“Фойдали нарсалар билан машғул бўлиш”
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مِنْ حُسْنِ إِسْلامِ الْمَرْءِ تَرْكُهُ مَا لا يَعْنِيهِ«. (حديث حسن رواه الترمذي وغيره هكذا).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кишининг ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк қилиши унинг Исломи чиройли эканлигидандир”. (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари. Ҳасан ҳадис).
Ибн Ражаб Ҳанбалий айтадилар: “Мазкур ҳадис одоб-ахлоқнинг улкан асосларидан бири саналади”.
Абу Довуд барча соҳа-фан доирасида Суннат аслларини тўрт ҳадис ташкил қилади деганларида, улар ичига юқоридаги ҳадисни ҳам киритганлар.
Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
— Соғлом муҳит яратиш
Ислом ҳамиша соғлом жамият қуришга ва инсонларнинг уруш-жанжалсиз, ўзаро тинч-тотув бўлиб, дўстона ҳаёт кечиришларига интилади. Ахлоқли ва комил иймонли мусулмон ўзига тааллуқли бўлмаган ишларга аралашиб юрмайди.
— Беҳуда нарсалар билан машғул бўлиш умрни зое кетказиш ва иймон заифлиги аломатидир
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят: Саҳобалардан бир киши вафот этганида кимдир:
— Жаннат хушхабари билан хушҳол бўл, — деб сўзлади.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалиги кишига дедилар:
— Сен қаердан биласан, эҳтимол у ўзи учун кераксиз нарсаларни гапиргандир ёки мол-давлатини камайтириб қўймайдиган нарсада бахиллик қилгандир?! (Термизий ривоятлари).
— Беҳуда нарсалардан юз ўгирмоқ саломатлик ва нажот йўлидир
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар сизлардан бир киши ўз Исломини чиройли қилса, қилган ҳар бир яхшилиги ўн баробардан тортиб етти юз баробаргача зиёдаси билан ёзилади. Ёмонликлари эса қандай бўлса-шунча ёзиб қўйилади”. (Бухорий ривоятлари).
Молик бундай ёзадилар: “Луқмондан сўрашди:
— Сизни бу даражага нима олиб чиқди?
— Ростгуйлик, омонатни адо этмоқ ва беҳуда нарсаларни тарк этмоқ! — деб жавоб бердилар Луқмони Ҳаким”.
— Аллоҳ таоло билан машғул қалб ўзи учун кераксиз бўлган ишларга эътибор бермайди
Ҳасан Басрий айтадилар: “Банданинг кераксиз нарсалар билан машғул қилиб қўйилиши Аллоҳ таолонинг ундан юз ўгирганига далолат қилади”.
— Инсон учун нима муҳим ва нима кераксиз саналади?
Инсон учун муҳим нарсалар: ҳаёт учун зарурий емоқ, ичмоқ, кийим-бош, уй-жой каби эҳтиёжлар ва Охиратдаги нажот-саломатликка тааллуқли амаллар.
Кераксиз нарсалар: мол-дунё кетидан қувиш, хилма-хил таом ва ичимликларни кўпайтириш, мансаб тама қилиш ва бировлар мақтовини хуш кўриш.
Дунё ва Охиратда инсон учун бирон нафи тегмайдиган ўйин-кулги, ҳазил-ҳузул каби кўнгилочар одатлар мубоҳ саналади. Вақтни беҳуда зое этадиган бундай ишлардан мўмин киши йироқ тургани афзал. Зеро, биз ҳали ўтказган вақтларимизга ҳам жавоб берамиз.
Муоз разияллоҳу анҳудан ривоят:
— Ё Расулуллоҳ! Биз ҳар битта гапирган гапимизга жавоб берамизми?
— Сени йўқлаб онанг йиғласин, эй Муоз! Ахир одамларни юз тубан дўзахга қулатадиган нарса тилларининг ҳосили эмасми?! (Термизий ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Одам боласининг амри маъруф, наҳий мункар ва Аллоҳ таоло зикридан бошқа сўзлари унинг фойдасига эмасдир”. (Термизий ривоятлари).
— Мусулмон киши хайрли ишлар билан машғул бўлмоғи лозим. У турли бемаъни сафсаталар ва беҳуда ишлардан ўзини покиза сақлаши зарур.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
Шамсиддинхўжа Сулаймонов