Тонг кетидан тонг, тун кетидан тун келади. Қанча вақтларни ортда қолдириб, қанча вақтларни зое кетказдик. Афсус…
“Зое кетган вақтга афсусланиб ўтириш – ҳозирги вақтни зое кетказиш ҳисобланади” деганларидек, ўрнимиздан дарҳол туриб, ниманики қилишни ният қилган бўлсак, дарҳол шу ишларни холис Аллоҳ таоло учун қилишга киришайлик. Кимдур яхшилик қилишни, яна кимдур китоб ўқишни ният қилган. Ҳар биримизни олдимизга қўйган ният-мақсадларимиз бисёр. Уларни бугун қиламиз, эртага қиламиз ва фалон кун қиламиз деб айтамиз. Аммо, ўша кун келганида эса яна эртага, индинга …
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Ва бирон нарса ҳақида «Мен албатта уни эртага қилгувчиман», дея кўрманг, магар «Инша Аллоҳ — Аллоҳ хоҳласа» (денг. Бу сўзларни айтишни) унутиб қолдирган вақтингизда (ёдингизга тушиши билан): Роббингизни зикр қилинг (яъни «Инша Аллоҳ», денг) ва: «Шояд Роббим мени бундан ҳам яқинроқ тўғри йўлга ҳидоят қилса», денг!” (Каҳф сураси 23-24 оятлар).
Ушбу ояти каримадан келиб чиқиб ўзбеклар орасида “Бугунги ишни эртага қўйма” деган мақол тарқалган.
Баъзи бир одамлар бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хос нозил бўлган дейдилар. Лекин биз “Ибрат лафзнинг умумийлигида, каломнимнг хослигида эмас” деган қоидага кўра бу иш барчага бирдай баровар деб айтамиз.
Инша Аллоҳ сўзин билмас гар инсон,
Аҳволи бўлажак хор, аниқ- бегумон.
Баъзи талабалар олдинга илгарилаб кетган талабаларни кўриб, “Улар энди олдиндан ўқиб юрган. Шунинг учун ҳам улар олдинга ўтиб кетган” деб, умидларини сўндириб қўймоқдалар. Йўқ, қадрдон дўстлар! Ундай фикрга асло борманг. Сиз ҳаёлингизни бошқа ерга чалғитмасдан, фикрингизни жамлаган ҳолда илм ўргансангиз олдинга илгарилаб кетган талабалардан ҳам ўзиб кета оласиз. Улар ҳам олдин ҳеч нарсани билмаган. Она қорнидан кўп нарсани билиб туғилмаган. Улар ҳам қунт билан ўқиб, изланиб шундай даражага чиқдилар. Илмни бир катта денгиз деб олдиган бўлсак, улар ҳам эндигина оёқларини сувга ботирдилар. Одам шу денгизда сузишни орзу қиладиган бўлса, чалғитувчи ва вақтни ўғирловчи барча нарсаларни тарк этишлари ва мақсадга эришиш йўлида ихлос қилишлари лозим.
Олимлардан бири ёшлик чоғида илм мажлисида устозларидан дарс олаётган эдилар. Ёзаётган қаламлари тўсатдан синиб қолди. У киши бир динорга қалам оламан (шу пайтда бир динорга 3-4 та қалам берган) деган эдилар, ҳамма ёқдан қаламлар “учиб” келди. Буни қаранг азизлар, бу олим озгина кутганида дарс тугаб, арзонроққа янги қалам сотиб олишлари мумкин эди. Лекин, озгина бўлса ҳам, вақларини бекорга кетказмасдан устозидан ёзиб олиш учун ҳаракат қилдилар. Биз ҳам устозларимиздан озгинага бўлсак ҳам чалғиб қолмайлик.
Имом Саълабий юрган йўлларида ҳам китобни қўлларидан қўймай ўқиб кетар эдилар. Биз талабаларнинг эса йўл транспорт машиналарида қўлларимиздан телефон тушмайди. Ундан кўра бирор китоб олиб, ҳеч бўлмаса луғат ёдлаб кетайлик. Вақтларимизни бекор кетказмайлик.
Абу Али ибн Сино ҳазратлари ўлим тўшагида ётганларида ҳам вақтим бекор кетмасин деб, бир неча шогирдларига баъзи касалликларга қандай усул билан чора кўриш кераклигини ўргатиб кетган эканлар.
Олдингилар ҳар лаҳзадан фойдаланиб қолишга шошилганлар. Зоҳид ва обид тобеъинлардан бири Омир ибн Абу Қайсдан нақл қилинишича, бир киши мен билан гаплашиб туринг деганларида, унга Омир р.а: “Қуёшни тўхтатиб тур” деган эканлар.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ҳар бир талаба ўтаётган ҳар сониясини ғанимат билиб, устозларининг этагини маҳкам ушлаб илм талаб қилмоқликлари лозим.
Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси Эргашев Абдуссамиъ