5. Фатҳдан бироз вақт ўтгандан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбанинг эшиги олдида туриб, халойиққа шундай нидо қилдилар: «Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқ, У Зот ваъдасини бажарди, бандасига ёрдам берди, душманларнинг устидан Ўзи ғолиб келди. Огоҳ бўлинглар! Жоҳилият аҳлининг барча одатларию даъво қилинадиган қону моллари мана шу икки оёғим остида қолди (яъни бекор қилинди). Фақат Байтуллоҳнинг хизмат ишлари ва ҳожиларни суғориш ишлари бундан мустасно. Эй Қурайш жамоаси, Аллоҳ таоло сизлардан жоҳилият такаббурлигию ота-боболар билан фахрланиш одатини кетказди. Барча инсонлар Одам алайҳиссаломдандир, Одам эса тупроқдандир». Сўнг қуйидаги оятни ўқидилар:
«Эй инсонлар! Биз сизларни бир эркак (Одам)ва бир аёлдан (Ҳавводан)яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман)халқлар ва қабила(элат)лар қилиб қўйдик. Аллоҳнинг наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор Зотдир» (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Сўнг яна сўзларини давом эттириб: «Эй Қурайш жамоаси, мени сизлар ҳақингизда қандай ҳукм чиқаради деб ўйлайсизлар?» деб сўрадилар. Қурайш қавми: «Яхшилик қиласан, сен олижаноб кишининг ўғли – олижаноб кишисан», дейишди. Шунда у зот: «Кетаверинглар, сизлар озодсиз», дедилар.
Ўша куни йиғилган халойиқ ичида ҳижратдан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тош отиб ҳайдаган тоифлик Сақиф қабиласидагилар, ҳатто у зотни тошбўрон қилишни ёш болаларга буюрган қабилабоши Абдуёлайл ҳам бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳаммасини кечириб юбордилар.
6. Яҳудийларнинг олимларидан бўлмиш Зайд ибн Саъана Расулуллоҳ алайҳиссаломдаги пайғамбарлик белгилари ва аломатларини синчиклаб ўрганган эди. У ўзи ўрганиб чиққан пайғамбарлик аломатларининг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда борлигини билса ҳам, иккита аломатни ҳали текшириб кўрмаган эди. Ўша иккита аломатнинг бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳалимликлари ғазабларидан устунлиги бўлса, иккинчиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ножўя хатти-ҳаракат қилинганда ҳалимлик сифатлари янада зиёда бўлиши эди. Зайд мана шу икки аломатни синаб кўрмоқчи бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийратларини кузата бошлади.
Кунларнинг бирида бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ўзининг ночор ҳолидан зорлана бошлади. Зайд ибн Саъана бу ҳолатни четдан кузатиб турарди. Аъробий Пайғамбар алайҳиссаломдан моддий ёрдам сўраб, мол-дунё тама қилди. У шундай оҳангда сўрардики, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўринларида бошқа одам бўлса, аниқ ғазабланиб кетган, аъробийни қувиб солган бўларди. Лекин Аллоҳ таолонинг Ўзи «Роуфур Роҳийм»деб сифатлаган Пайғамбаримиз алайҳиссалом ундай қилмадилар. У зот аъробийга юмшоқ муносабатда бўлдилар ва Зайд ибн Саъанадан саксон динор олиб, унга бердилар. У хурсанд бўлиб, қайтиб кетди. Кейин Зайдга саксон динорни қачон қайтаришларини айтдилар. Вазиятни бошдан-оёқ кузатган Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳалимликлари ғазабларидан устун эканига гувоҳ бўлди.
Энди навбат иккинчи аломатни текшириб кўришга келганди. Зайд шу ниятини амалга ошириш учун қарзни қайтариш муддатидан атайин бир-икки кун аввал Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, у зотдан қарзни қайтаришни қаттиқ туриб талаб қила бошлади. Унинг мақсади бирор ножўя ҳаракат содир қилиб, ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларини қандай тутишларини текшириш эди. У Пайғамбар алайҳиссаломдан қарзини талаб қилиб, кийимларидан қаттиқ тортган эди, кийимлари елкаларидан тушиб кетди. Сўнг атайин қовоғини солиб, юзига жиддий тус берди-да: «Эй Муҳаммад, қарзингни бермайсанми? Аллоҳга қасамки, сизлар – Абдулмутталиб уруғи қарзни бермай, чўзиб юрасизлар, мен орангизда аралашиб юрганим учун ҳам бундан хабардорман», деди. Бу гапни эшитиб турган ҳазрати Умар қаттиқ ғазабланиб: «Эй Аллоҳнинг душмани, ҳали сен Расулуллоҳга шундай муомала қиляпсанми?! У зотни ҳақ ила юборган Аллоҳга қасамки, агар ҳаққим сенга ўтиб қолишидан қўрқмаганимда бошингни танангдан жудо қилган бўлардим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳуга қараб, табассум қилдилар-да: «Мен билан бу (яҳудий) бундан бошқачароқ муомалага муҳтожмиз. Сен мени қарзни чиройли адо этишга буюришинг, уни эса қарзни гўзал суратда сўрашга ундамоғинг керак», дедилар. Кейин Умар розияллоҳу анҳуга яҳудийнинг қарзини тўлаб беришни, қўрқитилгани ҳаққига йигирма соъ хурмо қўшиб беришни ҳам тайинладилар.
Бундай муомалани кўрган яҳудий олим хотиржам бўлди. Чунки у ўзи излаган пайғамбарлик белгиларининг барини Пайғамбар алайҳиссаломда топган эди. Умар розияллоҳу анҳу у билан бориб, қарзини адо қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, йигирма соъ хурмо қўшиб бердилар. Шунда Зайд ибн Саъана: «Мени танийсанми ўзи, эй Умар?» деди. «Йўқ, сен кимсан?» дедилар ҳазрати Умар. «Мен Зайд ибн Саъанаман», деди яҳудий. «Яҳудийларнинг олимими?» сўрадилар ҳазрати Умар. «Ҳа», деб жавоб берди Зайд. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай муоамала қилишинг, бундай сўзлар айтишингнинг боиси нима?» сўрадилар ҳазрати Умар. «Мен у зотнинг кечиримлилик сифатларини синаб кўрмоқчи эдим», деб жавоб берди Зайд қилган ишини изоҳлаб.
7. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим. У зот дағалроқ кийим кийиб олган эдилар. Бир аъробий у зотнинг ридоларидан қаттиқ тортган эди, кийимларининг ёқаси муборак бўйинларини қийиб юборди. Кейин аъробий: «Эй Муҳаммад, мана бу икки туямга Аллоҳ таоло сенга берган мол-дунёлардан юклаб бер. Чунки сен ўзингнинг молингдан ҳам, отангнинг молидан ҳам менга бирор нарса бермагансан», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жим турардилар. Сўнг оғир-босиқлик билан: «Мол-давлат Аллоҳники. Мен У Зотнинг бандасиман. Эй аъробий, менга нима қилган бўлсанг, ўша нарсанинг қасоси олинади», дедилар. Аъробий: «Йўқ», деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Нима учун?» дедилар. «Чунки сен ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармайсан», деди аъробий. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аъробийнинг бу гапидан кулиб юбордилар ва саҳобаларига аъробийнинг бир туясига арпа, бошқа бирига эса хурмо юклаб беришларини буюрдилар».
8. Бадр жангида мушриклардан Сафвон ибн Умайянинг отаси ва акаси ўлдирилган, унинг яқин дўсти Умайр ибн Ваҳбнинг ўғли эса асир олинганди. Бир куни иккови Байтуллоҳнинг Ҳижр деган қисмида мусулмонлардан кўрган азиятлар ҳақида сўзлашиб қолишди. Умайр Сафвонга қарзлари кўплигидан, бунинг устига ёш фарзандлари борлигидан шикоят қилди. «Шу нарсалар бўлмаганида, албатта Мадинага бориб, Муҳаммадни ўлдирган бўлардим», деб гапини тугатди. Мусулмонлардан ўч олиш ниятида ёниб юрган Сафвонга Умайрнинг бу ҳолати жуда маъқул келди. У Умайрга Пайғамбар алайҳиссаломни ўлдириш учун боравериши мумкинлигини, қарзлари ва фарзандларини эса ўз зиммасига олишини айтди. Умайр бу таклифга рози бўлди. Иккови бу ишни ҳеч кимга айтмасликка келишиб олишди.
Умайр Мадинага келиб, масжидга кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб: «Эй Умайр, нима сабабдан бу ерларга келдинг?» деб сўрадилар. Умайр: «Сизларга асир тушган ўғлим Ваҳбнинг олдига келдим», деди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Ростдан ҳам шунинг учун келдингми?» дедилар. Умайр жавобини тасдиқлаб: «Ҳа, мен фақат ўғлим учун келдим», деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳижрда Сафвон билан нималарни шартлашган эдинг?» деб сўрадилар. Бу гапдан Умайрнинг ранги ўзгариб: «Ҳеч нимани шартлашганим йўқ», деди. Пайғамбар алайҳиссалом босиқлик билан: «Мени ўлдиришинг эвазига оиланг ва қарзларингни ўз зиммасига олишига шартлашдинг-ку! Аллоҳнинг Ўзи мени сендан ҳимоя қилади (асрайди)», дедилар. Бундай бўлишини кутмаган Умайр: «Гувоҳлик бераманки, сиз Аллоҳ таолонинг Расулисиз, бу гаплар Сафвон билан менинг ўртамда Ҳижрда бўлиб ўтгани рост, у ерда иккимиздан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Аниқ биламанки, буни сизга Аллоҳ таоло билдирган. Мен Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирдим», деди.
Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларини ўлдириш ниятида келган Умайрга шу тарзда яхши муомала қилдилар, кечиримли бўлдилар. Натижада у иймон келтириб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларида мусулмон бўлиш шарафига муяссар бўлди.
9. Пайғамбар алайҳиссалом Ҳунайн ғазотига чиққанларида душман сафида Уҳуд жангида отаси ва амакисини йўқотган Шайба ибн Усмон деган киши ҳам бор эди. У жанг бошланиб, ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб турган вақтда Пайғамбар алайҳиссаломни ўлдиришни кўнглига тугиб қўйди. Лекин бу режаси амалга ошмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашиши билан танасидан мадори кетиб, ҳеч нарса қила олмай қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ҳузурларига чақирдилар. Сўнг муборак қўлларини кўксига қўйиб, дуо қилдилар. Шундан кейин Шайбанинг кўнглидаги душманлик ҳис-туйғулари ўрнини Пайғамбар алайҳиссаломга бўлган муҳаббат ва садоқат эгаллади ва у жанг охиригача мусулмонлар тарафида турибжанг қилди.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг нечоғлик кечиримли бўлганларини юқорида зикр қилинган воқеалардан билиб олдик. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом кечиримлилик, ҳалимлик борасида бирор инсон ета олмайдиган юксак даражада бўлганлар. Пайғамбарлар инсонларнинг энг афзали бўлса, у зот пайғамбарларнинг энг афзали эдилар. Кечиримлилик у зотнинг ажралмас ва етук сифатлари эди. Ул зоти бобаракотнинг бу хислатларидан ҳар бир мусулмон ўрнак олиши лозим.






