Қодир бўла туриб кечириш ва авф этиш
Ҳалимлик, сабр ва авф сўзлари бир-бирига яқин маъноларни ифода этади. Лекин улар орасида бирини бошқасидан ажратиб турадиган нозик фарқлар бўлиб, ҳар бири ўзига хос маъно касб этади. Ҳалимлик ва сабрни ўтган бобларда баён қилиб берилди. Авф этиш – хато учун жазолашни тарк этишдир. Кейинчалик бу сўз бировнинг гуноҳини кечиб юбориш маъносида қўллана бошлаган. Аллоҳ таоло Ўзи Набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мазкур уч фазилатни таълим бериб, шундай дейди: «Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир» .
Мазкур оят нозил бўлганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан таъвилини сўраганларида: «Унинг маъноси хусусида ҳақ сўзловчи, билувчи Зотдан сўрамагунимча (бирор гап айта олмайман)», деб жавоб беради. Сўнг кетиб, қайтиб келиб: «Эй Муҳаммад! Албатта Аллоҳ сенга ришталарни узганлар билан алоқани боғлашингни, ман қилганларга беришингни, зулм ўтказганларни кечиришингни амр қилмоқда», дедилар. Аллоҳ таоло айтади: «Ва афв этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?!» .
Мўминлар бир-бирларидан ўтган хатолик ва камчиликларни кечирсинлар, кўз юмсинлар ва ўтиб юборсинлар. Кечиримли, шафқатли ва раҳимдил бўлишда Набий алайҳиссаломга тенг келадиган киши йўқлигига мисоллар жуда кўп. Бундай хислатлар билан у зотнинг ҳаёт саҳифалари безалган десак муболаға бўлмайди. Шариат ҳукмларини ихтиёр этишдаги ҳолатлари бунга яққол далилдир. Икки Шайх ва имом Абу Довуд келтирган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо шундай дейди: «Росулуллоҳга икки ишдан бирини танлаш ихтиёри берилар, агар гуноҳ бўлмаса, енгилроғини танлар эдилар. Агар гуноҳ бўлса, ундан бутунлай юз ўгирар эдилар». У зотдан: «Осон қилинглар, қийин қилманглар. Бу дин осондир», деганлари собит бўлган. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди, сизларга қийинликни хоҳламас» . Бу оятда ҳаром ёки макруҳ бўлмаса, ишнинг осон ва енгил томонини олиш мустаҳаблигига чақириш маъноси бор. Чунки Аллоҳ таоло Ўзи рухсат берган ишларни худди қатъий талаб қилган буйруқларини қилишдек яхши кўради. У зот ҳеч қачон ўзлари учун ўч олмаганлар. Аллоҳ таоло топташни ман қилган нарса топталгандагина Аллоҳ учун интиқом олганлар. Яъни, Аллоҳ таолога ёки У зотнинг махлуқотларидан бирининг ҳаққига тааллуқли бўлган ишда кимдир ҳаддан ошган бўлса, бунга қараб турмаганлар.
Уҳуд кунида олд тишлари синиб, юзлари қонга беланди, бу ҳолат асҳобларига жуда оғир ботди. Ҳатто айримлари: «Уларни дуойи бад қилсангиз-чи?», дейишгача борди. Шунда у зот: «Мен лаънатловчи қилиб эмас, даъват этувчи ва раҳмат қилиб юборилганман. Эй Аллоҳ! Уларни тўғри йўлга бошла, албатта улар билмайдилар», дедилар. Мана шу Аллоҳ таолонинг у зот ҳақида: «Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик», деган сўзининг тасдиғидир.
Умар розияллоҳу анаҳу бир сўзида шундай деган экан: «Ота- онам фидо бўлсин сизга, ё Росулуллоҳ! Нуҳ алайҳиссалом қавмига: «Эй Роббим, ер юзида кофирлардан бирорта ҳам ҳаракатланувчини қўймагин», дея дуо қилган эди. Агар сиз бизга шундай дуо қилсангиз, охиримизгача ҳалок бўламиз. Устингиздан босиб ўтишди, юзингиз қонга беланди, тишларингиз синдирилди, лекин сиз яхшиликдан нарига ўтмадингиз ва сўраганингиз: «Аллоҳим, қавмимни мағфират қил. Албатта улар билмаяпдилар», деган хайрли дуо бўлди. Бу фазилат, яхшилик, гўзал хулқ, олийжанобликнинг энг юқори чўққиси, ҳалимлик ва сабрнинг энг олий даражасидир. У зот қавми ва бошқалар томонидан етказилган озорлар қаршисида индамай жим ўтирмадилар, балки уларга раҳмлари келиб, қайғурар ва билмасликларини узр сифатида қабул қилардилар. Ноҳақликка сабр қилган ҳолда тўғри йўлга бошлаш Росулуллоҳ алайҳиссаломнинг гўзал хулқларидан эди. Бадр ўлжалари тақсимотида Ҳурқус ибн Зуҳайр Тамимий деган мунофиқ Росулуллоҳга: «Адолат қилинг. Бу Аллоҳнинг розилигини истаб қилинган тақсимот бўлмади», деди. Бу сўзига қаттиқ жавоб қилмай, билмаганини ўргатиш, насиҳат қилиш ва эслатишдан ортиқ гап айтмадилар. «Шўринг қурсин! Агар мен адолат қилмасам, ким адолат қилади. Адолат қилмаган бўлсам, умидим пучга чиқиб, зиён кўрибман!», дейиш билан кифояландилар. Бу ноҳақ сўзи учун уни қатл қилмоқчи бўлиб рухсат сўраган асҳобларни фикридан қайтардилар.
Яна бир таъсирли воқеа. Ҳижратнинг тўртинчи йили Затурриқоъ ғазотида туш вақтида одамлар дам олаётган эди. Шунда ёлғиз ўзлари дарахт остида соялаб ётган Пайғамбаримиз тепасида қатл этиш ниятида қиличини ялонғочлаган ҳолда қавмининг энг кучли ва довюраги бўлмиш Ғаврас ибн Ҳорис қўққисдан пайдо бўлиб: «Сени мендан ким қутқаради?», деди. У зот: «Аллоҳ», дедилар. Шунда унинг қўлидан қиличи тушиб кетди. Набий алайҳиссалом қилични олиб: Мендан сени ким ҳимоя қилади?», дедилар. У: «Яхшиси ниятда олган бўлинг» , деди. Бас, унга индамадилар ва кечирдилар. Ҳалиги одам қавмига келиб: «Сизларга одамларнинг энг яхшиси ҳузуридан келмоқдаман», деди. .
Икки шайх келтирган ривоятга кўра, бир яҳудий аёл Росулуллоҳга қўй гўштига заҳар солиб берди. Аёл бу ишини тан олиб, қилмишига иқрор бўлганидан кейин уни кечириб юбордилар. Чунки у зот ўзлари учун ўч олмасдилар. Ўзларини сеҳр қилган яҳудий Лабид ибн Аъсомни ҳам жазоламадилар. Унинг сеҳр қилганини Аллоҳ таоло набийсига ваҳий йўли билан билдирган ёки Жаброил алайҳиссалом хабар берган. Росулуллоҳ жазолаш у ёқда турсин, уни маломат қилишдан бош тортдилар . Мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулни ва унга ўхшаганларни бўҳтон ва туҳматлари, қилган қилмишлари учун жазолаганлари йўқ. Уларни ўлдириш керак, деган маслаҳатни берганларга одамлар орасида Муҳаммад асҳобларини ўлдирмоқда деган гап тарқалмаслиги учун «Йўқ», дея рад жавобни берганлар. Бунда бир ишни қилганда ортидан ундан ҳам катта зарар келиб чиқса, уни тарк қилиш кераклигига ишора бор.




