Албатта, барча мўмин мусулмонлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога яқин банда бўлишликни орзу қилишади. Бандадан талаб қилинадиган бир қанча нарсалар бор халос. Буни қуйида айтиб ўтамиз.
Аллоҳ таолога банда яқин бўлишлиги учун тўрт асосий сабаб бор:
1 – Қуръон тиловати ва Қуръон соясида яшашлик, унинг оятларини тадаббур қилишлик ва унга амал қилишлик.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни таълим олиб, таълим берганларидир»;
2 – Дунёдан ажралишлик ва зуҳд қилишлик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига бир киши келиб, «Ё Аллоҳнинг росули, мени бир амалга далолат қилингки, агар уни қиладиган бўлсам Аллоҳ мени яхши кўрсин ва инсонлар ҳам яхши кўрсин». У зот: «Дунёда зоҳид бўлсанг, Аллоҳ сени яхши кўради. Инсонлар олдидаги нарсада зоҳид бўлсанг, инсонлар сени яхши кўради» дедилар. Шунинг учун ҳам дунёнинг муҳаббатини қалбимиздан чиқариб ташлашимиз зарур;
3 – Тунда қоим бўлиш.
Тунда ҳолатимизни Аллоҳга шикоят қиламиз. Аллоҳ таоло бандаларини сифатлаб шундай марҳамат қилган: «Улар кечалари оз ухларлар ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар» (Зарият сураси 17-18 оятлар).
4 – Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти карималари борасида тафаккур қилиш.
«Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор. Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлар: «Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни ўт азобидан сақлагин»… дерлар» (Оли Имрон сураси 190-191 оятлар).
Доктор Оиз Қарнийнинг «Сен Аллоҳни муҳофаза қил – Аллоҳ сени муҳофаза қилади»
китобидан Абдуссамиъ Эргашев таржимаси.





