Тўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Саҳл ас-Сарахсий бўлган бу улуғ олим, ислом оламининг забардаст фиқҳшуносларидан бири сифатида тарих саҳифаларида ўз ўрнини абадий муҳрлаб қўйган. 1009-йилда Мовароуннаҳрнинг Сарахс шаҳрида таваллуд топган бу буюк шахсни замондошлари “Шамсул Аъимма” – олимлар қуёши дея улуғлашган.
Ёш Абу Бакрнинг қалбида илму ҳикматга бўлган чанқоқлик тинимсиз алангаланиб, уни Мовароуннаҳр илмларининг бешиги бўлган Бухоро шаҳрига етаклади. Бу шаҳар ўша даврда “Қуббатул Ислом” – Ислом гумбази номи билан машҳур бўлиб, мусулмон оламининг энг улуғ уламолари жамланган эди. Имом Сарахсий бу ерда Абдулазиз Ҳалвоний ва Абул Ҳасан Соғдий каби замонасининг машҳур олимларидан сабоқ олди. Айниқса, Абдулазиз Ҳалвоний роҳимаҳуллоҳ ёш Абу Бакрнинг қалбида чуқур из қолдирди, унга фиқҳ ва усул илмларининг нозик сир-асрорларини ўргатди.
Бухорода ўз таҳсилини тамомлагач, Имом Сарахсий Фарғонага йўл олди ва бу ерда илмни тарғиб қилишга киришди. Унинг юксак илму салоҳияти, нозик таҳлиллари ва чуқур фикрлари одамларни ҳайратга соларди. Аммо бу буюк инсоннинг ҳаёти фақат илм билан эмас, синов ва машаққатлар билан ҳам йўғрилган эди.
Адолатни ҳимоя қилиши ва ҳақиқатни гапириши учун у қамоққа ташланди. Аммо бу қамоқ деворлари ҳам Имом Сарахсий қалбидаги илмга бўлган муҳаббатни сўндира олмади. У қамоқхона шароитида ўзининг улкан асари – “Ал-Мабсут”ни яратди. Ушбу асар мусулмон ҳуқуқшунослиги тарихида энг йирик фиқҳий манбалардан бири бўлиб, унда ҳанафий мазҳабининг ҳукмлари кенг ва батафсил шарҳланган.
Имом Сарахсий қолдирган мерос замон ва макон чегараларидан юксак туради. Унинг қаламидан чиққан асарлар мусулмон уммати учун бебаҳо хазина бўлиб хизмат қилади:
“Ал-Мабсут” – фиқҳ илмининг мўътабар манбалардан бири бўлиб, ҳар бир масала асосли далиллар билан ёритилган.“Усул Сарахсий” – усул илми бўйича ёзилган мўтабар манба, фиқҳ қоидаларининг чуқур таҳлилини ўз ичига олади.
Унинг асарларида нафақат фиқҳий масалаларнинг тафсилоти, балки инсон ҳаётига дахлдор ҳақиқатларнинг теран маънолари ҳам мужассамдир. Айниқса, “Усул Сарахсий” мусулмон ҳуқуқшунослиги тарихида икки улуғ шайх – Сарахсий ва Баздавийлар илмий меросининг узвий боғлиқлигини кўрсатади.
Имом Сарахсий роҳимаҳуллоҳнинг илм денгизидан баҳраманд бўлган шогирдлар кўплаб олимларни етиштирди. Уларнинг баъзилари: Абу Бакр Ҳасирий, Абу Умар Пойкандий, Абу Ҳафс Зандаромаший Марғиноний ва Абдулазиз Ўзгандий
Шунингдек, Бурҳонул Аъимма Абдулазиз ибн Умар ибн Моза, Муҳаммад ибн Иброҳим Ҳасирий, Рукнуддин Масъуд каби олимлар ҳам Имом Сарахсийдан сабоқ олиб, унинг илмий анъаналарини давом эттиришди. Улар орқали ҳанафий мазҳабининг мероси янада кенгайиб, бутун дунёга ёйилди.
Имом Сарахсий роҳимаҳуллоҳнинг ҳаёти – илмга бағишланган ҳаётнинг ёрқин намунаси. Унинг қалами билан битилган ҳар бир сўзда чуқур ҳикмат мужассам, ҳар бир асарида ислом уммати учун йўл-йўриқ яширинган. Зиндон деворлари уни танасини чеклаган бўлса-да, қалбини, тафаккурини ва қалами учқунини сўндира олмади. У ҳар бир мусулмоннинг қалбида ўчмас из қолдирди ва илму ҳикматни абадиятга улади.
Сарахсий – бу илм, сабр ва ихлоснинг тимсолидир. У дунёни илм нури билан ёритиб, ўзидан сўнг келажак авлодлар учун йўлбошчи бўлиб қолди.
Абдулатифов Исломжон
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти 202-гуруҳ талабаси






