“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар самарадорлигини янада оширишга йўналтирилган давра суҳбатлари ўтказиш кенг йўлга қўйилган. 9 февраль куни 2021 йил — “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” муносабати билан барча курс талабалари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита таълим бўлими бошлиғи Б.Рустамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий тадқиқот бўлими бошлиғи С.Шерхонов ва Таълим ва илмий тадқиқот бўлими бошлиғи ўринбосари А.Дўсматовлар иштирок этди. Давра суҳбати очиқ мулоқот шаклида бўлиб ўтди.
Мулоқотда диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалар, айниқса, диний таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг муҳокама қилинди. Бугуннинг имом-хатиблари жамиятимизда рўй бераётган янгиланишларни, ўзгаришларнинг туб моҳиятини яхши тушунадиган, илмий салоҳияти юксак инсонлар бўлишлари, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқимиз ҳаёти, одамларимизнинг онгу тафаккурида рўй бераётган ўзгаришларни қалбан ҳис этган ҳолда кенг халқ оммасига тушунтириб боришлари тушинтириб ўтилди. Бугун глобал ахборот маконида ҳамма кучлар ўз манфаатлари учун кураш олиб бормоқда. Интернетнинг имкониятларидан кенг фойдаланишни тарғиб қилар эканмиз, унинг фойдали жиҳатларига эътибор қаратиб, зарарли томонларидан огоҳликка чақиришимиз зарур. Турли, манбаси номаълум сайтларда одам ақлини чалғитувчи, айниқса ёшларимизни тўғри йўлдан оздирувчи, яширин ғоялар мавжудлигини уларга тушунтириб бориш зарурлиги таъкидланди.
Давра суҳбати очиқ мулоқот шаклида кўтаринки кайфиятда давом этди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Диний соҳа мутахассиси олдига қўйиладиган бугунги кун талаблари, халқ билан ишлаш ва мулоқотда бўлишнинг пасту баландлари, нозик жиҳатларини ҳисобга олиш бу соҳадаги етишиб чиқаётган мутахассислар учун муҳим ҳисобланиши айтиб ўтилди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати