У Зот бағрикенг бўлганлар…
“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир жаноза ўтганда ўринларидан турдилар. Шунда У зотга: бу яҳудийнинг жанозаси, дейилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: у ҳам инсон эмасми?!, дедилар”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Тоифга қилган риҳлатлари борасида чуқур тафаккур қилувчи инсон, уни қамраб ололмайдиган ибрат ва дарсларни топади. Биз эса, ҳозирги замонда кўпгина мусулмонлар ёддан чиқариб қўядиган муҳим нуқтага эътибор қаратамиз. Турли нифоқ ва ихтилофлардан узоқ ҳолда айтишимиз мумкинки, дин тарафлама мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганлар ўртасида эътиқодий ихтилофлар мавжуддир. Бизнинг динимиз уларнинг дини эмас, уларнинг ақидаси бизнинг ақидамиз эмас. Биз улар имон келтирган нарсага имон келтирмаймиз. Улар ҳам биз имон келтирган нарсага имон келтиришмайди. Биз ҳоҳлаймизми, ҳоҳламаймизми бу диний ихтилоф олдин ҳам бўлган ва башарият ўртасида абадий мавжуд бўлиб қолаверади.
Лекин бу диний ихтилоф, асл инсоний ҳаётни ҳурмат қилиш учун қурилган муштарак ҳаёт кечиришда ўзга диндагиларга бағрикенглик қилишдан ман қилмайди. Бу асл инсоний ҳислат башариятни ўзларининг табиий фитратлари ила уни ҳурмат қилишга жамлайди. Масалан адолат қилиш, заифларга ёрдам бериш, зулмдан қутқазиш ва бундан бошқа ҳислатлар икки кишининг ўртасида ихтилофли бўлмайдиган, барчага баробар инсоний хусусиятлардан ҳисобланади. Мана шу муштарак ҳаётдаги бағрикенглик сифати, дини турлича бўлган инсонлар ўртасида ўзаро инсоний мададкорликка ундайди. Мутъим ибн Адий мусулмон бўлмаса ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилишга тайёрланиши мана шунга ёрқин мисолдир. Унинг мусулмон эмаслиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни у билан ўзаро алоқа қилишларидан, икки тараф ўртасидаги муштарак инсоний ҳаётни эҳтиром қилган ҳолда турли алоқаларни йўлга қўйишдан тўсмади. Мутъим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Тоифдан қайтганларидан кейн ўз ҳимояси остига олди. У мана шундан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, Бани Ҳошим ва Бани Мутталибга қарши қўйилган чекловни олиб ташлашни талаб қилган олти кишидан бири ҳам бўлган эди. Қизиқ жиҳати шундаки, мана шу олтита инсоннинг бироритаси мусулмон бўлмаган. Баъзида, Мутъим ибн Адийни хулқи билан зийнатланган инсонлар эса кейинчалик имон келтиришган эди. Афсуски бу Мутъим ибн Адийга насиб қилмади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларига имон келтирмасдан вафот этиб кетди. Лекин бу иш уни олижаноблигини ва ўша замонда кўпгина мусулмонлар муҳтож бўлган ҳаққа берган ёрдамини мақтаб овоза қилишимиздан ман қилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам Мутъим ибн Адийни вафотидан кейин уни олижаноблигини унутмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар Мутъим ибн Адий Бадр жангида тирик бўлганида ва Қурайш асрларини кечирилишини талаб қилганда, уларни кечириб юборишларини очиқ ойдин айтганлар. Бу инсонийлиги юқори бўлган кишига ҳурмат ва эҳтиром сабабли бўлган. Мутъим ибн Адий ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрталаридаги ҳикоя ва ўша ҳикояда дини турлича бўлган икки киши ўртасидаги ўзаро инсоний алоқаларни эҳтиром қилиш ҳолати бизга кўпчилик унутган катта бир камчиликни очиб беради. Бу камчилик мусулмон бўлмаган инсонлар билан ўзаро муомала қилиш маданиятидир.
Баъзи мусулмонлар ислом динига кирмаган барча инсонларни бир саватга жойлайдилар ва уларни ҳаммасини ғазаб қилиниши лозим бўлган, уларга қўпол-дағаллик ила муомала қилиш шарт бўлган душманлар деб эътибор қиладилар. Ҳатто баъзилар уларни қонларини ҳалол санашгача борган. Улар ўзлари фасоҳатли араб лафзларини таржимасини тушунмасдан, унинг ҳақиқий маъносини ўрганмасдан, Набавий ҳадисларни ва нозил бўлиш сабаблрини ўрганмасдан, замон ва маконга мослашиш муносабатларини тушунмасдан, Қуръони каримдаги оятларнинг мазмун моҳияти нималарга далолат қилишини билмасдан, Қуръоний оятларни мисол қилиб келтирмоқдалар. Шу сабабли уларнинг кўзида исломга кирмаган барча инсонлар душман бўлиб кўриниб қолди. Энг катта муаммолардан бири эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни динининг исмини айтаябман деб ўйлаётган бу кимсалар ўзларининг Набийларини сийратини умуман ўқимаганлар. Гарчи ўқишган бўлса ҳам, уни яхши англаб етишмаган. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари борасида озгина тафаккур қилиб кўришганда эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши жанг қилган Абу Лаҳаб, сўнгги нафасигача У зотни ҳимоя қилган Абу Толиб, мусулмонларни азоблаб зулм қилган Абу Жаҳл, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қиламан деб ўлимни бўйнига олган Мутъим ибн Адий, Хандақ ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш учун қабилалар ўртасида юрган яҳудий Ҳуяй ибн Ахтоб, Уҳуд ғазотида молини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хоҳлаганларича тасарруф қилишни васият қилганидан кейин ўлдирилган бошқа бир яҳудий Мухайрийқлар ўртасидаги фарқни мулоҳаза қилиб кўришар эди. Буларнинг барчаси мусулмон бўлишмаган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни улар билан бўлган инсоний алоқалари бир хил бўлганми?!
Аллоҳ таоло мусулмон бўлмаган инсонлар билан инсоний алоқа қилишни белгилаб қўйган собит қоида Қуръони каримда шундай баён қилган:
“Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир. Албатта, Аллоҳ сизларни диний уруш қилувчилар, диёрингиздан чиқарувчилар ва чиқарилишингизга ёрдам берганларга дўстлик қилишдан қайтарадир. Уларни дўст тутганлар золим кишилардир”. (Мумтаҳана: 8-9)
Мана шу икки оятдан мусулмон бўлмаган шахслар билан уларни инсоний тасарруфотларига кўра, улар билан муомала қилишда фарқ бўлмаслиги лозимлиги тушунилади. Бу оятда мусулмонларга уруш, таъқиб ва душманчилик ишлари билан қаршилик қиладиганларнинг ҳолати истисно қилинади. Табиийки улар душман деб эътибор қилинади ва улардан сақланиш вожиб бўлади. Лекин умумий қоида мусулмон бўлмаганлар, инсонларга зарар етказмаганлар билан инсоний муомала қилишдир. Улар биз билан тинчликда яшашларида бизни фақатгина Аллоҳга даъват қилмайдилар холос. Адолат билан яшаш дегани, мусулмон киши мусулмон бўлмаганлар билан ўзаро муомала қилганда одил бўлиши кераклигини билдиради.
Шунингдек, ғарб маданиятида жуда салбий одатлар мавжудлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Лекин, инсоф билан айтишимиз керакки, ғарб ҳаётида инкор қилиб бўлмайдиган ижобий ҳолатлар ҳам сон саноқсиз. Буни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк саҳобаларидан бўлган Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ҳам шахсан ўзлари таъкидлаганалар. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу чет давлатларга кўп сафар қиладиган савдогар бўлганлар ва бу эса табиий ҳолатда фикрлари жуда кенг, ҳамда теран бўлишига сабабчи бўлган. Шунингдек, бу сафарлар У зотга турли қабила ва миллатларнинг урф-одат ва анъаналари билан танишиш имконини берган. Шунинг учун Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ғарбликларни ёки Румликларни бошқалардан ажралиб турадиган 4 та ҳислатларини санаганлар:
“Уларда 4 хислат бор: Улар фитна қўзғалган пайт энг юмшоқ инсонга айланиб қолишади, мусибатдан жуда тез ўзларига келадилар, бир иш бўлмагунча қайта-қайта қилаверадилар, мискин, етим ва заифларга яхшилик қиладилар ва бешинчиси, энг гўзали подшоҳларига қарши чиқмайдилар”.
Бу буюк саҳоба ғарбликларни ҳозирги кунгача давом этиб келаётган ва ҳечкимга сир бўлмаган ушбу сифатлар билан тавсифлашни жуда инсоф билан адо этган эди. Бу замоннинг мусулмонларини акси ўлароқ, Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг динлари улардан фарқли бўлса ҳам уларни ижобий сифатларини инкор қилмадилар. Бизнинг замон мусулмонлари эса уларни маънавият ва маданиятида бирорта ҳам ижобий хислати йўқ кишилар деб жуда тор хулоса қиладилар.
Мана шунга монанд тарзда баъзи ғарбликлар ҳам араб ва мусулмонларни авлод-у аждодини йўқотиб юбориш керак бўлган террорист вахшийлар деб эътиқод қилишади. Уларнинг араб ва мусулмонларга қараши бундай суратда бўлишлари, баъзи ҳаддан ошган, исломни аслий суратини бузиб кўрсатадиган кишилар сабабли бўлиши мумкин. Ёки баъзи ислом ва арабларни душманчилик жиҳатларини тўқиб чиқарадиган маҳаллий ахборот воситаларининг хабарларига эргашганликлари сабабли ҳам бўлиши мумкин. Бундай мушкилотнинг келиб чиқиши эса бир тараф бошқа бир мухолиф тарафни тушунмаслиги сабабидандир. Яна ҳам тўғрироқ айтадиган бўлсак, мусулмон бўлмаганлар орасида Абу Жаҳлга ўхшаш ислом ва мусулмонларга қарши ундовчи чуқур душманчилиги борлар ҳам топилади. Лекин бу қарашларни барчага баробар ишлатиш инсофдан эмас. Шунингдек мусулмон бўлмаганлар ичида одил ҳукм ва мазлумларга ёрдам бериш учун ўзини қурбон қилишга тайёр Мутъим ибн Адийдек олижаноб инсонлар ҳам мавжуд. Бизга ислом суратини ўзининг аҳмоқона ишлари, сўзлари ва радикал фикрлари билан бузиб кўрсатган мусулмонлар ҳам борлигини инкор этмаслигимиз лозим бўлади. Лекин бу нодонларни қилган ишларини барча умматга чаплаш ҳам ўта зулмкор иш ҳисобланади. Бизнинг шонли тарихимиз узоқ йиллар давомида мусулмон бўлмаган шахслар билан тинч-тотув, ҳамда муштарак ҳолда яшаганимизни ўз ичига олади.
Бунга Европанинг қоронғу даврларида Андалусияда яшаган мусулмон жамоалари гувоҳлик беради!
Бунга Қуддусда черковларни юз йиллаб саломат ҳолида сақланиб қолишига мусулмонлар сабабчи бўлганлиги гувоҳлик беради!
Бунга Шимолий Африка шаҳарларида сақланиб қолган яҳудийлар кварталлари гувоҳлик беради!
Бунга уларни ўша шаҳарга Испаниядаги тафтиш ҳокимиятидан қутқариб олиб келган мусулмон кемалари гувоҳлик беради!
Бунга черковлар ёқиб юборишни буюрган, лекин мусулмонлар уларни таржима қилиб йўқ бўлиб кетишдан сақлаб қолган Грекл уламоларининг китоблари гувоҳлик беради!
Кейинчалик мана шу арабларнинг таржима қилган китоблари инсониятнинг ягона тарихий илмий меъросларидан бири бўлиб қолди. Булардан ҳам кўра энг асосий гувоҳлик берувчи бу Ислом умматининг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк сийратларидир. Чунки, Қуръони Каримдан кейин мусулмонлар наздида энг саҳиҳ китоб деб эътироф қилинувчи ҳадис китобида ворид бўлганки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида У зотнинг совутлари бир яҳудийнинг қўлида гаровда бўлган. Бу бизга шуни кўрсатадики Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёдаги сўнгги кунларида ҳам ўзларининг динларида бўлмаган киши билан инсоний алоқаларни амалга оширганлар ва у билан тинчлик-омонликда ҳаёт кечирганлар!
Сайиджалолов Раҳматуллоҳ Кўкалдош ЎМИТМ мударриси





