва Шофеъийларнинг имоми Абу Мусо Ашъарий авлодларидан бўлган Абул Ҳасан Ашъарий ҳисобланади. Ҳанафийлар имоми Имом Мотуридий ҳисобланади. Мотуридий ва Ашъарий ҳақ йўлдаги имомлар. Ҳанбалийлар ҳам шу эътиқод негизидадир ”[4].
Мотуридий фиқҳ ва калом масалалари билан қизиқиб, Ҳанафий мазҳаби олимларидан дарс олиш билан ўз билимини оширади. Шу вақт давомида кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар қилган. Эътибор бериладиган бўлса, имом Абу Мансур Мотуридий устозлар силсиласи орқали имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадга етиб борадилар.
Ушбу машҳур олимлар ўз шогирдларига асосан имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг китобларидан дарс берар, “Фиқҳул акбар”, “Рисола” ва бошқа китобларни чуқур ўргатишар эди.
Давоми бор…..
Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси магистранти Мадаипов Аҳрорбек
[1] Муаллифлар жамоъаси. Ал-Мавсуаътул фиқҳия Кувйтия. 1- октябръ 2016
[2] Камолиддин Баёзий. Ишоратул маром. Дор Кутуб илмия. 2007. –Б. 245.
“Имом Мотурудий”. Иттиҳод газетаси.7 август. 2016 й..
[3] Профессор Бакр Тўбол ўғли. Китабут Тавҳид Абу Мансур Монсур Мотуридий. Байрут. Дор Содир 1989. -Б.5.. Истанбул
[4] Профессор Муҳаммад ибн Дарвеш Ҳут Байрутий. Аҳли Сунна вал жамоъа баёни рисоласи. Дор улум. Қоҳира. 1986.-Б.77.