Воқеа қаҳрамони сўзлаб беради:
Ўсмирлик давримда кўп вақтимни уйдан ташқарида дўстларим билан ўтказардим, овқатланишим ҳам шу аҳвол эди, дўстларим билан ҳар хил кафелар, турли хил ошхона ёки боғларда овқатланардик. Уйга жуда кеч қайтардим. Қайтганимда ота-онам, укаларим ухлаган бўлишарди. Онам эса ҳар куни музлатгич ичига бир парча қоғозга хат ёзиб қолдирар эдилар. Хатлар: «Ўғлим, бугун бундай таом пиширдим, овқатинг фалон жойда, ичимлигинг фалон жойда, кир бўлган кийимларингни фалон жойга қўйиб қўйсанг ювиб қўяман, тоза кийимларингни фалон жойдан оласан»,- ва шу каби маъноларда ёзилган бўларди.
Кунларим шу йўсинда ўтиб борарди…
Ана шундай кунларнинг бирида мен одатдагидек дўстларим билан алламаҳалгача кўча кезиб, вақтимни «чоғ » ўтказдим ва тонг вақти яқинлашиб қолганда уйга кириб келдим. Онам ҳар доимгидек музлатгич ичига хат қўйиб қўйган эдилар. Аммо мен бу сафар қаттиқ толиққандим, кўзларим юмилиб кетаётганди. Хатни очиб ўқишга ҳолим йўқ эди. Бир амаллаб ётоғимга етиб олдим ва ширин уйқуга кетдим.
Қаттиқ шовқиндан уйғониб кетдим. Кўзларимни базўр очиб атрофга қарадим: отам йиғидан ўзини тиёлмас, укаларимнинг кўринишлари ҳам аянчли аҳволда эди. Фақат биргина онамнинг овози эшитилмаётганди. Дарҳол ўрнимдан туриб отамга юзландим:
- Отажон нима бўлди ўзи, нега йиғлаяпсизлар?
- Онанг вафот этибди,ўғлим!
Отамнинг жавобидан баданимни қалтироқ босди, кўзимдан ёшлар шошқатор бўлди, нималар деяётганимни билмасдим, ўзимни йўқотаёзгандим:
- Бўлиши мумкин эмас! Онажон! Нега? Кўзимнинг нури! Онажонгинам!
Отам менга тасалли беришга, мени юпатишга уринардилар…
Дафн маросимлари, таъзиялар тугаб кечга томон уйга қайтдим. Қалбим маҳзун, кўзларим ҳоргин, ҳали ҳам бўлган воқеага ишонгим келмасди.
Хонамга кириб тўшагимга ётганим замон миямга келган хаёлдан титраб кетдим. “Онажоним менга ёзиб қолдирган хат!”… Яшин тезлигида ошхонага кириб музлатгични очдим. Ҳа, онажонимнинг хати ҳали ҳамон музлатгич ичида эди, уни очиб ўқидим. Ўқиганимдан сўнг мени янада оғирроқ ғам босди, аламим зиёда бўлди, чунки бу гал хатда одатдаги буйруқ, насиҳат ёки кўрсатмалар йўқ эди. Фақатгина икки оғиз сўз:
- Ўғлим, бироз мазам бўлмаяпти. Келганингда мени уйғотгин, шифохонага олиб бориб келасан.
Кечиринг мени, онажон…
Афсус…
وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا
Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Исро сураси, 23-оят).
Келинг бир оз муддат тафаккур қилайлик.
Сиз, бугун ота-онангизнинг қўлини ўпдингизми?
Сиз, бугун уларни бағрингизга босдингизми?
Сиз, бугун уларга кўнгиллари тусаётган нарсани тақдим эта олдингизми?
Сиз, бугун уларнинг кўзларини қувончга тўлдирадиган бир иш қила олдингизми?
Сиз, бугун уларга ширин сўз айтиб қалбларига сурур олиб кира олдингизми?
Сиз, агар ота-онангиз вафот этган бўлсалар, уларнинг ҳақларига дуо қилдингизми?
Агар шу сингари саволларга “ҳа” деб жавоб бера олсангиз, демак сиз солиҳ фарзандсиз.
Лекин минг афсуски, кўпчилигимиз ўзимиз ёки оиламиз муаммолари билан овора бўлиб, бошқача қилиб айтганда турли баҳоналар билан машғул бўлиб қолиб, ота-онамизга етарли эътибор бермаймиз. Ҳали улар узоқ яшашади, ҳали кўп йиллар давомида хизматларини қилишга улгураман, деган хаёлда бепарво юрамиз. Лекин ҳеч ўйлаб кўрганмизми, эрта тонгда уйғонганимизда улар ҳаёт бўлармикин, ёки ўқишга кетиш олдидан хайрлашиб кетаётганимиз, бизнинг дуогўйларимиз ўқишдан қайтгунимизгача ва ҳатто остонадан чиққунимизгача ҳаётмилар, биз қайтганимизда табассум ила кутиб оладиларми ёки йўқ ?
Уларни борида қадрланг, токи ёнингизда эканлар тез-тез бағрингизга босиб, елкаларидан силаб қўлларини ўпиб, кўнгилларини хушнуд этинг чунки вақти келиб, уларнинг муздек баданларини қучиб йиғлаганингизда кеч бўлади.
Аллоҳ барчамизга ота-оналаримизни қадрлаб, эъзозлаб хизматларини қилишни насиб айласин ва бу хизматларни бизларга енгил қилиб қўйсин. Юқоридаги каби саволларга “ҳа” деб жавоб бера оладиганларнинг ажрларини янада зиёда қилсин, ижобий жавоб бера олмаётганларни “ҳа” деб жавоб берадиганлар сирасидан бўлишларига муваффақ айласин.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Ахмедов Охунжон






