«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртида 4 сентябр куни Республикамиз мустақиллигининг 28 йиллигини муносиб нишонлаш ҳамда 2019-2020 ўқув йили бошланиши муносабати билан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон” шиори остида тадбир бўлиб ўтди. Байрамона тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансуров, Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири ўринбосари Акбар Дўсматов, “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Ҳалилов ва бошқа фахрий устозлар таклиф этилди. Тадбирда билим юрти мударрислари, ишчи-ходимлар ва барча талабалар иштирок этдилар. Тадбир Республикамиз мадҳияси билан бошланди. Тадбирни билим юрти мудири М.Насриев кириш қисми билан очиб берди. Барчани қўшалоқ байрам билан табриклади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг байрам табригини ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансуров ва “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Ҳалиловлар ўз нутқларида мамлакатимиздаги диний эркинликлар, барча дин вакилларига бир хил шароитлар яратилгани, аждодларимиз асарлари авлодларга етказиш учун кенг кўламда ишлар олиб бораётгани айтиб ўтилди. Диний соҳада, хусусан, диний таълим соҳасида эришилган ютуқлар бирма-бир тилга олинди. Тадбир давомида билим юртида биринчи курсга қабул қилинган талабалардан энг юқори балл тўплаган талабага рамзий маънодаги талабалик гувоҳномаси топширилди. Тадбир якунида Республикамизнинг марҳум биринчи Президенти И.А.Каримов ва мадрасада хизмат қилиб ўтган фахрий устозларни хотирлаб Қуръони карим тиловат қилинди ва уларнинг руҳи покларига бағишланиб дуолар қилинди.
Шундан сўнг барча талабалар “Мустақиллик дарси”ни ўтиш учун синфхоналарга киришди. Ушбу дарслар олдиндан тайёрланган слайдлар асосида билим юртининг барча курсларига ўтилди. Мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритиши учун чеккан заҳматлар айтиб ўтилди. Истиқлолнинг илк даврларида вужудга келган қийинчиликларни матонат билан енгиб ўтган халқимиз аҳволи, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши йўлидаги заҳматлари мисоллар билан слайдлар асосида ёритиб ўтилди. Истиқлол натижасида Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан барқарор давлат даражасига етгани ва дунёда ўз обрўсига эга бўлгани таъкидланди. Охирги йилларда юртимизда амалга оширилган ислоҳотларга алоҳида тўхтаб ўтилди. Диний-маърифий соҳадаги эришилган ютуқлар ҳақида маълумотлар берилди.
Маънавий ва маърифий масалалар бўйича
мудир ўринбосари А.Ғаниев













