9. Мусулмоннинг ҳақ-ҳурмати
Мусулмоннинг моли, қони ва обрў-эътибори дахлсиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажларида, қурбонлик, арафа ва ташриқ кунларининг иккинчисида улкан жамоат олдида шу нарсани таъкидлаганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бир-бирингизнинг молингиз, қонингиз ва обрўйингиз сизларга худди мана шу кунингиз, мана шу шаҳрингиз мана шу ойингиз ҳурмати каби ҳаромдир!” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Булар осуда Ислом жамиятининг муҳташам биносига пойдевор бўлувчи умуминсоний ҳақ-ҳуқуқлардир. Ушбу покиза муҳитда мусулмон мол-мулки ва обрў-эътиборидан бехавотир яшайди. Ҳеч ким унинг мулкига тажовуз ёки ўғрилик қилмайди. Ҳақ-ҳуқуқини поймол этиб, уни пастга урмайди. Мўминларни тўкис ҳимоя этмоқ учун Аллоҳнинг шариатида тажовузкорларга қасос, ўғрининг қўлини кесиш, зинокорни тошбўрон қилиш ёки дарралаш белгилаб қўйилган.
Ислом мукаррам инсонни ҳатто қўрқитиш, хавотирга солишни ҳам ман этади. Бир саҳобий биродарининг арқонини олиб қўйиб, қўрқитди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмонни қўрқитмоқ мусулмон учун ҳалол эмас!”(Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳеч бирингиз на ҳазиллашиб ва на жиддий равишда биродарининг битта чўпини олмасин”. (Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривояти).[1]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки киши учинчисига эшиттирмасдан суҳбатлашмасин. Бу нарса уни хафа қилади”. (Бухорий ва Муслим ривояти). Яна бир ривоятда “Бу нарса мўминга озор етказади. Аллоҳ мўминнинг озорланишини ёмон кўради”, – дейилган.
10. Ҳадис яна қуйидагиларни ифодалайди
- Ислом нафақат ақида ва ибодат, балки у ахлоқ ва муомала ҳамдир.
- Ислом шариатида ярамас хулқлар ҳалок қилувчи гуноҳ саналади.
- Аллоҳ таоло бандаларини ният ва амал деган нозик мезон асосида тортиб кўради ва шунга кўра ҳукм чиқаради.
- Аллоҳдан қўрқув қалбда бўлади.
“АЛ-ВОФИЙ фий шарҳил-арбаийн ан-нававийя” китобидан.
[1] Ўғирлаш учун олмагани – ҳазиллашгани, чўчитиш учун олиб қўйгани – жиддийлиги.
Асадулло Холмуродов
«Кўкалдош» ўрта-махсус ислом билим юрти мударриси






