«سُبْحَانَ الَّذِي أَسْرَى بِعَبْدِهِ لَيْلًا مِنَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ إِلَى الْمَسْجِدِ الْأَقْصَى الَّذِي بَارَكْنَا حَوْلَهُ لِنُرِيَهُ مِنْ آيَاتِنَا إِنَّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ»( سورة الإسراء،1)
» Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога мўжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот пок бўлди. Албатта, У эшитгувчи ва кўрувчи Зотдир.” (Исро сураси, 1-оят)
Масжидул Ақсо мусулмонлар учун Макка ва Мадинадаги икки муқаддас Ҳарамдан кейинги учинчи улуғ қадамжо ҳисобланади. Унинг тарихи Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Мерож” кечалари билан боғлиқ. У жойда “Исро” кечаси жамики пайғамбарлар Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг орқаларида туриб намоз ўқишган. Шунингдек Масжидул Ақсо дунёдаги энг катта масжидлардан бири ва мусулмонлар учун аввалги қибладир. Масжидул Ақсо Фаластин пойтахти Қуддус шаҳрининг “Қадимий шаҳар” қисмида жойлашган. Умумий майдони таҳминан 144 000 га етади. Масжидул Ақсо “Қуббатус сахро”, “Масжидул Қибла” ва “Масжидул Марвоний” ларни ўз ичига олади. Масжидул Ақсо “Мурия” деб номланадиган кичик тепаликда жойлашган.
Масжидул Ақсони бир қанча номлари бор:
“Масжидул Ақсо”. (مَسْجِدُ الأقْصى) “Ақсо” сўзи узоқ маъносида ишлатилади. Масжидул Ҳарам ва Масжидул Ақсо орасидаги масофа узоқ бўлганлиги учун “Ақсо” деб номланган. Аллоҳ таоло Қуръонда ҳам “Масжидул Ақсо” номи билан атаган.
“Байтул муқаддас” ( (بَيْتُ المُقَدَّسМуқаддас калимаси “муборак” ва “пок” маъноларини англатади. Мусулмон уламолар ва шоирлар бу номни жуда кўп зикр этишган. Имом Ибн Ҳажар Асқалоний айтганларидек:
الى البَيْتِ المُقَدَّسِ قد أتينا جنان الخلد نزلا من كريم
“Байтул Мақдис”. Бу ном Қуръонда “Масжидул Ақсо” исми ишлатилмасидан олдин маълум ва машҳур ном эди. Бу ном Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўтабар ҳадисларида ҳам келган. Исро ва Меърож кечасида айтганларидек: “Сўнгра мен ва Жаброил алайҳиссалом Байтул Мақдисга кирдик, ҳар биримиз икки ракъат намоз ўқидик”.
Кўкалдош ўрта махсус ислом
билим юрти 4 – курс талабаси
Абулаҳадов Абдулмўмин






