Ҳанафий мазҳабидаги уламолар ўз фуқаҳоларини табақагабўлганларидек, фиқҳий масалаларни ҳам табақага бўлишган. Бунинг сабаби шуки фатво берувчи муфтийга савол келганда, саволга жавобни беришда икки ҳил сўз чиқиб қолганда, унинг қайси табақадаги сўз эканлигига қараб, фатво беришда икки сўзнинг бирини таржиҳ қилиш осон бўлиши учун.
Аллома Ибн Обидим роҳматуллоҳи алайҳи “Уқуди расмил муфти” китобида мазкур фиқҳий масалалар табақасини зикр қилган, қуйида шуларни келтириб ўтамиз:
“Мазҳаб уламоларимизнинг масалалари уч табақага бўлинади:
Биринчи табақа: Усул масалалари. Уни зоҳирур ривоя ҳам дейишади. Бу мазҳаб соҳиблари ҳисобланган Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳиилардан ривоят қилинган масалалар бўлиб, уларга “Уламаус саласа” яъни уч олим, дейилади. Буларга Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳининг шогирдлари ҳисобланган Имом Зуфар, Ҳасан ибн Зиёд ва бошқалар ҳам киради. Лекин “зоҳирур ривоя” деганда ғолибан уччала имом ёки уччалаларидан иккитаси ёки биттасининг сўзлари
назарда тутилади. Зоҳирур ривоя ва усул масалалари деганда имом Муҳаммаднинг “Мабсут”, “Зиёдот”, “Жомиус cағир”, “Сиярус сағир”, “Жомиъул кабир”, “Сиярул кабир” китобларида келган масалалар назарда тутилади. Буларни “Зоҳирур ривоя” деб номланишига сабаб, бу масалаларни барчаси Имом Муҳаммаддан ишончли ровийлар томонидан ё мутавотир ё истифоза йули билан ривоят қилинган.
Иккинчи табақа: Наводир масалалари. Бу масалалар ҳам мазҳабимиз соҳиблари томонидан ривоят қилинган масалалар ҳисобланади, лекин бу масалалар юқорида айтилган олти китобда эмас бошқа китобларда келган. Мисол учун Имом Муҳаммаднинг «Кайсанийёт», «Ҳараванийёт», «Журжонийёт», ва «Раққийёт» ва бошқа китобларда келган. Бу масалаларни «Зоҳирур ривоя» номланмаслигига сабаб, бу масалалар Имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳидан «Зоҳирур ривоя» каби ишончли ва собит йўл билан ривоят қилинмаган. Наводир масаларлари гарчи Имом Муҳаммаддан ривоят қилинган бўлсада, улар битта китобда эмас балки бир неча китобда муайян масалаларда тарқоқ ҳолда ривоят қилинган. Мисол учун Ҳасан ибн Зиёднинг «Ал-мужаррад», Абу Юсуфнинг «Омолий» китобларида келган ривоятлар.
Учинчи табақа: Бу табақага Мутааххир мужтаҳидлар томонидан берилган фатволар киради. Улар бу фатволарни уларга берилган саволларга жавоб бериш йўли билан беришган. Бу фатволар мазҳабимиз соҳиблари томонидан қилинган ривоятларни топишмагач ўзлари истинбот қилиб чиқарган ҳукмлар натижасида келиб чиққан.
Буларга Имом Муҳаммад ва Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳи уламоларнинг шогирдлари ва шогирдларининг шогирдлари берган фатволар киради. Мисол учун Исом ибн Юсуф, Ибн Рустам, Абу Ҳафс Кабир ва уларнинг шогирдлари Муҳаммад ибн Салама, Муҳаммад ибн Муқотил ва бошқалар киради.”
Холдоров Сардорбой
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси






