Имом Бухорий айтади: “Жобир ибн Абдуллоҳ бир ойлик масофага Абдуллоҳ ибн Унайснинг олдига битта ҳадис учун сафар қилди”.
Абу Айюб Ансорий Мадинадан Мисрга Уқба ибн Нофеънинг ҳузурига битта ҳадисни ривоят қилиш учун борди. Мисрга етиб борганида уловидан тушди, лекин юкларини туширмади. Уқбадан ҳадисни эшитди ва уловига миниб яна Мадинага қайтди.
Имом Молик Яҳё ибн Саъиддан, у Саид ибн Мусайябдан ривоят қилиб айтади: “Битта ҳадис учун бир неча кеча-кундуз йўл босар эдим”.
Абу Олия Руфайъ ибн Меҳрон Риёҳий Басрий айтади: “Басрада бирор саҳобийдан ривоят қилинган ҳадисни эшитганимизда, унга рози бўлмай, Мадинага сафар қилиб ўз оғзидан эштар эдик”.
Имом Ибн Касир имом Бухорийнинг таржимаи ҳолида шундай дейди: “Сафар қилиш имкони бўлган шаҳарлардаги барча ҳадис уламоларининг олдига сафар қилган. Мингдан ортиқ шайхлардан ҳадис ёзиб олган”. Фирабрий айтади: “Саҳиҳи Бухорий”ни Бухорийнинг ўзидан мен билан етмиш минг атрофидаги кишилар эшитди. Улардан мендан бошқа ҳеч ким қолмади”.
Имом Розийнинг илм ўрганиш учун қилган сафари ҳақида ақлни лол қолдирадиган ҳолатлар ривоят қилинган. Розий айтади: “Биринчи сафарга чиққанимда етти йил қолиб кетдим. Минг фарсахдан зиёд йўлни пиёда юрдим. Ундан сўнг ҳисобламай қўйдим. Баҳрайндан Мисрга пиёда йўлга чиқдим, сўнгра Ромлага бордим, ундан Тортусга бордим. Ўшанда йигирма ёшда эдим”. Шеър:
“Шаҳарларни кезарман, илм изларман,
Ё шу йўлда ғариб бўлиб вафот этарман.
Агар шу йўлда вафот этсам қанчалар яхши!
Аммо саломат бўлсам бир кун келиб қайтарман.
Мағриб ва Андалусда илм Шарқ томонга сафар қилиш билан ривожланди. Улар сафар чоғида кўп машаққатларга дуч келди. Аммо бу уларни мақсадидан қайтаролмади. Шундай уламолардан Асад ибн Фурот, Абу Валид Божий ва Абу Бакр ибн Арабий кабилардир.






