Иккинчи қисм: Касб-ҳунар ўрганишга оид тавсиялар
“Албатта, улар Роббиларига иймон келтирган йигитлардир. Ва Биз уларга янада зиёда ҳидоят бердик” (Каҳф сураси 13-оят).
Биринчи тавсия – Ўзингиз учун бирор касб изланг!
Айрим “бойвачча” оталар фарзандларини касб-ҳунарга қизиқтирмай, “фарзандим меҳнатга муҳтож эмас, у фақат ўқиши, ўрганиши лозим”, деган фикр билан тарбиялайдилар. Натижада фарзанд кўп ҳолларда вақтни зое қиладиган, меҳнатни хушламайдиган дангаса бўлиб ўсади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар доим саҳобаларни бошқаларга муҳтож бўлишдан сақланишга чорлардилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч вақоси қолмаган бир саҳобага ҳам тиланчилик қилишга рухсат бермасдан, болта сотиб олиб, ўтинчилик билан шуғулланишга амр қилганлар.
Маълумки, ўқувчилар бир йилда ўртача 9-10 ой таълим олишади. Лекин, орадаги таътиллар ва дам олиш кунларини ҳисобга оладиган бўлсак, ўқиш кунлари ўртача 7-8 ойларга тўғри келади. Бу 7-8 ой ҳам кунига 6-7 соатгина дарс ўтилишини инобатга оладиган бўлсак, ўқувчилар тўлиқ бир йил эмас, унинг учдан бир қисмида таълим олишар экан. Шундай экан, ўқувчилар қолган бўш вақтларида спорт ёки касб-ҳунарга оид бирор тўгаракка қатнашишлари ва вақтдан унумли фойдаланиб, бирор касб-ҳунарнинг бошидан тутишлари мақсадга мувофиқ бўлади.
Иккинчи тавсия – Касб-кор билан шуғулланиш жараёнида ниятни тўғри қилинг!
Киши қандай иш билан шуғулланмасин, қилаётган ишида аввало Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаши лозим бўлади. Шундагина у ўз ишини меҳр билан қилади ва унинг меҳнатидан инсонларга манфаат етади.
Бироқ, инсон ўз ишини Роббисининг розилигини кўзламай, фақат пул топиш дардида қиладиган бўлса, инсонлардан холи бўлган вақтида ишининг сифатига эътибор бермайди. Натижада у тайёрлаган маҳсулотлардан инсонларга зарар етади. Ўзингиз ўйлаб кўринг: Аллоҳ таолонинг розилигини истаб ўз ишига ёндашган савдогар қандай қилиб яроқлилик муддати тугаган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш билан шуғулланиши мумкин?!
Қайси бир виждонли шифокор зарурат бўлмаса ҳам, пул илинжида беморни жарроҳлик столига ётқизиши мумкин?!
Аксинча, мусулмон киши ҳалол ризқ топиш учун ихлос билан меҳнат қилар экан, Аллоҳ таоло унинг касб-корига барака беради.
Учинчи тавсия – Сабр қилинг, бетоқат ва чидамсиз бўлманг!
Ҳеч ким улкан ютуқларга оз фурсатда эриша олмайди, балки бунинг учун меҳнат, машаққат ва албатта, сабр лозим бўлади. Киши бир ютуққа эришгунигача ўнлаб, балки юзлаб маротаба муваффақиятсизликка учраши мумкин. Лекин инсон сабр билан ҳаракат қилишда давом этиши керак. Чунки, одатда, бу муваффақиятсизликлар Аллоҳ таоло унинг сабрини синаш учун юборган бир синовдир.
Айтишларича, буғ кемасининг ихтирочиси Роберт Фултон уни ясаш жараёнида бир неча марта омадсизликка учраган экан. Ҳаракатлари чиппакка чиқаверганини кўрганлар уни масхаралай бошлабдилар. Ҳатто унинг кемасига “Фултоннинг аҳмоқлиги”, деб ном беришибди. Лекин у сабр ва бардавомликда ҳаракат қилавергач, ниҳоят муваффақиятга эришган экан.
Автомобил шиналарининг энг машҳур маркаларидан бири “Goodyear” бўлиб, ушбу ном тобланган каучук (резина) ихтирочиси Чарлс Гудерга тегишлидир. Унинг ҳаёти эластик каучук ихтиро қилиш орзусини амалга ошириш жараёнида омадсизликларга тўлиб кетган. Лекин у сабр қилиб, энг яхши каучукни ихтиро қилишга интилишдан тўхтамабди. Гудер бир қанча вақт оиласига озиқ-овқат ва яхши турар жой ҳам таъминлаб бера олмабди. Аммо у умидсизликка тушмай, сабр-тоқат билан ишлайверибди. Ниҳоят, бугунги кунда бутун дунё автомобиллар шинаси учун фойдаланадиган чидамли ва сифатли каучук тайёрлаш орзусига муваффақ бўлган экан. Ҳа, амал ва улкан натижалар улкан сабрни талаб қилади!
Барчамизга маълумки, ислом таълимотидан узоқ бўлган ҳаёт ёшларни тез ғазабланишга, қийинчиликда тез ноумид бўлишга, ютуқ ва натижалар кечикиб, машаққатнинг меваларини териш вақти секинлашганида ҳаётдан нолишга ўргатади. Шу боис баъзи ёшлар илм, амал ва ибодатга ҳам сабрсизлик қиладилар. Аксар ёшлар бир-икки йилда “миллионер” бўлиб кетишга, ўрта мансаблилар бир-икки ойда “директор” лавозимига кўтарилишга, бир-икки савдо айланиши билан улкан “банкротлар”ни қоплаб олишга интилаётганини кўриш мумкин.
Тўртинчи тавсия – Меҳнатинг жараёнида ҳаром ҳамда шубҳали ишлардан эҳтиёт бўлинг!
Бошқаларга зарар етказиш ёки улар орасида ўзаро низолашишга олиб борадиган ҳар қандай амал Аллоҳ таоло томонидан ҳаром қилинган. Масалан, маънавий тубан ҳамда бузуқ филмлар сотиш, интернетга авратлари беркитилмаган аёлларнинг суратларини жойлаш каби ишлар ҳаромдир. Чунки бунда умматнинг ахлоқига путур етказиш мавжуд.
Рибо (судхўрлик)дан бўлган фойдалар ҳаромдир. Сабаби, бу ишда умматнинг иқтисодига зарар етказиш бор.
Порахўрлик қилиш ҳам маъмурий низомни бузгани боис ҳаромдир. Озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини сунъий тарзда ошириш, фирибгарлик, қимор каби ишлар инсонлар орасида адоват ва нафратни пайдо қилгани учун ҳаром ҳисобланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:“Эй инсонлар! Ҳеч бир жон ўз ризқини, гарчи кечикиб келса ҳам, тўла-тўкис олмагунича ўлмайди. Шундай экан, Аллоҳга тақво қилинглар, ризқни чиройли тарзда талаб қилинглар, ҳалол бўлганини олинглар, ҳаром бўлганини тарк қилинглар” (Ибн Можа ривояти).
Бешинчи тавсия – Ўз ишингизни пухта бажаринг!
Инсон ўз ишини пухта қилиши улуғ фазилат экани борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:“Албатта, Аллоҳ сизлардан бирор амал қилганида уни мукаммал адо этадиган кишиларни яхши кўради” (Бухорий ривояти).
Ҳа, ишдан ишнинг фарқи бор. Қўли гул дурадгор билан ёмон дурадгорнинг ўртасини ажратувчи фарқ ҳам, моҳир табиб билан уқувсиз табибнинг ўртасини ажратувчи фарқ ҳам, пешқадам халқ билан ортда қолган халқнинг ўртасини ажратувчи фарқ ҳам ишни пухта бажаришдадир.
Олтинчи тавсия – Ишингизга эрта тонгдан киришинг!
“Сахр Ғомидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳ! Умматимнинг саҳарларини баракали қилгин”, деб дуо қилдилар” (Термизий ривояти).
Сахр розияллоҳу анҳунинг ўзлари тижоратчи бўлганлар. У киши узоқ жойга тижорат моли юборадиган бўлсалар, куннинг аввалида юборардилар. Шу сабаб моллари кўпайиб, бадавлат бўлганлар.
Еттинчи тавсия – Агар жамоавий бажариладиган ишларни танлаш имконингиз бўлса, шундай касбларни танланг.
Маълумки, бугунги кунда бутун дунё оммавий меҳнат йўлини танламоқда. Илмий, иқтисодий, сиёсий ва бизнесга оид бир кишилик касблар йўқолиб кетмоқда. Демак, ҳар ким жамоавий меҳнатга интилиши лозим экан. Чунки, кўпчилик бир кишидан кучлидир. Барака ҳам жамоат биландир.
Хулоса шуки, ёшлар лоқайдлик, ёшликни бефойда ишларга сарфлаш каби иллатлардан сақланишлари лозим. Аксинча, ҳамиша бор куч-ғайратларини фойдали илм ва касб-ҳунар ўрганишга сафарбар этсалар, бу ишлари шариат кўрсатмасига мувофиқ бўлади.
Муҳаммад Хойр Шаъолнинг “Ёшлар масалалари” номли мақолалар
туркуми асосида Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Баратов Ғиёсиддин ва 3-курс талабалари томонидан тайёрланди.






