- Баданларига эътибор беришлари
- Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баданларининг тозалигига алоҳида эътибор берардилар ва бошқаларни ҳам баданларини тоза тутишга буюрардилар.
- Ҳар ҳафтада бир марта ғусл қилардилар.
- Ҳар доим овқатланишдан олдин ҳам, кейин ҳам қўлларини ювишни канда қилмасдилар.
- Ҳар қандай ҳолатларида мисвок ишлатишдан эринмасдилар.
- Ҳар доим ўз баданлари ва ундаги маълум бир аъзоларни тозалашга риоя қилардилар. Бунга мўйловни, тирноқларни қисқартириш, қўлтиқ ости тукларини юлиш, қовуқ тукларини қириш кабиларни мисол келтириш мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло яхшидир, яхшиликни севади. У покдир, покизаликни севади. У саховатлидир, саховатни севади. У сахийдир, сахийликни севади»,[1] «Ўзларингизни имкон борича пок тутинглар. Чунки Аллоҳ таоло Исломни поклик устига барпо қилди. Жаннатга ҳам фақат поклар киради»,[2] дея покизаликка буюриб, нопокликдан қайтарардилар.
У зот алайҳиссалом терлаганларида мушки анбардан ҳам ёқимли ва хушбўй ҳид таралгани баданларининг доимо тоза юрганига энг катта далилдир. Ҳидлари шу қадар хушбўй эдики, кўчадан ўтиб қолсалар, ҳамма ёқни ёқимли ҳид тутиб кетарди. Бундай ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос фазилатларидан бўлганига ҳеч ким шак-шубҳа қилмайди.
- Сочларига эътибор беришлари
Пайғамбар алайҳиссалом сочларини покиза тутиш, тараш ҳамда ёйиб юриш билан парваришлардилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини кўп ёғлардилар, соқолларини тарардилар ва кўпинча бошларига (ёғ суртганларидан кейин саллага тегмасин деб) ёпинчиқ ўрардилар».
- Кўзларига эътибор беришлари
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Пайғамбар алайҳиссалом сурмадонларини олиб, ҳар кечаси бир кўзларига уч марта, иккинчи кўзларига уч марта сурма сурардилар».Тишларига эътибор беришлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам овқатланиб бўлганларидан кейин тишларини хилол қилиб, тозалашга эътибор берар ва: «Умматимнинг хилол қилувчилари нақадар яхши», деб мақтардилар. Бир куни саҳобалар: «Хилол қилувчилар кимлар, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўрашганда: «Улар таҳорат олишда ва таом тановул қилишда хилол қилувчилардир. Таҳоратда хилол қилиш – бу оғизни чайқаш, бурунни ҳамда бармоқлар орасини ювиб, тозалашдир. Таомдаги хилол қилиш эса унинг қолдиғидан тишларни тозалашдир. Чунки икки фариштага ўз соҳибини намозда турган ҳолатида тишлари орасида таом қолдиғини кўришларидан кўра оғир ботадиган нарса йўқ», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан олдин, таҳорат пайтида, ухлашдан олдин, ухлаб тургандан кейин, уйга киришда ва уйдан чиқишда мисвок ишлатишга риоя қилардилар. Бу эса муборак оғизларининг ҳиди доимо хушбўй бўлишини таъминлар эди.
Пайғамбар алайҳиссалом оғиз ва тишларни тоза тутишга буюриб, кўпинча: «Мисвок оғизни тозаловчи, Аллоҳ таолони рози қилувчи нарсадир» «Агар умматимга машаққат бўлиб қолмаса, уларни ҳар намозда мисвок ишлатишга буюрган бўлардим», дер эдилар.
Баззор ва Имом Табаронийнинг ривоятида: «Умматимга машаққат қилиб қўймаганимда, уларга таҳорат олишни қандай буюрган бўлсам, ҳар намоздан олдин мисвок ишлатишга ҳам шундай буюрган бўлардим», дейилган.
- Кийимлари ва ташқи кўринишларига эътибор беришлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёфа кўркам, кўриниш гўзал бўлиши пайғамбарларнинг шамойиллари ва аслий хислатларидан биридир», деганлар.[3] Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларнинг саййидидирлар. Шунинг учун у зот инсонлар ичида ҳар жиҳатдан – бадани, кийими, уйи ҳамда давраси энг покизаси эдилар.
Бир саҳобий айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаган ва у зотдан кўра юзи чиройлироқ, кийими покизароқ бирор кишини кўрмадим».[4]
У зот чиройли ва кўркам бўлиб юрар, бошқаларни ҳам чиройли бўлишга ундаб: «Аллоҳ таоло гўзалдир. Гўзалликни ёқтиради», дер эдилар.[5] Ҳар қандай ҳолат ва муносабатларда ҳам бунга риоя қилардилар. Ҳузурларига келган одамларни кутиб олиш учун махсус кийим, жубба[6] ёки ташриф буюрадиган меҳмонга қараб, бирор чиройли либосларини кийиб, ясаниб олардилар. Ҳайит байрамларида, жума кунларида ҳам шу кунларга хос либосларни киярдилар. Саҳобаларни ҳам шундай қилишга буюриб: «Либосларингизни гўзал қилинглар, уловларингизни (чиройли, покиза қилиш билан) яхшиланглар, инсонлар орасида (юздаги) холдек бўлинглар», дер эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло бирор бандасига неъмат берса, унда ўша неъматнинг аломати кўриниб туришини яхши кўради» ва яна: «Мўмин банданинг кийимини тоза тутиши ва озига рози бўлиши Роббига ҳурматидандир», дер эдилар. У зот кийган кийимларини ифлос нарсаларга тегишидан сақлаб, ердан юқорироқ қилиб юришга буюриб: «Изоринг тоза бўлиши, кўпга етиши учун уни юқорироқ кўтариб юр», дер эдилар.
- Уй ва масжиднинг тозалигига эътибор беришлари
Пайғамбаримиз алайҳиссалом уйларининг тозалигига ҳам эътибор берар, унинг доимо тоза ва саранжом бўлишини ёқтирар ҳамда бошқаларни ҳам шунга ундаб: «Уйларингиз ва ҳовли-жойларингизни тоза тутинглар», дер эдилар.
У зот кўпчилик намозга кириб-чиқадиган жой бўлмиш масжиднинг тозалигига ҳам эътибор қаратиб, у жойнинг озода ва саришта бўлишига катта аҳамият берардилар. Бу ишни қилган кишилардан хурсанд бўлардилар. Масжидни супуриб-сидириб юрадиган бир аёлни ҳурмат қилганлари ҳақида ҳадиси шариф ривоят қилинган. Ўша аёл вафот этиб, саҳобалар уни дафн этганларидан сўнг бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссаломга хабар берганларида у зот: «Олдинроқ хабарини берсаларингиз бўлмасмиди?» деб хафа бўлдилар ва ўша аёлнинг қабри олдига бориб, унга жаноза ўқидилар.
Ўша даврларда Нуъайм Мужаммар[7] исмли бир саҳобий ҳам масжидни муаттар атирлар билан хушбўйлаб турар эди.
Бир ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маҳаллаларда масжидлар қуришга ва уларни доимо тоза ва озода тутишга буюрардилар», дейилган. Бошқа бир ривоятда эса «тоза ва озода тутишга» жумласининг ўрнига «хушбўйлаб туришга» деб нақл қилинган.
Шу билан бирга, у зот нопокликнинг олдини олиш учун ҳожатхоналарни масжиддан узоқроққа қуришни маслаҳат берардилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам масжид ичида тупуришдан қайтарардилар, «Масжиддаги битта хас-чўпни олиб ташлашда ҳам катта ажр бор», дер эдилар.
[1] Имом Термизий ривояти.
[2] «Шифо» номли китобнинг шарҳида: «Бу ҳадис заиф бўлса-да, бошқа йўллар билан қувватланиб, ҳасан даражасига кўтарилган. Маъноси эса саҳиҳдир», дейилган.
[3] Имом Термизий ривояти. Имом Моликнинг ривояти ҳам худди шундай бўлган.
[4] Абу Қурсофа ривояти. Имом Табароний ўзининг «Мажмаъ»ида келтириб ўтган.
[5] Ибн Сунний ривояти.
[6] Узун енгли устки кийим, чопон.
[7] Мужаммар деб хушбўй тутатқилар билан шуғулланадиган кишига нисбатан айтилади.






