Ақида сўзи арабча “ақада” феълидан олинган бўлиб, «бир нарсани иккинчи нарсага боғлашнган нарсалар» маъносини англатади. Бу сўзнинг жами (кўплик шакли) “Ақоид” бўлади.
Ақида илмининг таърифи: Ақида илми – эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ўрганиладиган илмдир.
Ақида илмининг мақсади: Бу илмнинг мақсади диний ақидаларни қатъий далиллар ила исботлаш ва ундаги шубҳаларни рад қилишдир. Эътиқод қилиши лозим бўлган ишларда мусулмонни тақлидчи бўлишдан далил келтириш ва ишончли бўлиш чўққисига кўтаришдир. Энг асосий мақсади, тўғри ақида билан икки дунё саодатини ҳосил қилишдир.
Ақиди илмининг номлари: Ақида илми турли асрларда хилма-хил номлар билан аталган бўлиб уларнинг машҳурлари қуйидагилардир:
- Фиқҳул акбар (Энг катта фиқҳ). Ақоид илми ҳижрий 2 асрнинг бошларида ушбу ном билан аталган. Мусулмон кишининг эътиқоди амалларининг асоси бўлгани сабабли эътиқодга тааллуқли илм «энг катта фиқҳ» деб номланган.
- Илму калом (Калом илми). Ақоид илмининг бу номи ҳижрий иккинчи асрнинг 2 ярмида пайдо бўлган. Бундай номланиш сабаби ҳақида умумий саккиз хил қараш айтилган. Энг машҳурлари қуйидагилардир:
А) Ўша пайтларда ақоид илми баҳсларига «фалон фалон нарсалар ҳақидаги калом» деган сўз сарлавҳа бўлган, шу сабабли бу илм «Илму калом» номи билан аталиб қолган.
Б) Аллоҳ таолонинг каломи ҳақидаги масала ўша пайтларда ақоид илмининг энг машҳур баҳсларидан бўлгани сабабли бу илмни «Илму калом» деб аташган.
- Илму усулид-дин (Ислом дини пойдеворлари илми). Бу ном ҳам ҳижрий 2 асрларда пайдо бўлган. Ақоид илми барча шаръий илмларнинг пойдевори бўлгани сабабли ушбу ном билан аталган.
- Илму ақоид (Ишониб боғланган нарсалар илми). Бу ном ҳижрий 4 асрларда пайдо бўлган. Бу даврларда ақоид илми фалсафа билан аралашиб кетгани сабабли олдингиларнинг мусаффо ақийдаси билан кейингиларнинг чигал ақийдалари орасини ажратиб олиш учун ушбу номни қўллашга эҳтиёж туғилган.
- Илмун назор вал истидлол (Фикр юритиш ва далил излаш илми). Бу ном ҳижрий 6 асрлардан сўнг пайдо бўлган. Бу вақтларда ақоид илмидаги кўпгина баҳслар ақлий бўлиб қолгани сабабли бу илмдаги баҳсларни идрок этиш учун кўпроқ фикр юртиш ва далил излашга муҳтож бўлиб қолинган. Шунинг учун бу илм мазкур ном билан ҳам аталиб қолган.
- Илмут тавҳид вас сифат (Тавҳид ва сифатлар илми). Бу ном ҳижрий 9 аср атрофларида пайдо бўлган.Тавҳид ва сифатлар тўғрисидаги баҳсларақоид илмининг энг машҳур баҳсларидан ва энг улуғ мақсадларидан бўлгани сабабли мазкур асрларда бу илм шу ном билан ҳам аталган.
- Илмут тавҳид (Аллоҳ таолони зотида, сифатларида, исмларида, феълларида ва ҳукмларида ягона деб билиш илми). Бу ном ҳижрий 10 асрдан сўнг пайдо бўлган. Тавҳид ислом динининг шиори ва бошқа динлардан ажралиб турадиган белгиси бўлгани сабабли тавҳидни тушунтирадиган ақоид илми шу ном билан ҳам аталган.
Ақида илмининг мартабаси
Ақоид илмининг мартабаси ҳақида сўз кетганда унинг энг мўътабар илм экани таъкидланади. Чунки бу илм бошқа илмларга нисабатан пойдевор каби бўлса, бошқа илмлар унинг устига қуриладиган бино кабидир. Ақоид илмининг энг юқори мартабадаги илм экани унинг «Усулуд дин» (Диннинг асллари) деган номидан ҳам билиниб туради. Ушбу илмнинг бу ном билан аталишидан, бошқа илмларнинг «Фуруъуд дин» (Диннинг асллари устига қуриладиган бўлимлари) экани тушунилади.
Ақида масалаларининг баён этилиши жиҳатидан тақсими
Ақида масалалари баён этилиши жиҳатидан қуйидаги тўрт қисмга бўлинади:
- Илоҳиёт. Бу қисмда Аллоҳ таолонинг борлиги, бу ҳақдаги ақлий ва нақлий далиллар, Аллоҳ таолонинг сифатлари, нуқсонлардан мутлақ пок экани, қазо ва қадар, жаннатда Аллоҳ таолони кўриш каби ҳақиқатлар атрофида баҳс юритилади.
- Нубувват. Бу қисмда нубувват ва рисолат маънолари, ваҳий тушунчаси, пайғамбарлар, пайғамбарларда бўлиши лозим бўлган сифатлар, пайғамбарларнинг мўъжизалари ва ҳакозо пайғамбарларга тегишли бўлган ҳақиқатлар тўғрисида баҳс қилинади.
- Кавниёт. Бу қисмда инсонлар, фаришталар, жинлар , борлиқдаги сабабият қонунлари ва ҳакозо мавжудликларига эътиқод қилинадиган борлиқдаги барча нарсаларнинг ҳақиқатлари баҳс қилинади.
- Ғайбиёт. Бу қисмда жуда кўплаб ҳақиқатлар тўғрисида баҳс қилинади. Уларни умумий қилиб учга ажратиш мумкин:
- Ўлимга тааллуқли бўлган ҳақиқатлар тўғрисидаги баҳслар.
- Қиёмат аломатлари тўғрисидаги баҳслар.
- Қиёмат куни ва у кунда рўй берадиган воқеъалар тўғрисидаги баҳслар.