Аллоҳ таоло бандаларига Рамазон рўзасини фарз қилди. Бу улуғ ой ўзида кўпгина сир-асрорларни жамлаган. Рамазон ҳамда рўзанинг хосият ва ажойиботлари ҳақида фикр юритган инсон бу орқали Аллоҳ таолонинг бандаларига кўрсатган буюк фазли ва марҳаматини англаб етади. Қуйидаги 4 хислатнинг шаклланиши ва чинакам фазилатга айланишида рўзанинг ўрни беқиёсдир:
- Тақво. Рўза, Аллоҳдан қўрқув – тақво ҳосил қилишнинг энг яхши воситасидир. Чунки инсон рўза туфайли аслида мубоҳ, яъни мумкин бўлган еб-ичиш, жисмоний роҳат олиш каби заруратлардан ўзини тияди. Мусулмоннинг маълум муддат ўзини ихтиёрий чеклашидан кўзлаган мақсади Аллоҳнинг розилигини топиш ва унинг ғазабидан сақланиш бўлади. Бу тарздаги рўза ибодати инсонда нафсни ҳаромдан тийиш ва ўзини идора қила олиш кўникмасини ўстиради ва унга тақво зийнатини бахш этади.
- Ихлос. Рўза ихлосни шакллантиради. Бу амал уни адо қилаётган банда ва Аллоҳнинг ўртасидаги сир бўлиб, кишининг рўзадор ёки рўзадор эмаслигини ўзи ва Аллоҳдан бошқа ҳеч ким аниқ била олмайди. Яъни, кўзимизга рўзадор бўлиб кўринаётган инсон аслида рўзасини бузган бўлиши ҳам мумкин. Чунки уни мукаммал назорат қилиш бандасининг қўлидан келмайди. Лекин бу ерда муҳим бир омил – ихлос мўмин кишини ибодатни ҳаққоний адо этишга ундаб туради.
- Шукр. Рўза шукрни шакллантиради. Рўзадор рўза давомида Аллоҳ унга неъмат қилиб берган еб-ичиш, жисмоний роҳатланиш каби мубоҳ бўлган табиий эҳтиёжлардан вақтинча ўзини тийиб турар экан, ўша неъматларнинг қадрини билади, уларга қанчалар муҳтож экани ҳақида фикр юритади. Бу яхшиликлардан маҳрум бўлганларнинг машаққатини ўз танасида ҳис этади, неъматларни ҳеч бир эвазсиз бериб турган Зотга шукр айтиш заруратини англаб етади.
- Сабр. Рўза сабр сифатини чархлайди. Очлик ва ташналик билан ҳамда жисмоний роҳат ва фароғатлардан тўсиш орқали нафсни чидамга ўргатади. Сабр муваффақиятлар калитидир. Аммо ер юзига сочилган мўл-кўл неъматлардан фойдаланишда тартиб ва интизомга бўйсунмаган бесабр нафс муқаррар ҳалокатга элтувчи лаззатларга дуч келганида уларга осонгина оғиб кетиши, ўз ихтиёрини шайтонга топшириб қўйиши кўп кузатилган.
Шахс ва жамият учун сув ва ҳаводек зарур бўлган тақво, ихлос, шукр ва сабр каби улуғ инсоний фазилатларни ўзида жамлаган Шахснинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: “Аллоҳ таоло: “Одам боласининг барча амали ўзи учун, фақат рўза мустаснодир. Чунки, у Мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим бераман”, деди”, дейилган.
Ҳадиснинг яна бир ривоятида: “Жоним унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келаётган ҳид Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан-да ёқимлироқдир,”— дейилган.
Ҳадиси қудсийда айтилади: “Аллоҳ таоло: “Зеро, у таомини, ичимлигини, жисмоний роҳатларини Мен учун тарк этди. Рўза Мен учун бўлди. Уни Ўзим мукофотлайман”, — дейди”.
Қайси жамиятда мазкур тўрт сифатни ўзида жамлаган шахслар кўпайса, у ерда шунга лойиқ даражада ҳалоллик, аҳиллик ва уюшқоқлик кучаяди, шундагина у барқарор жамиятга айланади, тараққиёт ва порлоқ келажак учун қулай муҳитни намоён этади.
Тўлқин Каримов,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси