Беморни зиёрат қилиш шариъатимизда савобли амаллардан саналади. Беморни зиёрат қилишда ҳам беморга ҳам зиёратчига кўплаб манфаатлар бор. Бу ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Шунингдек, бемор зиёрати мусулмон кишининг бошқа мусулмон биродари зиммасидаги ҳаққи бўлиб, шариъатимизда буни адо қилишга тарғиб қилинади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмоннинг (бошқа) мусулмон зиммасидаги ҳаққи олтитадир”, дедилар. “Эй Расулуллоҳ! Улар қайсилар?”- дейилди. У Зот: “Унга рўбаро келсанг, унга салом бер, сени (бирор нарсага) таклиф этса, уни қабул қил, сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил, агар аксириб, Аллоҳга ҳамд айтса, унга ташмит айт (яхшилик тила), касал бўлса, уни зиёрат қил, вафот этса, (жанозасига) иштирок эт”, дедилар. Муслим ривоят қилган.
Беморни зиёрат қилган киши биродари ҳаққини адо қилиши билан бирга кўп яхшиликларга эга бўлади. Улар қуйидагилардир:
1. Касални кўргани борган киши улкан савобга эга бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши мусулмон биродарини (касал ҳолида) кўргани борса, то қайтгунича жаннат хурфасида бўлади”, дедилар. “Эй, Аллоҳнинг Расули! Жаннатнинг хурфаси нима?”-дейилди. У зот: “Жаннатнинг мевалари”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда “жаннат хурфаси”да, яъни, жаннат меваларида ичида бўлади”, дейилишидан, зиёратчининг кўплаб савобга эга бўлиши ирода қилинмоқда.
2. Беморни зиёрат қилган киши фаришталарнинг дуо ва истиғфорларига эга бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қайси бир мусулмон бошқа бир (бемор) мусулмонни эрта тонгда кўргани борса, оқшом тушгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Агар уни оқшомда кўргани борса, тонг отгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Ва жаннатда у учун бир бўстон бўлади” деганларини эшитганман”, дедилар. Термизий ривоят қилган.
Араб тилида “салавот” сўзи “салот”, сўзининг жами бўлиб, дуо қилиш маъносини билдиради. “Салавот” сўзи Аллоҳ таолога, фаришталарга ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳам нисбатан ишлатилган. Уламолар, Аллоҳ талога нисбат берилган салавотдан, Аллоҳнинг раҳмати, фаришталарга нисбат берилган салавотдан, уларнинг бандалар учун, дуо ва истиғфор айтишлари, Пайғамбаримизга нисбатан ишлатилган салавот эса, мусулмонларнинг у зотни улуғлашлари ва дуо қилишларидир, дейишган.
3. Беморни зиёрат қилиш сабабли, инсон жаннатдан ўзи учун бир жой ҳозирлаб қўяди. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким касални кўргани борса ёки Аллоҳ йўлидаги дўстини зиёрат қилса, нидо қилувчи унга: “Сен хушҳол бўлдинг, юришинг ҳам хушҳол бўлди ва жаннатда бир манзилни эгалладинг”, деб нидо қилади”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.
4. Бемор зиёрати билан инсон жаҳаннамдан узоқлаштирилади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким чиройли таҳорат қилиб, (бемор) мусулмон биродарини савоб умидида кўргани борса, жаҳаннамдан етмиш кузлик (йиллик) йўл узоқлаштирилади”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
5. Касални зиёрат қилган киши Аллоҳнинг раҳматига эга бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким касални кўргани борса, то ўтиргунича, раҳматга кириб боради. Агар (касал олдида) ўтирса, раҳматга ғарқ бўлади”, дедилар”. Молик ва Аҳмад ривоят қилишган.
6. Беморни кўргани бориш билан, ўз мусулмон дўстининг ҳаққини адо қилган бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмоннинг (бошқа) мусулмон зиммасидаги ҳаққи бештадир: Саломга алик олиш, беморни кўргани бориш, жанозага эргашиш, чақириқни қабул қилиш ва аксирувчига ташмит айтиш”, дедилар. Муттафақун алайҳ.
Шунингдек, беморни зиёрат қилишда беморга ҳам кўп фойдалар бор бўлиб, улар қуйидагилардир:
Беморни зиёрат қилиш касал кишига руҳий мадад бўлади, яъни, у ўз дўстлари олдида қадри-қиммати борлигидан хурсанд бўлиб, яшашга бўлган иштиёқи янада кучаяди. Беморнинг кайфияти кўтарилиши эса, касалликни енгишга сабаб бўлади. Шунингдек, у яқинларининг, дўстларининг меҳр-оқибатлари ва дуоларига сазовор бўлади. Натижада, улар ўртасида меҳр-оқибат, муҳаббат зиёда бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтамизки, касални зиёрат қилиш орқали инсон жуда ҳам кўплаб савоб ва фазилатларга эга бўлар экан. Бундай имконият ҳаммамизда бор. Шундай экан, тезроқ бу имкониятдан фойдаланайлик! Беморларни зиёрат қилиб улкан савобларга эга бўлайлик!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси Мадаминов Шокиржон






