Бағрикенглик – дунёдаги турли бой маданиятларни, ўзини намоён қилишнинг хилма-хил усулларини ҳурмат қилиш, қабул қилиш ва тўғри тушунишни англатади. Уни билим, самимият, очиқ мулоқот, ҳурфикр, виждон ва эътиқод вужудга келтиради. Бағрикенглик – турли-туманликдаги бирликдир. Бу фақат маънавий бурчгина эмас, балки сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж ҳамдир. Бағрикенглик – тинчликка эришишни таъминловчи ва уруш деб номланган маданиятсизликдан тинчлик деб номланган маданиятга элтувчи йўлдир.
Ислом таълимотида мусулмонлар бошқа дин вакиллари билан тинч ва ўзаро ҳурмат асосида яшашга буюрилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам насронийларга ибодат қилиш учун жой берганлар. У зот ҳеч қачон бошқа динларни ҳақорат қилмаганлар. Ўз умматини ҳам бошқа диндагиларга бағрикенг бўлишни буюрганлар.
Юртимизда қадимдан турли эътиқодга мансуб миллат ва элатлар истиқомат қилиб келган. 130 дан зиёд миллат фарзандларининг ҳур ва озод диёрда, тинчлик ва осойишталик кайфиятида яшашлари ватанимизнинг бағрикенглик ўлкаси эканлигининг ёрқин намунасидир. Уларнинг ўзаро ҳамжиҳатликда, аҳил-иноқликда бир-бирларининг эътиқодларини ҳурмат эҳтиром руҳида яшаб келишларининг ўзи Яратганнинг халқимизга берган улкан неъматидир.
Конституциямизнинг 18-моддасида: «Ўзбекистон Республикасада барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар», деб кўрсатилган. Бу Асосий қонунда шунчаки белгиланмасдан, амалда ҳам намоён бўлмоқда. Буни нафақат жамиятнинг ҳар бир фуқароси ҳис қилмоқда, айни пайтда жаҳон ҳам жамияти эътироф этмоқда, ўзбек моделининг мазкур масаладаги тажрибасидан намуна олмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки мамлакатдаги тинчлик ва барқарорликнинг асосий омилларидан бири муроса тамойили бўлган диний бағрикенгликдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонларни ўзларига тажовуз қилиб, уруш очмаган ўзга дин вакилларига яхшилик қилишга қизиқтириб шундай марҳамат қилади: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севади” (Мумтаҳана сураси, 8-оят).
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин ва эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳамиша ана шу йўлдан боришга даъват қилишдан чарчамадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда: «Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир», дейилган (Баззор ривояти).
Мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ижобий ва ўзаро ҳурматга асосланган муҳитни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида миллатлараро ва динлараро муносабатларнинг янги модели яратилди. Ушбу модель турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги миллатлараро ва динлараро мулоқот, конструктив ёндашув ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигига асосланади. Ислом дини бошқа дин вакилларининг тирикларини ҳурмат қилиш билан чекланиб қолмади, уларнинг ўликларини ҳам эҳтиром қилди. “Саҳиҳи Бухорий”да Жобир разияллоҳу анҳудан қуйидаги воқеа ривоят қилинади: “Бир куни олдимиздан бир жаноза ўтди. Шунда Набий алайҳиссалом бу жаноза учун ўрниларидан турдилар ва биз ҳам (ул зотга эргашиб) ўрнимиздан турдик. Биз: “Ё Расулуллоҳ, бу яҳудийнинг жанозаси!” дедик. Шунда ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон жанозани кўрсангиз, ўрнингиздан туринг!” дедилар”.
Пайғамбарнинг саллолаҳу алайҳи васаллам аҳли китобдан қўшнилари бўлган. Улар билан яхши қўшничилик қилар, ҳадя бериб, улардан қабул этардилар. Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни масжидга тушириб, ўзлари зиёфат бериб, хизмат қилдилар. У зот шу куни бундай деганлар: “Булар асҳобимизга икромли эдилар, мен ўзим уларни икром этмоқни хуш кўраман”.
Сохибқирон Амир Темур “Тузук”ларида: “Менинг қўл остимдаги қирқ аймоқ хаммасини тенг кўрдим. Барлосни татардан, татарни наймандан, наймани юздан устун қўймадим. Барча муваффақиятларим гарови шундадир” деб ёзган.
Инсонни, аввало, инсонлиги учун ҳурмат ва эҳтиром қилиш башариятнинг кўп минг йиллик тарихидан мерос бўлиб келаётган олижаноб фазилатларнинг энг муҳимларидан бири ҳисобланган – бағрикенглик, ўзаро тотувлик, динлар аро ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида фаолият олиб борган инсон давримизнинг ҳам муқаддас динимизнинг ҳам талабларини бажарган бўлади.
Одилжон Нарзуллаев, Янгийўл туманидаги “Қирсадақ” жоме масжиди имом хатиби






