Саҳобалар Пайғамбаримизсоллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган буюмлар билан табаррукланишлари далиллар билан собит бўлган жоиз иш ҳисобланади. Табаррукланиш деганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган буюмлар баракасидан умид қилиш, уларни ўртага қўйиб, яъни васила қилиб, Аллоҳ таолодан бирор нарса сўраш тушунилади. Ушбу амалнинг жоизлигига кўплаб далиллар бор.
Аслида масала “Набий алайҳиссаломнинг ўзлари билан тавассул қилмай, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли нарсалар билан тавассул дурустми?” деган саволдан келиб чиққан. Бу иш албатта дуруст. Агар бирор киши бу ишни “жоиз эмас” деса, биз: “Бу катта туҳмат ва бўҳтон”, деб жавоб берамиз.
Келинг, яхшиси бу ҳақдаги далилларни қўриб чиқамиз.
Таъкидлаб ўтганимиздек, бу масала ҳақида ворид бўлган шаръий ҳужжатлар жуда кўп, лекин биз фақат энг муҳимларига тўхталиб ўтамиз.
Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу вафотлари аниқ бўлганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига дафн қилинишларига ниҳоятда муштоқ бўлганлар. Шу ишга рухсат олиш учун Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўғиллари Абдуллоҳни Оиша розияллоҳу анҳо ҳузурларига жўнатганлари ҳаммага тарихдан маълум. Ҳазрати Умар ўғиллари Абдуллоҳга: “Мўминларнинг онаси Оишанинг олдига бориб, “Умар сизга салом айтади”, дегин, “мўминларнинг амири”, демагин. Мен бугун мўминларга амир эмасман. “Умар ўзининг икки соҳиби ёнига дафн қилинишига изн сўрайди”, дегин”, дедилар. У Оишага: “Умар ибн Хаттоб сизга салом айтди ва ўзининг икки соҳиби ёнига дафн қилинишга изн сўради”, деди. Оиша розияллоҳу анҳо “У жойни ўзимга кўзлаган эдим, албатта, уни (Умарни) ўзимдан устун қўяман”, дедилар.
У қайтиб келганида “Мана, Абдуллоҳ ибн Умар қайтиб келди”, дейилди. “Нима билан келдинг?” деди ҳазрати Умар. “Сиз истаган хабар билан келдим, изн бердилар!”, деди Абдуллоҳ ибн Умар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу “Алҳамдулиллаҳ! Мен учун бундан кўра муҳимроқ нарса йўқ эди” деб жавоб бердилар.
Қани айтинг-чи, нима учун Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшни ўлароқ дафн этилишлари энг муҳим ва суюкли иш бўлди!? Бунинг фақатгина бир жавоби бор, у ҳам бўлса, вафот этгандан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшни бўлиш ила баракотланиш истаги эди. Қани қайси биримиз буни инкор қила оламиз!?
Бу биринчи далил бўлса, иккинчиси, Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичган мешларнинг оғзини табаррукан кесиб олар эдилар.
Учинчи далил. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сочларини қирдираётганларида ҳар бир соч толаларини олиш учун бир-бирлари билан талашар эдилар, ҳаттоки, у зотнинг бирон тола сочлари ерга тушмас эди.
Тўртинчи далил. Асмо бинту Абу Бакр розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ридоларини[1] сақлаб қўйиб, унинг баракасидан беморларнинг шифо топишига умид қилар эдилар.
Бундан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узуклари токи қудуққа тушиб ғоиб бўлгунча Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумлар қўлларида сақланиб келди. Буни ҳам ушбу масалага бир далил сифатида олишимиз мумкин.
Биз юқорида зикр қилган барча ҳадислар саҳиҳ ва собитдур.
Энди биз Набий алайҳиссаломдан қолган нарса ва буюмлар билан табаррукланишни инкор қиладиган қишиларга бир дона савол берамиз холос: Нима учун саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли нарса ва буюмларга бунчалар эҳтиромда бўлишди? Сув ичилган мешнинг оғзи кесиб олиниши, муборак соч толалари ва терларининг йиғиб олиниши, ридолари, узуклари ва жойнамозларининг сақлаб қўйилишидан мақсад нима эди, деб ўйлайсиз?! Бу нарсалар музейларида экспонат бўлиши учун сақланганми?!
Агар бу буюмлар фақатгина келажак авлодга эслатма бўлиши учун сақланган дейдиган бўлсак, унда нима учун мусибат ва ғам-ғусса етган чоғларда саҳобалар бу ёдгорликларга бунчалар эътиборли бўлишган?!
Демак, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг бизга қолдирган шунга ўхшаш ёдгорликлари билан дуода Аллоҳ таолога тавассул (васила) қилиш жоизлиги келиб чиқади.
Зеро, Аллоҳ таоло дуоларимизни ижобат қилувчи ва неъматларни ато этувчи Зотдир. Барча нарса Унинг ҳукми остидадур. Аллоҳ барча нуқсонлардан покдур.
*Васила луғатда “у билан ўзгага яқин бўлинадиган нарса” маъносини англатади. Истилоҳда эса “дуо ижобат бўлиши учун Аллоҳ таолога Унинг ҳузурида қадрли экани билинган нарсани айтиб дуо қилиш, васила деб аталади”.
[1] Ридо- устки кийим
Манбалар асосида тайёрланди.
Ахунджанов Рустам, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти матбуот котиби