Оқила исми жисмига мос қиз. Унинг тарбияси ва одобида оиласининг аҳамияти катта. Кекса бобоси ҳар доим набираларининг тарбияси ва хулқи учун ўзи жон куйдиради. Бу оилада барча набираларнинг қизиқиш ва иқтидорлари инобатга олинади. Оқиланинг акаси қурувчи бўлишни хоҳлайди, унинг қизқишларини барча ҳурмат қилади ва машҳур қурувчи бўлишига ишонадилар. Оқила эса шифокор бўлишни, ўзгаларга қийин вақтда кўмак беришни истайди. Бунинг учун унга оила аъзолари барча шароитларни муҳайё қилган. У айни пайтда тиббиёт коллежининг иккинчи босқич талабаси. Оқиланинг кичик укаси спортчи бўлмоқчи. Уни ҳам ўзи учун алоҳида барча спорт анжомлари билан жиҳозланган хонаси бор. Оиланинг каттаси бўлмиш Фозил бобо ҳар кеч таомдан сўнг набираларини жамлаб бир, икки соат одоб ахлоқ мавзусида гаплашади. Суҳбатларнинг аксар қисми ўзгаларни мазаҳ қилмаслик, катталарга эҳтиромли бўлиш, кичикларни иззат қилиш, турли тил офатларидан эҳтиёт бўлиш борасида бўлади. Бугун Фозил бобо набираларига Ҳужурот сураси 12-оятининг ушбу қисми асосида ваъз насиҳат қилди:
وَلَا يَغْتَب بَّعْضُكُم بَعْضًا ۚ أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَن يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ ۚ
…Бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасизларку, ахир![1]
Шу кеч болалар ғийбатнинг бу дунё ва охиратдаги зарарлари ҳақида етарлича маълумотга эга бўлдилар.
Эртаси куни Оқилани ўқиш жойидан амалиёт учун ўликхонага олиб боришди. Бу уларнинг илк амалиётлари бўлиб, дастлабки кунлари юраги бўшлар кирмаслиги ҳам мумкин дейилди. Оқила ўзи интилаётган соҳасига жуда қаттиқ киришишни мақсад қилгани учун майитлар солинган музхонага киришга қарор қилди. Аммо ўқитувчи майит аъзоларини тушунтиришни бошлаши биланоқ талабалар орасида шовқин турди. Кимдир “сув беринглар сув, хушини йўқотди” – деди ваҳима билан. Хушини йўқотган талаба Оқила эди. У ўзи ўйлаганидан анча қўрқоқ экан. Майитни кўриши билан ўзини билмай қолди. Уйига келганида ҳам овқат егиси келмас, амалиёт дарслари кўз олдидан кетмасди. Бир ҳафтагача ўқишга бора олмай уйида ётди. Ҳафтанинг дам олиш кунида уни кўргани яқин дугонаси Соҳиба қўлида олма ва аллақандай ширинликлар кўтариб кириб келди. Улар анча вақт суҳбатлашишди. Соҳиба курсдоши Лайло ҳақида анча гапирди.
– Айниқса охирги пайтда бу қизни қадам олиши ўзгарган, деди у бош чайқаб. Кеча ҳам дарсдан қочди, қаёққа кетганини ҳеч ким билмасмиш деди.
– Ҳа жим юргандан қўрқиш керакда ўзи, деди Оқила ҳам Соҳибани маъқуллаб. Соҳиба яна анча вақт Лайлони ғийбат қилиб кечга яқин кетди. У кетгач Оқила бироз ўрнига чўзилишни маъқул кўрди.
Шу орада хонасини эшиги тақиллаб яна Соҳиба кириб келди. – Ҳа бирор нарсангни унутдингми деди Оқила ўрнидан қўзғалиб. – Кечки овқатни сен билан бирга еб кетақолай деб қайтдим, деди Соҳиба қўлидаги ҳалталарни хонтахта устига қўйиб – ке ўтир, деди. – Овора бўлибсанда, деди Оқила уни ёнига бориб хушламайгина ўтираркан. – Сумкангдан намунча бадбўй ҳид чиқаябди, деди беихтиёр бурнини ёпиб. – Ол, ол еявер, жигарини сен е, ўпкасини мен ейман, деди Соҳиба Лайлони бўлакланган гўштларини хонтахта устига қўйиб. – Ахир сен қандай еябсан буларни, Оқила мажолсиз гапирар, аммо ўзи ҳам ҳар қанча ёмон кўрса ҳам Лайлонинг гўштларидан емоқда эди. – Суякларини яхшилаб охиригача е, дер эди Соҳиба чайналиб…
– Оқила, Оқила тур қизим сенга нима бўлди, намозшом вақтида ухламагин деб неча марта айтамана! Оқила онасининг овозидан уйғониб кетди. Унинг миясида бобосининг ғийбат ҳақида айтган гаплари, амалиёт хонаси ва ҳозиргина кўрган дахшатли туши қоришиб кетган эди. Буларнинг барчаси ғийбат нақадар ёмон иллат эканини уқтираётгандек эди.
…Орадан йиллар ўтиб тиришқоқ мутахассис Оқила Фозилова шаҳар марказий шифохонасининг бош шифокори мақомига кўтарилди. Ҳар куни инсонлар унинг қабулига навбат кутиб турардилар. У кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Аммо ҳеч қачон ўзгаларни ғийбат қилмади. Ғийбат бор давраларни тарк этди. Имкон топганида бошқаларни ҳам раҳматли бобоси каби ғийбат қилмасликка чорлар эди.
Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм
(Давоми бор)
[1] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири.






