Давоми
Келинг энди “бидъат” сўзининг иккинчи шарий истелоҳдаги маъноси билан танишсак. Бидъатнинг истелоҳий таърифлари жуда кўп лекин улардан Имом Шотибий келтирган икки таъриф яхшироқ ҳисобланади, бунинг икки сабаби мавжуд.
Биринчидан: Имом Шотибий (р.а) бу мавзуга илк киришган, уни шарҳлаш ва таҳлил қилишда пешқадам уламолардан саналадилар.
Иккинчидан: Имом Шотибий (р.а) мутақаддим уламоларнинг бидъатга қарши курашган ва ундан четланишга энг кўп харакат қилганлар.
Қуйида икки таъриф билан танишамиз
«طريقة في الدين مخترعة تضاهي الشريعة، يقصد بالسلوك عليها المبالغة في التعبد لله عز وجل»
“Динда ўйлаб топилган ва шариатга зид келган йўл бўлиб у йўлдан мақсад Aллоҳ аъзза ва жаллага ибодатда муболаға (ҳаддан ошиш) бўлади”
طريقة في الدين مخترعة تضاهي الشريعة، يقصد بالسلوك عليها ما يقصد بالطريقة الشرعية»
“Динда ўйлаб топилган ва шариатга зид келган йўл бўлиб у билан шариат йўлидан мақсад қилинган нарса қасд қилинади”
Юқоридаги икки тарифда ҳам зикр қилинган “Динда ўйлаб топилган” қисми таърифни энг асосий қисмини ташкил қилмоқда. Демак бир нарса бидъат маъноси ва ҳукмини олиши учун уни қилган инсон қилган ишини диндан ва унинг ажралмас бир бўлаги деб қилиши воқеликда эса бунинг буткул акси бўлиши керак. Ҳа ана шу бидъатнинг айни моҳияти ва шариат ундан қайтарганининг асл сабабидир. Бундай хулоса қилишимизнинг яна бир далили Росулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳадисларидаги:
من أحدث في أمرنا هذا ما ليس منه…
“Ким бу ишимизда ундан бўлмаган ишни пайдо қилса…” гапларидир, зеро ҳадисдаги “бу ишимизда” иборасидан мурод диндир.
Хулоса қилиб айтганда янги пайдо бўлган нарса диннинг ўзагига ва асосларига унда бўлмаган нарсани келтириб чиқарса демак у инкор ва мазаммат қилинган бидъат ҳисобланар экан. Зеро шариатни тузган Aллоҳ таолодир, унинг шариатига бирор қўшимча ва ўзгариш олиб кириш эса мумкин эмас. Шундай ҳолатларга фаразий мисоллар келтирамиз: Шариатда собит бўлган фарз ва нафл намозларига қўшимча яна қандайдир намоз ўйлаб топиш, Қуръон ва суннатда собит бўлмаган қайсидир куннинг фазилати учун рўза ўйлаб топиш, шариатда далил ворид бўлмаган ҳолатда жисмоний машаққат ила Aллоҳ таолога ибодат қилиш йўлини ўйлаб топиш, маййит қабрга қўйилганда азон айтиш. Ва яна бошқа бидъатчи тоифаларнинг бузуқ ақидаларни ўйлаб топиб уларни диндан дейиши ҳам айни бидъатнинг ўзидир.
Энди инсонлар диннинг аслидан ва ҳукмларидан деб эътиқод қилмай амалга оширадиган ишларига келсак улар бу ишларни ёки диний мақсадларни рўёбга чиқариш ва шу ишга ёрдамчи бўлсин деб ёки дунёвий ишларини амалга ошириш ва унга кўмакчи бўлсин деб қилишади. Гарчи бу ишлари мусулмонлар илгари билмаган ишлардан бўлса ҳам энди бу амалиётлар умуман бидъат деб номланмайди. Балки булар Росулуллоҳ (с.а.в) номлаган سنة حسنة (суннат ҳасана) ёки سنة سيئة (суннат саййиа) тушунчаси остига киради.
من سنّ في الإسلام سنة حسنة فله أجرها وأجر من عمل بها بعده، من غير أن ينقص من أجورهم شيء. ومن سنّ في الإسلام سنّة سيئة كان عليه وزرها ووزر من عمل بها من بعده، من غير أن ينقص من أوزارهم شيء
“Кимки исломда гўзал одатни суннат қилса, унинг ажри ва ажрларидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ундан кейин амал қилганларнинг ажри унга бўлади. Кимки исломда ёмон одатни суннат қилса, унинг гуноҳи ва гуноҳларидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ундан кейин амал қилганларнинг ҳам гуноҳи унга бўлади”.
Абдуллаев Алиакбар,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси






