Малика Билқис Сулаймон алайҳиссаломнинг ҳимматини синаб кўриш учун ҳадялар юборди. Агар ҳиммати паст бўлса ҳадяларни олади ва у билан дўстлашиб бўлмайди. Агар ҳиммати олий бўлиб, ҳадяларни олмай ундан муҳимроғини талаб қилса, у билан дўстлашса бўлади, деган фикрда эди. Дўстликка лойиқ эканини билди. Аллоҳ таоло бу ҳақда ҳикоя қилиб айтади: “Мен уларга ҳадя юборурман, кўрай-чи, элчилар нима билан қайтар эканлар”-деди. Қачонки, (элчиси) Сулаймонга келганида, у: “Сизлар менга мол-дунё ила мадад бермоқчимисиз?! Бас, Аллоҳ менга берган нарса сизга берган нарсадан яхшидир. Аммо сизлар ҳадяларингиз билан қувонирсиз”, деди”. (Намл сураси, 35-36-оятлар).
Дунё гўё Билқиснинг ҳадяси, уни рад қилинг, ва ундан кўра нафисроқ бўлганига интилинг.
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Ким охиратни хоҳласа бу дунёдан зарар кўради. Ким бу дунёни хоҳласа охиратдан зарар кўради. Эй, одамлар! Боқий дунё учун фоний дунёдан зарар кўринглар”.
Имом Шофеъий (роҳимаҳуллоҳ) айтади: Яъни шеър: “Ким бу дунёнинг таъмини тотиб кўрмоқчи бўлса, мен унга айтаман. Унинг аччиқ-чучугини тотиб кўрдим. Дунё худди итлар унга талашиб тармашган сасиган ўлимтикка ўхшайди, агар ундан узоқ юрсанг саломат бўласан, агар яқинлашсанг итлар сени тилка-пора қилади”.
Асадулло Холмуродов
Кўкалдош ЎМИБЮ мударриси






