Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойи охирида бизларга хутба қилиб шундай дедилар:
«Эй инсонлар! Сизларга буюк ва муборак ой соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан ҳам яхшироқ бўлган бир кеча бор.
Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз, кечасини қоим қилишни эса нафл қилди.
Ким бу ойда бирорта яхшилик ила Аллоҳга қурбат ҳосил қилса, бундан бошқа ойларда фарзни адо қилган киши каби бўлади.
Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг мукофоти жаннат!.
Бу ой кўнгил сўраш, меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир.
Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади.
Ким бу ойда рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда шунча ажр берилади”.
Биз: “Ё Расулуллоҳ, ҳммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарсага қодир эмасмиз-ку!”, деган эдик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютим сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам беради. Ким рўзадорни тўйдирса, Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзимдан суғорадики, кейин у то жаннатга киргунига қадар чанқамайди.
Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир.
Ким қўл остидагиларга (қулига) енгиллик қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади ва уни дўзахдан озод қилади.
(Ҳаммам ўзининг ривоятида зиёда қилди) Бу ойда тўрт хислатни кўпайтиринг. Икки хислат билан Роббингизни рози қиласиз, яна икки хислатга эса муҳтожсиз. Роббингизни рози қиладиган икки хислат, “Ла илаҳа илаллоҳ” шаҳодати ва У зотга истиғфор айтишингиздир. Сиз муҳтож бўладиган икки хислат эса, Аллоҳ таолодан жаннатни сўраб, жаҳаннамдан паноҳ тилашингиздир”. Байҳақий ривоят қилган
Абу Ҳазм раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Бугун охират молининг бозори касодга учраган, жуда ҳам арзон бўлиб турибди, ундан кўпайтириб олинглар. Чунки бозори чаққон кун келиб қолса, унинг озига ҳам кўпига ҳам эришишнинг иложиси бўлмайди”.
Аллоҳ таоло ҳаммамизга Рамазон кунларни ғанимат билиб унинг баракотидан фойдаланиб олишни насиб айласин! Омийн.
Қудратуллоҳ Сидиқметов





![2olamSarvari Пайғамбар алайҳиссаломнинг хутба[1] қилишдаги одоблари](https://kukaldosh.uz/wp-content/uploads/2018/10/2olamSarvari-370x240_c.jpg)
