Истеъмолда шундай атамалар борки, уларнинг аксарини турли ўринларда турлича маъноларда келишини кўришимиз мумкин. Жумладан, РИЗҚ сўзини ҳам…
1. Ибн Манзур айтадилар: Ризқ бу Аллоҳ таолонинг Раззоқ ва Розиқ сифатларидир, чунки Аллоҳ таоло жамийки махлуқотларга ризқ беради ва У ризқнинг Яратувчиси бўлиб, махлуқотларга ризқ инъом этади. Раззоқ сўзи араб тилида муболаға учун ишлайдиган феълнинг вазнига кўра сифатланади. Ризқ икки навъдур: биринчиси, зоҳирий бўлиб, у тана аъзолари учун зарурий бўлган озуқа маҳсулотидир; иккинчиси ботиний ҳисобланиб, у қалб ва руҳни озиқлантиргувчи илму маърифатдир. Аллоҳ таоло Ўз каломида: “Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир”, дейди (Ҳуд сураси, 6-оят).
2. Роғиб айтади: Ризқ деб, баъзида дунёвий ёки ухровий жорий бўлиб келадиган атога айтилади. Баъзида эса насибага ҳам ишлатилади, ошқозонга етиб борганга ҳамда у билан озуқланадиган нарсага ҳам ризқ дейилади. Масалан: “Султон қўшиннинг ризқини инъом этди.” “Мен илм билан ризқландим.”
3. “Мўъжамул васитда” эса ризқ ризқланган нарсанинг исмига айтилади ва у “ундан манфаат олинган нарса” маъносини англатади. Бири ейиладиган ва кийиладиган нарсалардан иборат фойдаланадиган нарса бўлса, бошқаси ошқозонга етиб борган ва у билан озуқланадиган нарсага айтиш мумкин. Қуръони азизда дейилади: “Энди бир кишини мана шу пулингиз билан шаҳарга жўнатинглар, у энг сара, покиза таомларни танлаб, сизларга ундан ризқ, насиба олиб келсин.” (Каҳф сураси 19-оят). Ёмғирга ҳам ризқ сўзи ишлатилади, чунки у ризқнинг сабабчисидир. Ҳадя ва келиб турувчи инъом ҳам ризқ маъносини англатади. Масалан, Бир ойлик ризқинг қанча, дейилади. Яъни, ойлик маошинг қанча деб сўралмоқда.
4. Ибнул Фарис Ар-Розий наздида: ризқ бу Аллоҳнинг берган атоси. Айтилади: “Аллоҳ таоло уни бир ризқ билан ризқлантирди”. Ризқ сўзи Азд Шануъа қабиласи луғатида шукр маъносида келади. “Ва сизлар (Қуръонни) ёлғон дейиш(дек бадбахтлик)ни ўзларингизнинг ризқ-насибаларингиз қилиб олурсизларми?!” (Воқеъа сураси 82-оят).
Ризқ деган сўз аҳли луғат уламоларнинг наздида инъом билан ейиладиган нарсалардан иборат фойдаланадиган нарсанинг ўртасини жамлайдиган нарса эканини кўрса бўлади.
Ризқнинг истелоҳий бораларга оид маъноси
1. Аллоҳ таоло жонзотларга етказган ва улар истеъмол қилган нарса ризқ деб аталади. У ризқ ҳалолга ҳам ҳаромга ҳам ишлатилаверади. Мўътазилий фирқасида ризқ мутлақо Аллоҳ таоло тарафидан инъом қилинадиган нарсадир, шу боис У зот инъом қилган нарсани ҳаром деб бўлмайди, дейилади. Чиройли ризқ: у шундай ризқки, ўз эгасига талаб қилишликда қийинчиликсиз етиб келади. Бир ривоятда: “Чиройли ризқ бу кутилмасдан, ҳисобсиз ва касб қилмасдан мавжуд бўлган нарсадир”, деб айтилган экан.
Ризқ ҳалол ва ҳаромни ўз ичига олади. Чунки у Аллоҳ таоло жонзотларга етказган ва улар истеъмол қилган нарса бўлиб ўз ичига ейиладиган ва ичиладиган нарсаларни олади.
Шундай қилиб биз ризқнинг луғавий ва истелоҳий маънолари ўртасида боғлиқлик бор эканини кўрамиз. У шу даражадаки, луғат жиҳатидан ризқ инъом маъносида бўлса, истелоҳда у етказиш маъносида келади, икки маъно ҳам Аллоҳ таоло етказган нарса маъносини бераверади.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровийнинг «Ризқ эшиклари» номли китобидан Рустам Охунжонов таржимаси






