(Давоми)
Ноанъанавий динлар дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда
Ҳозирги кунда, дунё ҳамжамиятини ноанъанавий динларнинг фаолияти ташвишга солмоқда. Айнан, дунё миқёсида ноанъанавий динларнинг ижтимоий намоён бўлиши бир қатор муаммоларни келтириб чиқаряпти. Бир миллатга мансуб, бир тилда гаплашувчи, умумий тарих ва ягона давлатга эга бўлган фуқароларни диний асосда бўлиб ташлашга қаратилган ҳаракатлар ҳар қандай жамият ҳамда давлат учун таҳдиддир. Айни пайтда инсониятнинг кўп асрлик тарихи диндан ниқоб сифатида фойдаланиш, ундаги ғояларни вайронкорлик руҳида талқин этиш инсонлар бошига кўплаб кулфатлар келтирганини кўрсатади. Замонавий воқелик диндан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланиш давом этиши баробарида, у ўта нозик тус ва хатарли кўринишлар олаётганидан гувоҳлик бермоқда.
Бугунги кунда ноанъанавий диний жамоалар томонидан қилинаётган тарғибот ва ташвиқотлар оқибатида конфессиялараро низолар келиб чиқмоқда. Айниқса, айрим диний ташкилотлар томонидан ўз сафларини кенгайтириш мақсадида ўзга динлар ўртасида миссионерлик фаолиятини олиб бориши диний адоватларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолатлар Африка ва Осиё минтақасидаги қатор мамлакатларда миссионерлик натижасида туб аҳолининг диний таркибидаги мувозанатни бузилишига замин яратмоқда. Африканинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган Судан Республикасининг асосий нефт захиралари жойлашган жанубий ҳудудлари ўтган аср давомида католик ва протестант мисcионерлари томонидан фаол христианлаштирилган эди. Ушбу ҳудудда марказий ҳукуматга қарши қуролли чиқишлар оқибатида, айрим маълумотларга кўра, 1,5 млн.га яқин одам нобуд бўлган. 2011 йили Африкадаги энг йирик давлат ҳисобланган Судан аҳолисининг асосий қисми христианлардан иборат жанубий Судан Республикасига бўлиб юборилди. Ваҳоланки, миссионерлик оқибатида ўтмишда буюк маданият ва тараққиёт даврларини бошидан кечирган халқ ва миллатлар ўртасида ўзаро низо ва адоватларни кучайишига замин яратаётганлигини таъкидлаш ўринлидир.
Айнан, мазкур ҳолат туфайли Индонезиянинг христианлаштирилган шимолий ҳудудлари – Суматра, Сулавеси ва Молукко ҳудудларида муттасил равишда мусулмонлар ва христиан прозелитлари ўртасида диний низолар асосида тўқнашувлар, қотилликлар, террорчилик ҳаракатлари рўй бериб туради”. Дунёдаги “айрим” сиёсийлашган диний марказлар томонидан мазкур омиллар мустамлакачилик ва янги мустамлакачилик, буюк давлат шовинизми ва халқаро муносабатларда диний зўравонлик асосида мамлакатда парокандаликни келтириб чиқаришга замин яратмоқда. Шу тариқа, “иқтисодий ёрдам” кўрсатиш баҳонасида ривожланаётган давлатларни ички ишларига аралашув сингари қонунга зид ҳаракатлар кузатилаётганлигини таъкидлаш лозим. Натижада, ҳокимият учун кураш, айирмачилик, чегаравий ва минтақавий зиддиятлар, этник можаролар экстремизм ва терроризмни тобора кучайишига замин яратмоқда. Ўз навбатида мазкур ҳолат, мамлакатда диний туйғуларни кучайтириш орқали бир-бирига қарама қарши турган гуруҳларни шакллантирмоқда. Дин мафкуранинг энг кенг тарқалган шакли бўлгани учун ундан сиёсий партиялар ҳам фойдаланди. Кейингилар эса диннинг асл моҳиятини бузиб, уни ниқоб қилиб олди.
(Давоми бор)
Икром Рўзиқулов
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси






