Ваҳҳобийларнинг шайхлари бир калимани яшириб ўзларидан мужассима фирқасини қилиб олдилар, улар қуйидаги оятдаги: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), дарҳақиқат, сизга байъат-қасамёд қиладиган зотлар ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳга байъат қилурлар. Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устида бўлур.» (Фатҳ сураси 109 – оят), Аллоҳнинг қўли деганда ҳақиқий қўл деб айтишади.
Улардан ҳақиқий қўл деган сўзни қаердан олдингиз деб сўралса, улар на Китоб ва на Суннатдан ва на бирон бир салафи солиҳлардан бирон ҳужжат келтира олмайдилар!
Шу йўл билан улар ўзларига эргашганларни залолатга бошлайдилар, бундан эҳтиёт бўлиш керак!
Салафларнинг ушбу оят ва шунга ўхшаш сифат оятлари ҳақида тутган йўли (мазҳаби), уларнинг барчасига имон келтириш, уларнинг маъносини ва улардан мурод нима эканини Аллоҳ таолога тавфиз қилиш (яъни топшириш) ҳамда махлуқотларга ўхшатишлик мумкин бўлмаганлиги сабабли Аллоҳ таолони поклаш билан биргаликда оятларни ҳақиқатини таъвил қилишни тарк қилиш вожиб бўлади. Зеро Аллоҳ таоло:
«لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ ۖ وَهُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ»
«Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитгувчи ва кўриб тургувчидир.» деб марҳамат қилади.
Кейинги халаф уламоларнинг йўли эса Аллоҳ таолога лойиқ бўлган тарзда шаръий нассларда келган сифатлар маъносини таъвил қилишдир. Мисол учун шу ўринда улар қўлни қувват ва қудрат деб таъвил қилишган (яъни Аллоҳнинг қуввати нусрати уларнинг қуввати ва нусрати устидадир).
Ёки Аллоҳнинг қўлининг маъноси: Аллоҳ таолонинг уларга яхшилик ва нусрат беришига бўлган ваъдасига бўлган вафоси уларнинг қўлларининг устидадир. Шу жумладан мақсад ишора қилганимиздек вафо ва саботнинг вожиб бўлишини таъкидлаш.
Кашшофнинг муаллифи Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), дарҳақиқат, сизга байъат-қасамёд қиладиган зотлар ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳга байъат қилурлар», деб тамсил йўли билан таъкидлайди ва оятни давомида, «Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устида бўлур», деб байъат қилувчиларнинг қўлларини устида турган «Аллоҳнинг қўли» деб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини ирода қилади. Аллоҳ таоло эса аъзо ва жисмга оид сифатлардан пок Зотдур.”
Кўкалдош таълим муассасаси матбуот котиби Р.Ахунджанов






