Имом, муфассир Ибн Касир роҳимахуллоҳ ўзларининг тарихга бағишланган “Ал-Бидоя ван Ниҳоя” китобларининг ҳижрий 256 йилда вафот этган кишиларни зикр қилган ўринларида шундай ёзадилар:
Бу йилда вафот этганларлардан яна бири “Саҳиҳ” китобининг соҳиби Имом Бухорийдир. Унинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардизбаҳ ал-Жуъфий, Абу Абдуллоҳ ал-Бухорийдир. У ҳадис илмида ҳофиз, замонасининг ушбу илмдаги имоми, тенгқурларидан устун қўйиладиган имом эди.
Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” китоби саҳиҳ (ўта ишончли) эканлигига бутун Ислом уммати иттифоқ қилган ва ҳозиргача тинмай ўқиб келинади.
Имом Бухорий роҳимахуллоҳ жума куни, 194 ҳижрий йилнинг 13 Шавволида туғилган. Отаси кичиклигида вафот этгани сабабидан ёшлигида онаси қарамоғида бўлади. Ёшлик чоғидаёқ Аллоҳ таоло унга ҳадис ёдлашга илҳом берди. 16 ёшидаёқ машҳур китобларни ўқиб тугатган. Ҳатто болалик даврларидаёқ 70 минг ҳадисни ёддан билган деган гаплар ҳам бор.
18 ёшга тўлганида Ҳаж ибодатини адо этади. Сўнг ҳадис талабида Маккада қолади. У ерда бир муддат тургач, бошқа диёрлардаги устозлардан ҳадис эшитиш учун бир неча сафарлар қилади. Бухорий умумий ҳисобда 1000 дан зиёд шайхдан ҳадис ёзган.
Хатиб Бағдодий Бухорийнинг энг маур шогирдларидан бири Фирабрийдан ривоят қилади: “Бухорийдан “Саҳиҳ”ни 90 мингдан зиёд одам эшитган. Ҳозир эса мендан бошқа ҳеч ким қолмади”.
Имом Бухорийдан ҳадисни имом Муслим, имом Термизий ўзларининг “Жомеъ” номли китобларида ва баъзиларнинг ривоятларга кўра, имом Насоий ҳам (“Сунан” номли китобида) ривоят қилган.
Бухорий айтади: “Кеча кечқурун бир фикрлаб кўрсам, китобларимда икки юз минг ҳадисни муснад ҳолда ривоят қилган эканман”. Имом Бухорий ўша ҳадисларнинг барчасини ёддан билган.
Бир сафар Самарқандга келганида шаҳардаги тўрт юз муҳаддис тўпланиб ҳадисларга имтиҳон учун баъзи ўзгартиришлар киритишган. Улар шомликларнинг иснодини ироқликларнинг иснодига албаштиришган, санаддаги кишиларни, ҳатто ҳадисларнинг матнини ҳам бошқа санадларга аралаштириб беришган. Шунда Бухорий ҳар бир ҳадисни ўзининг иснодига тўғирлаб, матн ва санадларни тўғрилаб берган. Шу билан бирга биронта ҳам хатога йўл қўймаган. Ҳудди шундай ҳодиса Бағдод уламолари билан ҳам бўлганлиги ривоят қилинади.
Ривоят қилинишича, имом Бухорийда китобга бир қарашнинг ўзидаёқ ундаги нарсаларни ёдлаб қолиш қобилияти бўлган экан. Бу ҳақидаги ривоятлар имом Бухорий ҳақида жуда ҳам кўп.
У кишига ўз замонидаги кўплаб уламолар мақтовли сўзларни айтишган.
Жумладан, Имом Аҳмад айтади: “Хуросондан унга ўхшаши чиқмаган”.
Али ибн Мадиний айтади: “Бухорий ўзига ўхшаган кишини кўрмаган(яъни унга ўхшаши йўқ)”.
Исҳоқ ибн Раҳовайҳ айтади: “Агар Бухорий Ҳасан Басрий даврида яшаганида эди, одамлар унинг ҳадисига ва фаҳмига муҳтож бўлишар эди”.
Абу Бакр ибн Абу Шайба ва Абдуллоҳ ибн Нумайрлар айтишади: “Унга ўхшашини кўрган эмасмиз”.
Али ибн Ҳужр айтади: “Унга ўхшаш кишининг борлигини билмайман”.
Муҳаммад ибн Надр Абу Саҳл Шофеъий айтади: “Басра, Шом, Ҳижоз ва Куфада бўлганман. Ҳар сафар уламолар Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни зикр қилишса, доим уни ўзларидан устун қўйишарди”.
Абул Аббос Дуғолий айтади: “Бағдод аҳли Бухорийга шундай ҳат (шеърий кўринишда) ёзишди:
“Мудом сен бор экансан, аҳли ислом яхшиликдадир,
Бироқ сен кетганингдан кейин яхшилик йўқдир”.
Фаллос айтади: “Бухорий билмаган ҳадис — ҳадис эмас”.
Нуайм ибн Ҳаммод айтади: “У (Бухорий) бу умматнинг фақиҳидир”.
Баъзи уламолар Бухорийни ҳатто имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Исҳоқ ибн Раҳовайҳдан ҳам кучлироқ фақиҳ бўлган дейишади.
Қутайба ибн Саъид айтади: “Менинг олдимга ернинг шарқидан ҳам, ғарбидан ҳам мусофир талабалар келишган. Лекин Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдек киши келмаган”.
Давоми бор…
Пўлат Зийнатуллоҳ
Кўкалдош ЎМИБЮ талабаси