عن ابن عمر رضي الله عنه قال: سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: «بينا أنا نائم أتيت بقدح لبن فشربت حتى إني لأرى الري يخرج في أظفاري ثم أعطيت فضلي عمر بن الخطاب». قالوا: فما أولته يا رسول الله؟ قال: «العلم». متفق عليه.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: “Ухлаётганимда (яъни тушимда) менга бир қадаҳ сут олиб келинди. Уни ичдим. Ҳатто мен сутнинг сингигани (асари)ни тирноқларимда зоҳир бўлганини кўрдим. Сўнгра қолганини Умар ибн Хаттобга бердим”. Саҳобалар: “Уни нимага таъвил қилдингиз, ё Расулуллоҳ?”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илмга”, дедилар. (Муттафақун алайҳ)
Уламолар айтадилар: “Жисмлар олами ва руҳлар олами орасида мисол олами деб номланадиган бошқа бир олам бор. У жисмлар оламига ўхшаш нуроний оламдир. Уйқу эса нуроний руҳ мисол оламида сайр қилиши учун ва у ерда жисмоний бўлмаган кўринишларини кўриш учун сабабдир. Илм ана шу оламда сут билан тасвирланган. Чунки сут баданнинг энг биринчи озуқаси ва унинг салоҳиятли бўлиши учун сабабдир. Илм эса руҳнинг энг биринчи озуқаси ва унинг салоҳиятли бўлиши учун сабабдир”.
Айтиладики: “Илм фақат тўрт нарсада кўринади; сув, сут, шароб ва асалда. Бу нарсаларни жаннат анҳорлари зикр қилинган оят[1] ўз ичига олади. Ким сувни ичса, унга ладуний илм берилади. Ким сутни ичса, шариат сирларининг илми берилади. Ким шаробни ичса, мукаммал илм берилади. Ким асални ичса, ваҳий йўли билан бўлган илм берилади”. Орифларнинг бири айтади: “Тўрт анҳор тўрт халифадан иборатдир”. Ушбу ҳадиси шарифда сут Умар розияллоҳу анҳуга хослангани бу гапга мувофиқ келади. [2]
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси Мурод Музаффар ўғли
[1] Муҳаммад сураси, 15-оят.
[2] Мулла Али Қорий. Мирқотул мафотиҳ шарҳу мишкотил масобиҳ. -Байрут: “ДКи”, 2015. -Б 186/11.






