
21 декабр куни билим юртида мударрислар ва талабалар иштирокида БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини ўрганиш бўйича махсус курс ташкил этилди. Ушбу махсус курсни маънавий-маърифий масалалар бўйича мудир муовини А.Ғаниев олиб борди. А.Ғаниев ўз нутқида 2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилингани, Резолюциянинг қабул қилиниши 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, ушбу резолюциянинг қабул қилиниши Ўзбекистон Президентининг диний-маърифий соҳага оид ташаббуслари нафақат халқимиз, балки халқаро жамоатчилик томонидан ҳам фаол қўллаб-қувватланаётганини кўрсатади. “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси дунё жамоатчилигини безовта қилаётган терроризм, экстремизм, зўравонлик, муросасизлик каби бугунги куннинг ўткир муаммоларига ечим сифатида илм-маърифат, ўзгаларга адолатли ва бағрикенг ёндашув ҳамда тинчликпарвар сиёсатни тарғиб қилишлиги билан ўта долзарблиги билан ажралиб туриши таъкидланди.

Билим юрти мудири Насриев Мадамин Холиддинович сўзга чиқиб, ушбу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат эканлиги, шунингдек, диний бағрикенглик Ўзбекистоннинг кўп йиллик тарихий тажрибасида турли эътиқод вакилларининг тинч-тотув ҳаёти давлат ва жамият тараққиётининг асосий омилларидан бири бўлишини исботлагани, кўп миллатли халқимизнинг юрт тинчлиги, ватан тараққиёти йўлидаги умумий саъй-ҳаракатлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кенг кўламлилиги ва жадаллигини айтиб ўтди. Ҳозирги кунда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, аждодларимизнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, ислом маърифати тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида асос солинган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис Олий мактаби, Тошкентда ташкил этилган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Ушбу қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини ўрганиб савол-жавоблар билан таҳлил этилди. Маърузада Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тасдиқланган Дастур ва слайд материалларидан фойдаланилди.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом
билим юрти мудир муовини А.Ғаниев






