Ибн Қоййим айтади:
Билгинки, банда Аллоҳнинг розилигига қалби ва ҳиммати билан эришади, бадани билан эмас. Ҳақиқий тақво қалбдаги тақводир, аъзолардаги тақво эмас. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида айтади: ”Бундай бўлишлиги, Ким Аллоҳнинг шиор(буйруқ)ларини улуғласа, албатта бу қалбларнинг тақвосидандир”. (Ҳаж сураси, 32-оят). Аллоҳ таоло яна айтади: “Уларнинг гўштлари ҳам , қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмас. Лекин Унга сизлардан тақво етади”. (Ҳаж сураси, 37-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тақво мана бу ерда бўлади”-деб қалбини кўрсатдилар.Зийрак киши ҳимматининг олийлиги, ниятининг холислиги билан бошқалар кўп машаққатлар билан эришолмаган нарсаларга эришиши мумкин. Агар инсон интилган нарсасига жиддий қасд ва муҳаббат билан киришса у нарсанинг машаққатларини сезмайди. Аллоҳ розилиги сари йўл ҳам ҳиммат, муҳаббат ва жиддий қасд билан бўлмоқлиги керак. Бу борада энг тўғри йўл Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлидир. Аллоҳ таоло Ул зотнинг аввалги ва охирги гуноҳларини кечган бўлса ҳам кечалари кўп намоз ўқиганларидан оёқлари шишиб кетар, кундузлари кўп рўза тутганидан, у кишини кўрганлар доимий рўза бўлса керак деб ўйлар эди. Аллоҳ йўлидаги жангларда қатнашар, кунлик ҳаёт тарзида инсонлар билан доим аралашиб юрар, нафл ибодатлар, кунлик зикрларни тарк қилмасдилар. Бу анча-мунча қувватли инсонлар бажариши қийинроқ бўлган ҳолат, аммо жанобимиз Пайғамбар алайҳиссалом ҳимматининг олийлиги ва муҳаббатининг юксаклиги билан буларнинг ҳаммасига улгурганлар.






