1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини эълон қилгандан сўнг 1991 йилнинг 18 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг VIII сессиясида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи тўғрисидаги тарихий қонун қабул қилинди.
Байроқ ҳар қандай мамлакатда бўлгани сингари Ўзбекистон Республикасининг ҳам расмий рамзи ва юзи ҳисобланади.
У асрлар давомида шаклланиб, ўзи мансуб мамлакат иқлими, табиати, ерости ва ерусти бойликлари, умуман, қадриятларию эзгу мақсад ва интилишларини ўзида мужассам қилади.
Шу мақсадда ҳар қандай байроққа қараб у мансуб давлат ҳақида муайян, бирламчи тасаввур ҳосил қилиш мумкин бўлади.
Юртимиз табиати мўътадил, йилнинг 300 кунидан ортиқ даври қуёшли, халқи бағрикенг, тарихи муаззам, бугуни буюк ва келажаги умидлидир.
Шунинг учун ҳам байроғимиз эзгу мақсадлар, мусаффо осмон ифодаси ўлароқ ҳаворанг – зангори. Азалий қадриятларимиз ифодаси бўлган ушбу ранг буюк бобокалонимиз Амир Темур байроғини ҳам безагани манбалардан маълум. Бундан ташқари, юртимиздан оқиб ўтувчи Амударё ва Сирдарёни ким билмайди, дейсиз?! VII асрда бу ерларга келган араблар Амударё азаматидан лол қолиб, бу ўлкага “Мо вароан наҳр”, яъни “Дарёнинг нариги томонидаги ерлар”, дея ном берганлар. Унинг тошқин ва ҳайбатли суви олдида ўзини ожиз ҳис қилган Қутайба ибн Муслимнинг икки ракаат намоз ўқиб, ўз мақсадларини изҳор қилгани, шу орқали Яратгандан ундан омонликдан ўтиб олишига қувват сўрагани ривоятлардан машҳур.
Ундаги оқ ранг тинчлик ва поклик рамзи ҳисобланади. Зеро, халқимизнинг дили, нияти пок, одамларнинг кўнгли оқ. Танлаган йўли, мақсад-муддаолари оқ. Бошқаларга тилаган тилаклари ҳам оқ.
Бизнинг байроқда яна бир ранг бор – қизил. У қон, тириклик рамзидир. Маълумки, қон ҳаётни англатади. Кимнинг томирида қон оқиб турган экан, у ҳаётдир, тирикдир. Қолаверса, қон аждодлардан дарак. Халқимиз, бежиз томирда оқувчи қон, дея ўтган доно боболарга, аллома-аждодларга ишора қилмайди. Демак, бизнинг тириклигимиз аждодларимиз барҳаётлигини ҳам англатади.
Яшил ранг – табиат ранги. Кейинги пайтларда алоҳида эътиборда бўлиб турган глобал исиш, тошқинлар, қурғоқчилик каби табиий офатларнинг зидди ўлароқ, юртимиз дарахтларга бой, табиати гўзал макондир. Тўрт фасл ҳукмрон камсонли давлатлардан биридир.
Мамлакатимиз байроғида, шунингдек, яримой ҳамда 12 та юлдуз ҳам акс эттирилган. Ой бир ярим минг йилдан буён амал қилиб келаётганимиз муқаддас ислом рамзи бўлса, юлдузлар мукаммалликни англатади. Ҳақиқатда, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан улуғ зотлар Қуръони каримдан кейинги муқаддас манбанинг муаллифи, ақида мазҳаб асосчиси, фиқҳда беназир, тафсирда тенгсиз, тасаввуфда устоз бўлгани жаҳоний эътироф этилган. Шулар исломда мукаммаллик касб этган халқ эканимиз исботидир.
Юқоридагилардан маълум бўлаётирки, байроғимизда тасвирланган ҳар бир унсур мустаҳкам асосга эга.
Байроқ тарихан аскарлар боши узра ҳилпираб, душманлар юрагига қўрқув солган бўлса, бугун у илмий мусобақалар, спорт ўйинлари ғолиблари томонидан даст кўтарилмоқда.
Ўзбекистонлик бокс усталари, шахматчилар, қўйингки, ақлу билимда моҳир ёшлар байроғимизда ғурур туйиб, юртимиз шаънини ҳимоя қилмоқда.
Бугун ўзбекистонлик жамоа иштирок этувчи мусобақаларда бошқалар рақиб кучини ҳис қилган ҳолда хавотир туйиши ҳам айни ҳақиқат.
Демак, байроғига муҳаббатли Учинчи ренессанс авлодлари юртни обод, халқини машҳуру-тараққий қилади, иншоаллоҳ.
Акбаршоҳ Иноятов
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-курс талабаси






