Бугунги кунда барча соҳалар қатори диний соҳада ҳам етук малакали, чуқур билимга эга бўлган, диний-дунёвий билимларни мукаммал эгаллаган етук кадрлар тайёрланмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим масканларида таҳсил олган талабалар турли соҳаларда, хусусан, Республикамиз масжидларида фидокорона меҳнат қилиб, ватандошларимизнинг диний маърифатини ошириш, уларга Ислом динининг асл моҳиятини етказиш йўлида фидокорона хизмат қилмоқдалар.
Барчамизга маълумки, шу кунларда олий диний таълим муассасаларига 2020-2021 ўқув йили учун қабул имтиҳонлари ўтказилди. Ўрта махсус диний таълим муассасаларини тамомлаб билимларини янада оширишни мақсад қилган талабалар кириш имтиҳонларида ўз билимларини синаб кўрдилар. “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлаган талабаларимиз ҳам сўнгги йилларда олий таълим муассасаларига ўқишга киришда фаоллик билан юқори натижаларга эришгани барчамизнинг кўнглимизга сурур бағишламоқда. Жумладан, ўтган 2019-2020 ўқув йилида Ҳадис илми мактабига берилган 10 та ўринга 6 нафар (60%), бу йилги 2020-2021 ўқув йилидаги имтиҳонларда эса 4 нафар (40%) битирувчи талабаларимиз имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, талабаликка қабул қилинди.

Шунингдек, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси битирувчилари Тошкент ислом институти, Мир араб олий мадрасаси, Халқаро ислом академияси каби олий таълим муассасаларига ўқишга киришда ҳам юқори марраларни қўлга киритди. Жумладан, ўтган 2019-2020 ўқув йилида 41 нафар битирувчидан 19 нафари (46%), бу йилги 2020-2021 ўқув йилида 24 нафар битирувчидан 14 нафари (58%) олий таълим муассасасига талабаликка қабул қилинди.

Битирувчи талабаларнинг бу каби юқори кўрсаткичлари таълим муассасасида фидокорона меҳнат қилаётган педагоглар ва ишчи-ходимлар жамоасининг дилларига сурур бағишлади.
Албатта, қувонч билан айтишимиз мумкинки, диний таълим муассасаларида таълим олаётган ёшларга берилаётган бундай имкониятлар ва яратилаётган шарт–шароитлар келажакда жамиятимиз учун зарур мутахассис-ходимлар тайёрлашда пойдевор бўлиб хизмат қилади.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
матбуот хизмати






