1.Асал (Асалари ва асал ҳақида Қуръон ва Ҳадисдан маълумотлар)
Аллоҳ таолонинг улуғ каломи Қуръони каримда тафаккур қилиш учун улкан маҳлуқотлар қатори ўргимчак, пашша, асалари ва чумоли каби митти жонзотлар яратилгани баён этилган. Буни шунчаки баён қилиб қўйиш учун эмас, балки нима мақсадда яратилганини англашга даъват этади. Инсон ҳаёт ташвишига ўралиб яшаганидан теварак-атрофида жонзотлар қандай яратилгани ва қай тарзда ҳаёт кечириши ҳақида ўйлаб кўрмайди. Мулоҳаза қилиб кўрилса, баъзи жонзотларни ибрат олиш ва яна баъзиларини инсонга беминнат хизмат қилишлари учун яратилган. Шундай митти жонзотлардан бири – асаларини Аллоҳ таоло Ўз китобида зикр этиб, бир сурани асалари номи билан “Нахл” деб атади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“(Эй, Муҳаммад) Раббингиз асалариларга ваҳий (буйруқ) қилди: “Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигорингиз (сизучун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!”. Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир”.
(Наҳл сураси, 68-69-оятлар)
Бу оятда асаларига ваҳий қилди, дейишдан мақсад худди одамзотга ато этгандек илҳом, ҳидоят ва рушд-тўғри йўл кўрсатди, деб тафсир қилинган. Ҳақиқатан, унга илҳом берилмаса, эрта-ю кеч ўз инига ўзича қатнамас, ниҳоятда фойдали ва шифобахш асал болини ташиб келтирмасди. Аллоҳ таоло тўғри йўл кўрсатмаганида тўп-тўп арилар инлардан бол йиғиш мақсадида узоқларга учиб, ўз жойига қайтиб келолмасди. Чунки инидан чиққан асалари водий, дара, тоғвақир-адирлар оша парвоз қилиб, яна мўлжалдан адашмай, олдинги жойига қайтиб келишини тасаввур қилиш қийин.
Ҳадиси шарифлар
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар икки нарса — Қуръон ва асал билан даволанишни лозим тутинг», — дедилар».
Мўминларга Қуръони карим оятларининг шифо бўлишига шубҳа йўқ. Кам-кам бўлса-да, доимий асал еб юрган одам соғлом ва қувватли бўлади. Аллоҳ таоло бандаларига ато этган неъматлар ичида асалнинг ўрни беқиёс. Унинг турфа хил гуллардан асалари воситасида олинишининг ўзиёқ одамни тафаккур қилишга ундайди.
Абу Саид (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:
“Бир киши Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, биродаримнинг қорни оғриб қолди”, деди. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Унга асал ичир”, дедилар. У асал ичирди. Сўнгра келиб деди: “Мен унга асал ичирдим, лекин оғриғи камаймади”. Шунда у зот: “Аллоҳ рост сўзлаганб қариндошингнинг қорни эса алдаяпти”, — дедилар
(Имом Бухорий ривояти)
Шарҳ: Инсон баъзан билиб-билмай пала-партиш овқатланади ёки нафсини тиёлмай ҳаддан зиёд кўп еб қўяди. Натижада кўнгли беҳузр бўлиб, қорнида оғриқ пайдо бўлади. Чунки бундай пайтда ошқозоннинг патли сочиққа ўхшаш деворларини елимли аралашмадан иборат овқат хилтлари ёпиб ташлайди ва унинг фаолиятидаги меъёр бузилади. Ҳазрат Муҳаммад (алайҳиссалом) ана шундай пайтда асал ичишни буюрганлар.
Аллоҳ таоло бандаларга ҳар бир нарса ҳикматини пайғамбарлар воситасида билдирган. Инсон ўзича турли-туман неъматлар ичида асалнинг шифо бўлишини била олармиди? Йўқ, албатта. Табобат илми ҳам аслида пайғамбарларга Аллоҳ таолонинг илҳоми билан пайдо бўлган. Чунки дард берган Зот унга нима шифо бўлишини ҳам пайғамбарлари орқали билдирган.Табиийки, бир қошиқ асал ичиш билан тезда оғриқ босилиши ёки ич кетиши тўхтаб қолиши қийин. Шу боис у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қариндошингнинг қорни хато қилди”, дея унга яна асал ичириш кераклигини айтдилар. Чунки ошқозонда айниган хилтлар кўп бўлгач, уни тозалаш осон кечмайди. Беморга дарддан буткул фориғ бўлиши учун бир неча марта асал ичириш лозим бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Кимда-ким ҳар ойда учмарта, наҳорда (очқоринга) асал яласа, касалликнинг каттаси унга яқин йўламайди” — дедилар. (Имом Ибн Можа ва Имом Байҳақий ривоят қилган. Ҳадис санади заиф).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шифо 3 та нарсададир: Зулук қўйдириш, асал ичиш ва олов билан куйдиришдадир. Мен умматимни куйдиришдан қайтардим”, — дедилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинишича:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ширинлик билан асални яхши кўрардилар. Пайғамбаримиз асални яхши кўрар, бошқаларни ҳам бу тотли неъматдан ейишга, у билан даволанишга чақирардилар”.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси Абдулаҳадов Абдулмўъмин тайёрлади