Адолат деганда бирор масалада инсонлар ўртасини ажратмасдан, ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини бериш ёки гуноҳкор кишини гуноҳига яраша зулм ва тарафкашлик қилмасдан жазолаш тушунилади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам адолатни илоҳий тарбиядан, қуръоний ахлоқдан олганлар. У зотнинг муборак фитратларида ёшлик чоғларидан бошлаб адолатли бўлиш аломати намоён бўлган. Чунончи, у зот қурайшликларнинг «Ҳилфул фузул» номли зулмга қарши чиқиш ва мазлумларга ёрдам бериш келишувида қатнашганлар. Ўзлари бу ҳақда шундай деганлар: «Мен Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг ҳовлисида бир келишувда қатнашдим. Менга ўша келишувнинг ўрнига қизил туялар берилганида ҳам рози бўлмас эдим. Исломда ҳам шундай келишувга чақирилсам, албатта қатнашган бўлардим».
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни маҳкам тутар, мансабга ҳам, қариндошликка ҳам қараб ўтирмас эдилар. Бадр жангида амакилари Аббос ҳамда суюкли қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳумонинг эри, яъни куёвлари Абул Ос асир тушган эди. Саҳобалар Аббос ибн Абдулмутталиб Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари эканини ҳисобга олиб, уни товон пулисиз озод қилишга рози эканликларини билдиришди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга рози бўлмадилар. Чунки амакилари Аббоснинг мол-мулки жуда кўп бўлиб, товон тўлашга бемалол қурби етарди. Шунинг учун уни Маккадан товон пули олиб келишгандан сўнггина озод қилдилар.
Куёвлари Абул Осга товон пули юбориш учун иймон келтирган, лекин ҳали Мадинага ҳижрат қила олмаган қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳодан бошқа одам йўқ эди. Зайнаб розияллоҳу анҳо бу хабарни эшитгач, ўзлари жуда фақир яшаганлари учун тўйлари пайти марҳум оналари совға қилган тақинчоқларни товон сифатида бериб юбордилар. Жаноб Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абул Оснинг товони сифатида келган тақинчоқларни кўриб, Хадича онамиз розияллоҳу анҳони эслаб, бироз ғамга ботдилар. Кейин саҳобаларга агар рози бўлишса, қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳонинг тақинчоқларини ўзига қайтариб, Абул Осни товонсиз озод қилмоқчи эканларини айтдилар. Саҳобалар бунга рози бўлишди.
Ушбу ҳолатда Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларнинг розиликларини олмасдан ҳам озод қилиб юборсалар бўларди. Лекин у зотнинг адолатлари бунга йўл қўймасди. Ўшанда Бадр асирларини олиб келишаётган вақтда Аббос розияллоҳу анҳу қўлини кишан қийиб юборгани учун оғриқдан инграрди. Пайғамбар алайҳиссалом амакиларига раҳмлари келиб, унинг қўлидаги кишанларни бироз бўшатишни буюрдилар. Кишан бўшатилгач, амакилари енгил тортди. Пайғамбар алайҳиссалом адолат қилиб, барча асирларнинг кишанлари бўшатилишини буюрдилар.
Бир куни Қурайшнинг Бану Махзум уруғидан бўлган ҳурматли кишиси ўғрилик билан қўлга тушди. Қурайшликлар бу ишни арзимас ҳисоблаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга севимли набиралари Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу орқали айттириб, гуноҳкорни жазодан қутултирмоқчи бўлишди. Усома ибн Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган воқеани айтиб, афв қилишларини сўраган эди, ул зот: «Аллоҳ таолонинг жазоси жорий қилиниши лозим бўлган ўринда уни ҳимоя қилиб чиқяпсанми?! – дедилар. Сўнг ўринларидан туриб: – Билиб қўйинглар, сизлардан олдинги қавмларнинг ҳалок бўлишига ҳам шундай қилганлари сабаб бўлган, яъни шарафли кишилари ўғрилик қилса, ўз ҳолига ташлаб қўйишган. Оддий кишилари ўғрилик қилганда, уларни жазолашган. Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилган бўлса ҳам, албатта жазолаган бўлардим», дедилар.[1]
Яна бир куни Пайғамбар алайҳиссалом ўлжаларни тақсимлаётган эдилар. Бир киши келиб, ўлжаларга ўзини отди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом «Ўзингни босиб ол» деган маънода қўлларидаги новда билан уни бир урган эдилар, юзига жароҳат етиб қолди. Бундан афсусланиб, ҳалиги кишига: «Кел, ҳаққингни ол», дедилар. У киши эса: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизни афв қилдим», деди.[2]
Бир саҳобий ҳам шунга ўхшаш воқеани ҳикоя қилади: «Ҳунайн куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллламнинг орқаларидан борар эдим. Оёғимдаги пойабзалим жуда қалин ва дағал эди. Бир пайт у зотнинг муборак оёқларини босиб олдим. Қўлларидаги хивич билан уриб: «Менга озор бердинг» дедилар. Мен: «Аллоҳнинг Расулига озор бериб қўйдим‑а!» деб, ич-этимни еганча, туни билан ухлаёлмадим. Ўзимдан ўтгани фақат Аллоҳга аён. Тонг отгач, бир киши келиб: «Фалончи қани?» деб сўради. Мен: «Энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима дер эканлар!?» дея ул зотнинг ҳузурларига бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўришлари билан: «Сен кеча оёғимни босиб олган эдинг. Мен эса сени хивич билан урган эдим. Ана шунинг бадалига мана бу саксонта эчки сенга, ол», дедилар».[3]
Саҳобаларнинг улуғларидан бўлган ҳазрати Умар ибн Хаттоб розиялллоҳу анҳу тириклик пайтларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам бутун Ислом оламида Умари Одил номи билан машҳур бўлдилар. Ҳазрати Умар шунчалик адолатли бўлган эканлар, энди у кишининг устозлари бўлган жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг адолатлари қай даражада бўлганини тасаввур тарозисида ўлчаб олаверинг.
Набий алайҳиссалом умрларининг охирида минбарга чиқиб, шундай хитоб қилдилар: «Эй инсонлар, кимнинг елкасига қамчи урган бўлсам, мана елкам, ҳаққингизни олинглар. Кимдан мол олган бўлсам, мана бор бойлигим, ҳаққингизни олинглар. Кимнинг обрўсига тегиб, ҳақорат қилган бўлсам, мана обрўйим, ҳаққингизни олинглар. Огоҳ бўлинглар, сизлардан ҳеч бирингиз «Расулуллоҳнинг ғазабларидан қўрқаман», демасин. Зеро, ғазаб менинг табиатим эмас, одатим ҳам эмас. Огоҳ бўлинглар, мен учун энг суюкли киши мендан ҳаққини олган ёки кечиб юборган кишидир. Шунда мен Роббимга пок (қалбимда ғашлик бўлмаган) ҳолда йўлиқаман». Шунда бир киши туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизда уч дирҳам пулим бор», деди. Пайғамбар алайҳиссалом унга қачон олганларини эслатишини сўрадилар. Шунда ҳалиги киши: «Эслайсизми, бир куни олдингиздан бир мискин ўтиб кетди. Шунда менга пул бериб юборишни буюрдингиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Фазл (яъни, Фазл ибн Аббос), бу кишига ўша пулни бериб қўй», дедилар.[4]
Мана, Пайғамбар алайҳиссаломнинг адолатлари ҳақида бир оз тасаввурга эга бўлдик. Энди мана шу сифатлари билан бевосита алоқаси бўлган тавозелари ҳақида сўз юритсак.
[1] Саҳиҳ тўпламлар соҳибларининг бештаси ривоят қилишган.
[2] Имом Абу Довуд ва имом Насоий ривоятлари.
[3] Ибн Исҳоқ ривояти.
[4] Абу Яъло ва имом Табароний ривоятлари.





