Жиддийлик ва ҳаё талабанинг тенгдошларидан ажралиб туриши керак бўлган сифатлардандир. У обрўсини тўкадиган, қадр-қимматини пасайтирадиган ҳазил-мутойибалардан, бемаъни ўйинлардан ўзини тиймоғи лозим. Балки у одоб билан зийнатланиши керак.
عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ ﷺ: «إِنَّ اللَّهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الْمَعَالِيَ وَيَكْرَهُ سَفْسَافَهَا»
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, Аллоҳ гўзалдир, олий хулқларни яхши кўради, тубан хулқларни ёқтирмайди”.
Имом Молик айтадилар: “Талаба жиддий, оғир-босиқ ва Аллоҳдан қўрқувчи бўлиши керак, Ўзидан олдин ўтганларнинг изидан юриш унинг зиммасидаги бурчлардандир”.
Хатиб Бағдодий айтадилар: “Толиби илм аския, қаҳқаҳа ва доимий ҳазил-мутойибадан узоқ бўлиши керак. Одоб доирасидан чиқмайдиган, озгина ва онда-сонда бўладиган ҳазилга ижозат берилган. Аммо қўпол ва уятсиз сўзлар билан қалбга ботадиган, одамнинг иззат-нафсига тегиб, ёмонлик келтирадиган ҳазил ва аския қораланган. Кўп кулиш ва ҳазиллашавериш инсоннинг қадрини паястиради, жиддийлигини йўқотади”.
Имом Ожурий Суфён ибн Уяйнадан нақл қилиб келтирадилар: “Кундузим тентакники каби бўлса, туним жоҳилнинг тунига ўхшаса, у ҳолда менга битилган илмнинг ҳоли нима бўлади?”
Энг муҳими!
Агар талаба Қуръони Каримни ёд олган бўлса, янада жиддийроқ бўлиши керак. Аллоҳнинг марҳамати билан бу шарафга лойиқ бўлган киши қалбида сақлаётгани Қуръони Каримни ҳурмат қилиши лозим. Аллоҳ таолонинг каломини тиловат қиладиган оғиз бемаъни, тайинсиз сўзларни гапирмаслиги керак.
Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Қуръонни қалбида сақловчи киши Ислом байроғини кўтарувчидир. У Қуръон ҳақини улуғлагани учун бошқалар каби ўйин-кулги билан машғул бўлмаслиги, ўзгаларга ўхшаб бемаъни-бефойда гапларни гапирмаслиги керак.»
401-гуруҳ талабаси
Асадуллоҳ Ниёзий






